Кириш Регистрация
07/10 00:00 Реал Сосьедад 1-1 Атлетико

АПЛ. Кучли олтиликнинг «кучли олтилиги». Улар бу номга қанчалик муносиб эди?

Баҳо:
+ | -

Яна бир Премьер-лига мавсуми ортда қолди. 2021-22 йилги даврда кутганимиздан ҳам кўп нарсалар юз берди. Мавсум сўнгида тақдирлаш маросимлари ўтказилди ва ҳамма ўзининг хизматларига яраша насибасини олди. Англиянинг кучли олтита жамоаси ҳам мавсум футболчиси номига сазовар бўлган ўйинчиларни маълум қилди. Қуйида эса айнан мана шу мавзуда гап боради. Хўш, олтита клубнинг энг яхши футболчиси кимлар бўлди ва улар бу номга қанчалик лойиқ?

Кевин Де Брюйне – «Манчестер Сити»

Келинг, аввало энг катта ва чемпион жамоадан бошласак. Ҳа, Кевиннинг энг яхши футболчи бўлишини тахмин қилиш мумкин эди. У мавсумда ўз жамоасини олтинчи АПЛ титулига эриштира олди. Бельгиялик барча мусобақаларда 19 та гол ҳамда 13 та ассистга муаллифлик қилди. Унга овоз берганлар, футболчининг қанчалик муҳим голлар урганини ҳам ҳисобга олган. Ҳақиқатдан ҳам у «Ливерпуль», «Челси» ҳамда «МЮ» билан ўйинларда таблога ўз исмини ёздириб қўя олганди. Айнан мана шу омил сабабли ҳам Б.Силва, Махрез ёки Канселу эмас, балки Де Брюйне танланган.

Муҳаммад Салоҳ – «Ливерпуль»

Бу ерда ҳам ортиқча ўйланишга ҳожат йўқ. Негаки, Салоҳ АПЛ мавсумининг тўпурарлар ҳамда ассистенлар рўйхатида етакчи эди. Миср терма жамоаси аъзоси мавсум ўйинчиси бўлиб қолмасдан, бир нечта индивидуал совринларга ҳам эга чиқди. Улар ичида Мавсум Голи, «Футбол Ёзувчилари» ҳамда «Олтин бутса» совринлари мавжуд (Сон билан бирга).

Мейсон Моунт – «Челси»

23 ёшли ярим ҳимоячи мавсум давомида барча турнирларда 16 та ассист ҳамда 13 та голга муаллифлик қилди ва мухлислар томонидан энг яхши дея эътироф этилди. Ундан кейинги ўринни Тиагу Силва эгаллаган эди. Моунт жамоасига УЕФА Суперкубоги, клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати совринини ютишда катта ёрдам берди. Шунингдек, ЕЧЛга йўлланмани қўлга киритишда ҳам.

Сон – «Тоттенхэм»

«Шпорлар» таркибидаги яна бир йил кореялик учун ажойиб ўтди. У сўнгги 4 йилда учинчи марта энг яхши футболчи сифатида эътироф этилмоқда. Шунга қарамай, йил футболчиси соврини учун Соннинг номзоди қабул қилинмади. Бу эса клуб мухлисларига оғир таъсир қилади. Бу борада иккинчи ўринни Стивен Бэргвейн эгаллаган.

Букайо Сака – «Арсенал»

«Тўпчилар» ўзлари учун мавсум футболчиси номига эгалик қиладиган ўйинчини белгилашда анча қийналди. Бунга қарийб, 1 ҳафтадан ортиқ вақт керак бўлди. Охирида Сака бунга эга чиқди. 20 ёшли ҳужумчи 11 та гол ҳамда 7 та ассист билан АПЛни якунлаганди.

Роналду – «МЮ»

Криштиану Роналду ўз фаолиятида «Манчестер Юнайтед» сафида тўртинчи бор мавсум футболчиси номига сазовар бўла олди. Айтиш керакки, айнан мана шу соврин Роналду энг осонлик билан қўлга киритгани эди. Португалиялик барча турнирларда 24 та, АПЛда эса 18 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилган. Улар ичида энг эсда қоларлиси сифатида «Тоттенхэм» ҳамда «Норвич»га қарши хет-триклар ва «Ньюкасл»га урилган дублни кўрсатиш мумкин.

 


ИСМАТОВ Ж.

Манба: planetsport.com
Киритилди: 17:26, 09.06.2022.
Ўқилди: 2081 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.