Бир неча ҳафта олдин "Ливерпуль" ўзига хос ютуқ - бир мавсумда тўртта совринни қўлга киритган клуб номига даъвогарлик қилаётган эди. Бироқ Юрген Клопп шогирдлари буни уддалай олмади – Чемпионлар лигаси финалида “Реал”га мағлуб бўлди, шунингдек, АПЛдаги чемпионлик учун курашда “Манчестер Сити”га имкониятни бой берди.
Энди “Ливерпуль” олдида яна бир муаммо турибди - жамоанинг икки асосий юлдузи ва ҳужумкор ўйинчилари ҳисобланган Муҳаммад Салоҳ ва Садио Манени сақлаб қолиш. Иккаласи ҳам тез орада клубни тарк этиши мумкин. Ҳозир биз сизларага нима учун бу содир бўлаётганини ва "Ливерпуль" ўз етакчиларини сақлаб қолиш учун қандай имкониятларга эга эканлигини ҳақида бироз маълумот берамиз.
Салоҳ кетадими?
Муҳаммаднинг "Ливерпуль" билан шартномаси 2023 йилнинг ёзида тугайди ва ҳозирча томонлар ҳамкорликни узайтириш борасида келишиб олишмаган. Футболчига ҳозирда “Манчестер Сити”, “Челси” ва “Манчестер Юнайтед” каби клублар қизиқиш билдирмоқда. Daily Mirror нашри хабарига кўра, агар мерсисайдликлар рози бўлса, у шартномаси якунланганидан кейин "Барселона" раҳбариятига кўчиб ўтиш учун ваъда берган.
The Athletic нашри хабарига кўра, “қизиллар” ва мисрлик футболчи декабр ойидан бери музокара олиб бормаяпти, чунки ҳужумчи кейинчалик бошқа клубга ўтиши мумкинлигини инкор қилмаган. Нашрнинг ёзишича, клуб яқинда Салоҳга маоши 15 фоизга кўтариладиган янги шартнома таклиф қилган (ҳозирда ҳафтасига 220, қўшимча бонуслар билан ҳисоблаганда 250 минг фунт олади). Бу таклиф футболчига ёқмади - унинг фикрича, бундай сумма дунёнинг энг яхши футболчиларидан бирига тўғри келмайди. Миш-мишларга кўра, Салоҳ ҳафтасига 300 дан 500 минг фунтгача маош олмоқчи.
"Аниғини билмайман. Ўйлайманки, мухлислар нима истаётганимни яхши билишади, лекин шуни айтишим мумкинки, гап пулда эмас. "Ливерпуль" мен учун жуда катта аҳамиятга эга бўлган клуб ҳисобланади. Бу ерда футболдан завқ оламан ва клуб учун боримни беришга тайёрман. Менинг оилам шу ерда” — дейди Муҳаммад.
Май ойида Салоҳ янги шартнома бўйича музокаралар қандай якунланишидан қатъи назар, яна бир мавсумни "Ливерпуль"да ўтказишига ваъда берди. Аммо унинг келажаги ноаниқлигича қолмоқда.
Мане кетадими?
Салоҳдан фарқли ўлароқ, Мане имкон қадар тезроқ "Ливерпуль"ни тарк этишга ҳаракат қилмоқда. The Telegraph нашрининг ёзишича, Садио умуман янги шартнома бўйича музокаралар олиб бормаяпти ва жамоани тарк этишини клуб раҳбариятига очиқ айтган. Катта эҳтимол билан сенегаллик футболчи фаолиятини "Бавария"да давом эттиради. Сабаби, мюнхенликлар анчадан бери Садио борасида “қизиллар” билан музокара олиб бормоқда. Sport1.de нашри хабарига кўра, немис клуби Манега "Ливерпуль"га қараганда кўпроқ, солиқларни ҳисобга олмаганда 20 миллион евро маош тўлашга тайёр.
Маненинг ўзи ҳам кетишга бир неча бор шама қилди. Яқинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида унга шундай савол берилди:
“Онлайн овоз бериш натижаларига кўра, сенегалликларнинг 70 фоизи сизнинг "Ливерпуль"дан кетишини хоҳлаётганига қандай муносабат билдирасиз?”.
“Мен улар хоҳлаган нарсани қиламан. Тез орада ҳаммасига тўлиқ жавоб берилади”, - дейди Мане.
Маълум бўлишича, Манени журналистлар нотўғри тушунишган. Кейинчалик, Садио бу саволга ҳазил билан жавоб берганини ва "Ливерпуль"ни жуда ҳурмат қилишини айтди. Бироқ унинг яқин орада кетиши ҳақидаги миш-мишлар тўхтагани йўқ.
Сўнгги йилларда "Ливерпуль" доимий равишда Такуми Минамино, Диого Жота ва Луис Диаснинг трансферлари ҳисобига ҳужум чизиғини кучайтириб борди. Аммо клуб тез орада трансфер бозоридан камида яна битта қанот ҳужумчиси излашига тўғри келиши эҳтимол катта.
Ҳа, дўстлар! Мане - Фирмино - Салоҳнинг афсонавий триоси аста-секин тарихга айланиб бормоқда.