Ёзги трансфер ойнаси бошланишига ҳам оз фурсат қолмоқда(1 июль). Аммо Англия Премьер лигасига 10 июнь куни янги харидларни амалга ошириш учун рухсат берилган. Бироқ, трансфер ойнаси расман очилмаган бўлса-да, баъзи футболчилар ўзининг севимли клубини эркин агент мақомида тарк этишини расман эълон қилиб бўлди. Бу рўйхатдан жамоаси билан шартнома борасида келиша олмаган бир қанча топ футболчиларнинг ҳам борлиги ачинарли ҳолат. Шу сабаб бугун биз ёзда клубини текинга тарк этадиган 5 нафар топ футболчи ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.
5. Иско
Испаниялик ярим ҳимоячи Иско "Реал" сафида узоқ муддатдан бери ўйнаб келади. Аммо бу мавсум у клубни расман тарк этишини маълум қилди. Унинг “қаймоқранглилар” билан шартномаси 30 июнь куни якунига етади. 30 ёшли футболчи клуб шарафини 9 йил давомида ҳимоя қилиб келди. У "Реал Мадрид" билан жами 17 та совринни қўлга киритган, жумладан, 5 та Чемпионлар Лигаси кубогини алоҳида айтиб ўтиш керак. Иско "қироллик клуби" сафида Ла Лига доирасидаги 246 та ўйинда майдонга тушиб, 37 та голни ўз ҳисобига ёздириб қўйган.
Испаниялик футболчи Европанинг энг яхши ижодкор ярим ҳимоячиларидан бири саналади. ОАВ хабарига кўра, унга ҳозирда Ла Лига клубларидан бир нечта фойдали таклифлар бор. Қолаверса, Жозе Моуриньо бошчилигидаги “Рома” ҳам Испания терма жамоаси футболчисини ўз сафига қўшиб олишни истамоқда.
4. Давид Оспина
Ўтган мавсумда Оспина “Наполи” сафида 13 та “қуруқ” ўйин ўтказди. 33 ёшли дарвозабон Европада ўзининг ажойиб ўйини билан кўплаб футбол мухлисларининг кўнглидан жой олган. Колумбиялик кипер фаолияти давомида нафақат "Наполи", балки "Ницца" ва "Арсенал"да ҳам зўр мавсумларни ўтказган. Агар кимдир жамоаси учун иккинчи рақамли посбон қидирса, Оспина - мукаммал вариант. Ҳозирча Давид учун талабгор клублар номи ошкор қилинмаган. Унинг Италия клуби билан шартномаси шу ой якунига етишини ҳисобга олсак, колумбияликни исталган клуб ўз сафига қўшиб олишни истаса керак.
3. Усмон Дембеле
Ёзнинг энг шов-шувли достонларидан бири Дембеле бўлиб, бу ҳикоя қишда "Барса" франциялик вингерни сотишга уринган пайтда бошланган. Хави футболчини ўз таркибида сақлаб қолмоқчи эканлигини билдирган, аммо ҳозирча раҳбарият франциялик форвард билан келишувга эриша олмади. Усмон ўтган мавсум Ла Лига доирасидаги ўйинларда 13 та голли узатмани амалга оширди. Футболчи клубда қолишга қарши эмас, аммо раҳбарият унинг барча молиявий талабларини қондиришга тайёр эмаслигини билдирган. Тез орада Усмонни Лондонда кўришимиз мумкин. Чунки, “Челси” раҳбарияти ўзгарганидан кейин улар яхши харидларни амалга оширишга тайёрланмоқда. Шунингдек, Франция терма жамоаси футболчисига “ПСЖ” ҳам таклиф тайёрлаётгани ҳақида хабарлар мавжуд.
2. Луис Суарес
Уругвайлик ҳужумчи ўзига яна янги жамоа қидирмоқда. Суареснинг "Атлетико" билан шартномаси 2022 йилнинг 30 июнида якунига етади. Луис фаолияти давомида 500 дан ортиқ гол урган кам сонли футболчилардан бири ҳисобланади. 35 ёшли форвардни ҳақли равишда тарихдаги энг яхши ҳужумчилардан бири деб атасак бўлади.
Луис "Барселона"га қайтишни истаяпти, лекин Хави унинг хизматларига эҳтиёж сезмаганлигини билдирди. Шунингдек, футболчига МЛСдан ва Европанинг бир қанча ўртамиёна клубларидан таклиф борлиги ҳақида хабарлар бор. Суарес қишда Қатарда бўладиган Мундиалга оптимал формада боришни истамоқда. Шунинг учун у тезроқ ўзига янги жамоа топиши талаб этилади. Демак, биз яқин орада уругвайликнинг навбатдаги клуби номини билиб оламиз.
1. Гарет Бэйл
Бир пайтлар дунёнинг энг қиммат футболчиси бўлган Бэйл "Реал Мадрид" сафида 106 та гол урган. У фаолияти давомида жами 221 та голни ўз ҳисобига ёздириб қўйганини ҳам айтиб ўтишимиз керак.
Бэйлнинг Мадрид гранди билан даҳшатли шартномаси бор бўлса-да, у ўтган мавсумлар давомида футболдан четда қолди. Гарет мавсум охирида фаолиятини якунлаши эҳтимоли ҳам мавжуд эди. Аммо Уэльс терма жамоаси жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганини ҳисобга олсак, бунинг амалга ошиши бироз кечикади. Чунки, Бэйл Қатарга бормоқчи. Шу сабаб у тезда ўзига янги клуб топиши керак.
Жаҳон чемпионатига чиқишдан олдин уэльслик футболчи Шимолий Америка клубига ўтиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди, аммо кейин “Хетафе” номзоди пайдо бўлди. Кузатамиз, футболчи қайси жамоа билан шартнома имзолар экан.