Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Остон Ўрунов «Навбаҳор»га қайтадими? Бабаян жавоб берди

Баҳо:
+ | -

Суперлига 11-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Локомотив” (2:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида “лочинлар” бош мураббийи Самвел Бабаян қуйидагича фикр билдирди.

— Бугун муросасиз ўйин гувоҳига айландик, ўзига хос тактик кураш ҳам кечди. Биринчи навбатда, мухлисларимизни табриклайман! Бундай қўллаб-қувватлаш билан улар ғалабага лойиқ эдилар. Ўйиннинг бориши ҳақида тўхталадиган бўлсам, стадионда кузатганлар ҳам, телевизор орқали томоша қилганлар ҳам ўйиндан роҳат олишди. Аввалги учрашувларда Наманганга ташриф буюриб, асосан симуляция билан шуғулланган айрим жамоалардан фарқли равишда, “Локомотив” бугун футбол ўйнаш учун йиғилганини кўрсатди ва баъзиларга намуна бўлди. Уйда тўп тепишнинг қийинлиги нимада? Биринчи турдан кўрдикки, бу ердаги учрашувлар пайти атайин вақт чўзишлар кўп кузатилди. Рақиб футбол ўйнаш учун келса, бу билан бизга ҳам завқ бағишлайди. “Локомотив” биринчи бўлимда тўп билан ва тўпсиз ҳаракатларда бизга муаммо туғдирди, танаффусда вазиятни ўргандик, прессингда яхши ҳаракатлана олмаганимизни тушундик. Жамоамиз ғалаба қозонди, йигитларга ўйинни ўнглай олишгани учун раҳмат! Олдинга интилишда, футболчиларимизни кейинга ўйинларга тайёрлашда давом этамиз. Чемпионатимиз жуда қизиқарли кечмоқда, — деди Самвел Бабаян.

— Дастлабки бўлимнинг 35 дақиқасигача “Навбаҳор” футболчилари нисбатан пассив кўринишди. Бу ўзига хос тактикамиди ёки воқеалар ривожи шуни тақозо этдими?
— Умуман, уйдаги ўйинларимизнинг боришидан келиб чиқиб, атайин шундай йўл тутишга қарор қилдик. Бўш ҳудудлар бўйлаб ҳаракатланишга интилдик. Афсуски, рақибга тўпни топширган пайтимиз, прессингда йиғинчоқлик билан ҳаракатлана олмадик. Нисбатан қуйироқдан ҳимояланганимиз сабаби ҳам шу. Ўша вазиятларни танаффус пайти тўғрилашни уддаладик. Кўрган бўлсангиз, иккинчи бўлимда ҳам рақиб ўйинни ташлаб қўймади, тўпни эгаллашга интилди, аммо биз нисбатан сифатлироқ прессингни амалга оширдик. Натижада, вазиятлар яратдик, контрпрессинг ҳам бўлди, рақиб ярим майдонида позицион ҳужумлар уюштирдик. Бу ўйин учун тузган режаларимиздан бири эди. Қисқаси, биринчи бўлимда рақибга тўпни атайин топширганимиз – факт!

— Давралар оралиғида қайси чизиқларни кучайтиришни режалаштиряпсиз?
— Ҳозир турли вариантларни кўриб чиқяпмиз. Наманганга келганимдан буён селекция ишларини тўхтатмаяпмиз, бу жараён йил бўйи давом этади. Айрим позицияларда рақобатбардошликни оширмоқчимиз. Ёзги трансферлар ойнасида бунга вақтимиз бўлади, кўрамиз, таҳлил қиламиз, янги футболчиларга эҳтиёж қандайлигини кўриб чиқамиз. Вилоят ҳокими билан маслаҳатлашган ҳолда, бир йиллик жамоа эмас, кўп йиллар давомида барқарор ва муносиб ўйин кўрсатадиган жамоа шакллантиришни ўз олдимизга вазифа сифатида қўйганмиз. “Навбаҳор” бренди, уни қайта жонлантириш ҳақида гапирдик, бу шунчаки гаплигича қолиб кетмайди. Селекция ишлари давом этмоқда, қолаверса, кўплаб иқтидорли ёш футболчиларимиз бор. Уларни майдонга тушира олмаётганимизга сабаб, чемпионатдаги ҳар бир ўйин кескин руҳда кечмоқда. Аста-секин ёшларни ҳам асосий таркибга киритиб борамиз.

— Ёшлар жамоаларидаги футболчиларнинг ҳам ўйинларини кузатиб боряпсизми?
— Албатта, кеча U-19 жамоамиз ўйин ўтказди. Озгина вақтим бор эди, бориб, биринчи бўлимни кузатдим. Яхши футболчилар бор. Ёзги танаффус пайтида Наманган вилояти футбол ассоциацияси раҳбарияти билан ҳамкорликда махсус тадбир уюштириш режалаштирилган, бунақаси Ўзбекистонда илк бор бўлади. Кейинроқ бу ҳақда албатта эшитасизлар. Иқтидорларимиз жуда кўп, уларнинг истеъдодларин рўёбга чиқаришимиз керак. Наманганлик кўплаб юқори салоҳиятли ёшлар бугунги кунда бошқа клубларда тўп тепишмоқда, уларнинг кўпчилиги терма жамоа даражасидаги футболчилар. 21 июнгача танаффус бўлади, шу вақт ичида вилоят ҳокими бошчилигида махсус тадбирлар ўтказамиз. Иқтидорли футболчилар кўп, шароитлар етарли, лицей ва академиялар давлат томонидан молиялаштирилмоқда. Фақат ўша истеъдодларни танлаб олиб, селекция ишларини маромига келтиришимиз лозим бўлади. Шунда бошқа ҳудудлардан футболчилар таклиф этишимизга эҳтиёж қолмайди.

— Остон Ўрунов “Навбаҳор”га қайтиши мумкинми?
— Ўрунов бугунги кунда Россия чемпионатида ўйнаяпти. Ушбу масала “Навбаҳор” клуби раҳбарияти томонидан муҳокама қилинмаган. Ушбу гаплар шунчаки, миш-миш, холос.

— Мен футбол соҳасида мутахассис эмас, журналистман. Лекин менимча, Зоран Марушич Суперлига даражасига тортмаётгандек. Унинг ўйинидан қониқиш ҳосил қиляпсизми?
— Мутахассис эмас, журналистман, деганингиз яхши бўлди. Аслида, Марушич катта истеъдод соҳиби. Ҳа, ҳозирча унда реализация масаласида айрим муаммолар бор. Бироқ у бор эътиборини ҳужумга қаратишдан ташқари, прессинглар пайтида ҳам катта ҳажмдаги ишни бажармоқда. Бу нарса сизга кўринмайди, биз – мутахассислар эса буни кўрамиз. У ўз ишини сидқидилдан, астойдил бажармоқда. Биринчи бўлимдан кейинги танаффусда унинг жамоамиз прессинг қўллаган пайт айрим вазиятларда тўпга охиригача югурмагани ҳақида гаплашдик. Иккинчи бўлимда эса у рақиб ҳимоячилари тўпни эгаллаган пайтда уларга муаммо туғдирди. Зоран – маҳоратли, яхши йигит. Ўйлайманки, ҳали у нималарга қодирлигини кўрсатади, мухлислар унинг асл кучини кўришади. У ҳозирча 100 фоиз ўз салоҳиятини намоён этиб улгурмади. Унинг ҳужумда яккалигига келсак, бу жамоамизнинг ҳужумкор ўйин кўрсатмаётганини англатмайди. Бизда ҳимоячилар ҳам олдинги чизиқ вакилларига ёрдамлашишади. Марушич ҳали ўз сўзини айтади.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Манба: www.pfcnavbahor.uz
Киритилди: 23:22, 27.05.2022.
Ўқилди: 4371 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.