Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Вадим Абрамов: Саралашни яхши кайфиятда бошламоқчимиз

Баҳо:
+1 | -

Мана орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, юртимизга яна мундиал ҳавоси кириб келди. Якшанба куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси узоқ ва машаққатли сафар сари йўлга тушади. 2014 йилда Бразилияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати учун ўтказилаётган саралаш баҳсларининг ҳал қилувчи босқичи арафасида турибмиз. Бу баҳслар терма жамоамиз учун осон бўлмаслиги муқаррар. Айниқса Эронга қарши кечадиган илк учрашув Вадим Абрамов шогирдлари учун ҳақиқий синов вазифасини ўтаб бериши лозим. Сабаби, ушбу учрашувда асосий таркибнинг қатор футболчилари майдонга туша олмайди: Сервер Жепаров, Санжар Турсунов, Шавкат Муллажонов, Ислом Тўхтахўжаев ва Вагиз Галиулинлар дисквалификация туфайли Эронга қарши бўладиган учрашувни ўтказиб юборишга мажбурлар. Шу муносабат билан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов билан суҳбатда бўлдик. Тажрибали мураббий суҳбат давомида Эрон терма жамоасига қарши кечадиган баҳс ҳақидаги фикрларини билдирар экан, саралаш босқичини яхши кайфиятда босиб ўтишдан умидвор эканини айтиб ўтди.

- Вадим Карленович, энг аввало Эрон терма жамоасига қарши кечадиган баҳс борасидаги фикрларингизни билдириб ўтсангиз.

- Эрон терма жамоасининг қай даражада кучга эга экани ҳеч кимга сир эмас, шундай экан бу ҳақида яна гапириб ўтириш ниятим йўқ. Аммо жаҳон чемпионатига чиқиш учун интилар эканмиз, бу учрашувда ғалаба қозонишимиз шарт деб ўйлайман. Биз учинчи июнь санасида саралаш босқичидаги энг асосий рақибларимиздан бирига қарши майдонга тушамиз. Имкон қадар бу учрашувда ғалаба қозониб, мундиал йўлидаги ҳал қилувчи босқични яхши кайфиятда бошлашга умидворман. Айтадилар-ку, бирор ишни қандай кайфиятда бошласанг, шундай кайфиятда якунлайсан, деб. Биз ҳам саралаш баҳсларини яхши кайфиятда бошлаб, яна шундай ҳолатда якунлаш ниятидамиз.

- Рақиб жамоа таркибида бир қатор кучли футболчилар бор. Масалан Испания чемпионатида тўп сурадиган Жавод Некунам, Маъсуд Шожаий каби тажрибали ўйинчиларни кўрсатишимиз мумкин. Шундай жамоага қарши кечадиган учрашувда ҳам ҳужумкор ўйин услубингизни сақлаб қолишни режалаштиряпсизми?

- Ҳа, албатта. Нима бўлган тақдирда ҳам ўз ўйин услубимизга содиқ қолишга ҳаракат қиламиз. Аммо бир гапни ҳар доим такрорлаб келганман, ҳар қандай жамоа ҳам рақиб имкон бергани қадар ўйин намойиш эта олади. Тўғри таъкидладингиз, Эрон жуда кучли жамоа. Безижга бу жамоани гуруҳдаги энг асосий рақибимиз деб атамадим. Шундай бўлса-да, рақибдан чўчиш ниятимиз йўқ, иложи борича ўз ўйинимизни кўрсатамиз. Бунинг учун бизда имконият етарлича деб ўйлайман.

- Айни вақтда таркибда бир қатор муаммолар бор. Асосий таркибдаги бешта футболчини дисквалификация туфайли майдонга туша олмаслиги аввалдан маълум. Бундан ташқари яна Азиз Ҳайдаров, Максим Шацких ва Баходир Насимовларда ҳам жароҳат бор.

- Жароҳат олган футболчиларнинг майдонга тушиши борасида ҳозирдан бир нарса дейиш қийин. Масалан Азиз Ҳайдаров гарчанд жароҳат олиб, жарроҳлар ёрдамига мурожаат қилиши талаб қилинган бўлса-да, терма жамоа манфаати йўлида бундан воз кечишга қарор қилди. У Эронга қарши майдонга тушиш учун тайёр бўлиб турибди. Баходир Насимовнинг майдонга туша олмаслиги деярли аниқ бўлиб қолган. Шунингдек Максим Шацких ҳам оғир касалликдан сўнг энди оёққа турди. У ҳам узоқ вақт давомида даволанишга мажбур бўлди. Одатда бундай касалликдан сўнг дарҳол майдонга тушиб ўйнаб кетиш осон эмас. Ахир футбол ўйнаш - оркестрда куй чалиш дегани эмас-ку, тўғрими? Бунинг учун энг аввало яхшилаб даволаниб олиш лозим бўлади.  Шунинг учун қолган футболчиларнинг ёрдамига мурожаат қилиб туришга тўғри келади.

- Бу футболчилар билан Эрондек жиддий жамоага қарши муваффақиятли тўп суриш мумкинлигига ишонасизми?

- Албатта ишонаман. Юртимизда иқтидорли футболчилар етарлича ва улардан тўғри фойдаланилган тақдирда, яхши натижага эришиш мумкинлигини Японияга қарши кечган учрашув тимсолида кўрсатиб бера олганмиз. Албатта бу сафарги ўйин аввалгисидан тубдан фарқ қилади. Аммо имкон қадар муваффақият қозонишга ҳаракат қиламиз. Қўл остимдаги футболчилар билан ҳам керакли натижа қайд эта олишимизга ишонаман.

- Охирги вақтларда марказий ҳимояда асосан Ислом Тўхтахўжаев билан Шавкат Муллажоновлар ўйнаб келаётган эдилар. Келгуси учрашувда уларнинг ҳар иккиси ҳам майдонга туша олмайди. Шу муносабат билан ҳимояда яна Одил Аҳмедовни кўришимиз мумкинми?

- Буни йиғин давомида аниқлаб оламиз. Терма жамоанинг кенгайтирилган таркибига бир қатор футболчиларни жалб қилганмиз. Улар орасида ҳимоячилар ҳам бор. Биз уларнинг барчасини кўзда кечиришни ният қилганмиз. Машғулотлар давомида турлича ўйин услубларини қўллаб кўрамиз, футболчиларнинг жойларини алмаштирамиз. Шундан сўнг бир қарорга келамиз. Одил Аҳмедов жуда иқтидорли футболчи, у бир нечта чизиқда бемалол бирдек ўйнаб кетиши мумкин. Биз имкон қадар унинг мана шу қобилиятидан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.

- Жасур Ҳасанов узоқ муддатли танаффусдан сўнг яна терма жамоа таркибига жалб қилинди. Бу футболчи охирги вақтларда бироз ишончни йўқотгандек туюлганди. Келгуси учрашувда уни асосий таркибда кўришимиз мумкинми?

- Ҳозирча бу борада бирор нарса дейишим жуда қийин. Жасур Ҳасановни таркибга жалб қилганмиз, энди у машғулотлар давомида ўзини нималарга қодир эканини кўрсатиб бера олиши лозим. Жасурда иқтидор борлиги аниқ, аммо асосий таркибда майдонга тушиш учун лойиқ эканини энг аввало ўз ўйини ва ҳаракати орқали исботлаб бериши лозим. У ўйнайдиган чизиқда тўп суриш учун бошқа футболчиларни ҳам чақирганмиз. Жасур Ҳасанов йиғин давомида улардан кўра устунроқ эканини исботлаб бера олса, албатта асосий таркибда майдонга тушиши мумкин бўлади.

- Эронга қарши кечган учрашувдан сўнг Ливанга сафар қилишга тўғри келади. Ушбу учрашувда бешта асосий таркиб футболчисининг дисквалификация муддати якунига етади ва майдонга тушиш имкониятига эга бўладилар. Ўша учрашувда нисбатан осонроқ бўлади, деб ўйлайсизми?

- Жаҳон чемпионатининг сўнгги босқичида майдонга тушар эканмиз, осон рақиб бўлмаслигини ўзимизга уқтириб бўлганмиз. Бу босқичда исталган рақиб бизга муаммо туғдириши мумкин. Шу сабабли ҳам, Ливан терма жамоасига қарши кечадиган ўйинга ҳам паст назар билан қараш ниятимиз йўқ. Биз ҳар бир учрашувга жиддий мақсадни кўзлаб майдонга тушамиз. Аммо ҳозирча Ливанга қарши кечадиган ўйин ҳақида гапириш ниятим йўқ, биз энг аввало гуруҳдаги илк учрашувда ўзимиз учун керакли бўлган натижани қўлга киритишга ҳаракат қилмоғимиз шарт.

- Эрон ва Ливан терма жамоаларига қарши кечадиган ўйинлар жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади, деган фикрларга қўшиласизми?

- Албатта бу ўйинларнинг муҳим аҳамият касб этиши муқаррар. Аммо бизни олдинда ҳали яна бошқа жамоалар билан бўладиган учрашувлар ҳам кутиб турибди. Бунинг устига, гуруҳдаги баҳслар икки даврадан иборат бўлади. Шундай экан, турнир жадвалидаги ҳолатни ўзгартириб юбориш учун ҳаммада имконият ва вақт бўлиши аниқ. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам биз бу учрашувларда юқори натижа қайд этиб, саралаш баҳсларини яхши кайфиятда бошлаб олишни истаймиз. Бу ўйинлардаги ғалабалар бизга яхши кайфият тақдим этган бўларди ва кейинги учрашувларда нисбатан осон бўлиши муқаррар.

- Эрон ва Ливанга қарши кечадиган ўйинлар якунига етгандан сўнг, сентябрь ойига қадар саралаш учрашувлари ўтказилмайди. Бу вақт оралиғида бирорта йиғин ташкил қилишни режалаштирмаяпсизми?

- Йўқ, бундай ниятимиз йўқ. Мен терма жамоа бош мураббийиман ва исталган вақтда футболчиларни қўл остимда жамлаш имкониятига эга эмасман. Клублар фақат расмий учрашувларга уч кун вақт қолгандагина футболчиларни терма жамоа ихтиёрига қўйиб юбориш ҳуқуқига эгалар. Шундай экан, бу вақт оралиғида бирорта йиғин ташкил қилишга имкониятимиз йўқ. Аммо ФИФА кунларида ўртоқлик учрашувлари ўтказишни кўзлаб қўйганмиз. Имконият туғилгани ҳамоно, бундай ўйинларни ташкил қилиб, футболчиларни кўздан кечириб олиш ниятимиз бор.

Манба: www.darakchi.uz
Киритилди: 22:55, 01.06.2012.
Ўқилди: 6289 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.