"Бавария" бу мавсумни ички чемпионатда кўнгилдагидек ўтказа олди. Аммо жамоа учун евромайдондаги юришлар осон кечмади. Юлиен Нагельсман бошчилигидаги клуб, ЕЧЛ турнирида гуруҳдан қийналмай чиқиб олди. Аммо плей-офф баҳсларининг чорак финалида сенсацион равишда "Вильярреал"га имкониятни бой бериб қўйди. Қуйида "Бавария"нинг мавсум давомидаги энг яхши вакиллари қайд этилган.
Мавсум ўйинчиси – Роберт Левандовски
Зерикарли эшитилсада, Роберт яна бир бор жамоанинг энг яхши футболчиси деб топилди. Чунки у бу номга мутлақо лойиқдир. Биргина Бундеслиганинг ўзида 35 та гол уриш, ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Барча мусобақаларда эса польшаликнинг голлари сони 50 тага етди. Бироқ, шундай сермаҳсулликка қарамасдан, Левандовски "Бавария"ни тарк этмоқчи. Кўрамиз, унинг янги манзили қаер бўларкин...
Мавсум голи – Серж Гнабри ("BVB"га қарши)
Гнабри апрель ойида ўтказилган мавсумнинг учинчи "Der Klassiker"ида ажойиб ҳаракатлари билан ёдда қолганди. Немис ҳужумчиси ашаддий рақибга қарши фантастик голга муаллифлик қилади. Ўйин бошланганидан чорак соат ўтиб, Горецка бош билан узатма ижро этади. Тўпни тўхтатмай тепган Гнабри, рақиб дарвозабонини доғда қолдирганди.
Мавсум ўйини – "Байер 04"га қарши
"Барселона" ЕЧЛнинг икки даврасида ҳам 3-0 ҳисобида мағлуб этилгани бор гап. Аммо ундан ҳам яхшироқ баҳс октябрь ойида, "Байер 04" майдонида бўлиб ўтади. Тўғри, мезбонлар мавсумни учинчи ўринда якунлади. Бироқ, "Бавария"га қарши баҳсда футболчилар ёш болалар каби ҳаракат қилганди. Балки, мюнхенликларнинг фантастик ҳаракатлари фонида шундай кўрингандир. Ҳархолда, баҳс 1-5 ҳисобида меҳмонлар фойдасига ҳал бўлган.
Мавсум трансфери – Дайо Упамекано
Упамекано бу мавсумда ўзини нималарга қодир эканини кўрсата олди. Айниқса, ҳимоячи бўла туриб, ўзида тўпни сақлаб туриши, таҳсинга сазовар. 22 ёшли футболчи янги жамоасида ўсишга эришди. Ҳадемай, Нагельсман ҳимоя чизиғини бутунлигича Упамекано назоратига берса, ажаб эмас.
Энг яхши ўсишга эришган футболчи – Жамал Мусиала
Аслини олганда ҳеч бир футболчи бу аспектда энг зўр деб айта олмаймиз. Бироқ, ёш Мусиала вақт ўтгани сайин кучайиб бормоқда. Германия терма жамоаси аъзоси позициялар борасида устунликларга эга. Негаки, унда бир нечта ўринларда ўйнаш имкони мавжуд. Шунингдек, Жамолнинг ассистлар сони ҳам сезиларли даражада ўсган. Ўйлаймизки, у 2022-23 йилги даврда ҳам порлашда давом этади.
ИСМАТОВ Ж.