Суперлига иккинчи давраси олдидан «Динамо» жамоаси мухлислар интиқлик билан кутган футболчини клубга қайтарди.
«Динамо» ПФК раҳбарияти сайъ-ҳаракати билан клуб Беларус чемпионати етакчиларидан бири «Энергетик-БГУ» билан ўзбекистонлик яримҳимоячи Шоҳрух Абдураҳмоновни ярим йиллик ижарага олиш борасида келишувга эришди. 23 ёшли футболчи ҳам Самарқандга қайтиб, жонажон жамоасига мавсумнинг иккинчи қисмида ёрдам беришга қарор қилди. Клуб ва Шоҳрух Абдураҳмонов ўртасида мавсум якунига қадар шартнома имзоланди ва у бугун, 29 июль кунидан «Динамо»нинг Тошкентдаги йиғинига қўшилди.
2019 йил «Динамо» сафида 19 ёшида Суперлигада дебют қилган Шоҳрух Абдураҳмонов уч йил давомида жамоамиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 2021 йил клубнинг Про лигадан элитага қайтишига катта ҳисса қўшиб, мавсум якунида мухлислар томонидан «Динамо»нинг 2021 йилги энг яхши ўйинчиси» деб топилганди. Шундан сўнг у легионер бўлишга қарор қилиб, «Энергетик-БГУ» сафига ўтганди.
Маълумот учун, Абдураҳмонов жорий мавсум «Энергетик-БГУ» сафида Беларус чемпионатида барча 13 ўйинда майдонга тушиб, битта гол ва 4та ассистга муаллифлик қилган." - дейилади "Динамо" клуби расмий баёнотида.