Элдорнинг Римдаги саргузаштлари ниҳоясига етгани ойдинлашиб бормоқда. Унга даъвогар клублардан “Болонья” футболчини сотиб олиш шарти билан ижарага олиши мумкин экан. Умуман олганда, барча Элдорнинг “Фелцианлар” сафига қўшилиши аниқлиги ҳақида гапиряпти. Ҳўш, “қизил-кўклар” ўзи қандай жамоа? Элдор бўлажак клуби таркибида ўйин амалиётига эга бўла оладими? Ўзи “Болонья” футболчилари қандай савияда? Қуйида айнан шу ҳақида тўхталамиз.
“Болонья” қандай тактикада ўйнайди?
Петроньяликлар асосан лотерал ҳимоячиларга таянган холатда ўйин қуришади ва чуқур прессингда рақибини қийнашни ёқтиришади. Жамоа 5-4-1 ёки 3-4-2-1 схемасида майдонда жойлашади. Жамоанинг асосий посбони польшалик Лукаш Скорупски ҳисобланади. Одатий марказий ҳимоя чилилик Гари Медел атрофида қурилади. Яни тажрибали футболчи энг марказда ўйнайди. Жамоа тўп билан ҳаракатланганда ҳам Медел майдонда энг ортда жойлашади. Гарининг тажрибаси жамоа мудофаасида муҳим рол ўйнайди. Унинг икки ёнида Адама Сумаро ва Лоренцо де Силвестри ҳаракат қилиши кутилмоқда. Асосан ўша 3 футболчи жамоанинг ҳимоядаги ҳаракатларини белгилаб беради. Олдинги мавсум асосий таркибда ўйнаган Артур Тите эндиликда Франциянинг “Ренн” жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Бу мавсум марказда ўйнаши кутилаётган Лоренцо де Силвестри якунланган мавсумда Тите сабаб қанотда ўйнаган. Бу мавсум агар Артурнинг позициясида ишончли ҳимоячи топилса, Лоренцони яна қанотда кўришимиз мумкин. Шунингдек, бу мавсум жамоанинг асосий қанот ҳимоячиси Хикки ҳам клубни тарк этган. Янги лотераллар етишмаслиги жамоа тактик кўринишини ўзгартириши мумкин. Аммо Синиша Миҳажловичнинг “Болонья”си бошқа услубга тушиб кетиши қийин.
Ярим ҳимоя жамоа устуни
Юқори прессингда ўйнашни хуш кўрувчи жамоанинг ярим ҳимоясига катта юклама тушади ва бундай холатда уларнинг сонини камайтириб бўлмайди. Меҳнаткаш марказий ярим ҳимоячилар ва ҳужумчини қўллаб қувватлаши керак бўлган олдинроқда ўйнайдиган футболчилардан мураббий доимо кўп нарса сўрайди. Марказий ярим ҳимоя “Болонья”да анча яхши ривожланган. Икки меҳнаткаш ва ҳали ёш футболчилар жамоадаги кўп ишни бажаришади. Ўша позицияда тўп сурувчи Николас Домингес жамоанинг алмаштириб бўлмас футболчилари қаторига киради. Шунингдек, Маркус Сванберг ҳам ўтган мавсум ёмон ўйин кўрсатмади. Аммо унинг Германия чемпионатига йўл олиши Синишани бироз қийин аҳволга солиб қўйган бўлиши мумкин. Бундай холатда янги Сванбергга ўхшаш футболчи керак, ёки жамоа сардори Роберто Сориано унинг жойини эгаллайди. Иккинчи вариант биз учун нисбатан яхшироқ. Сабабини эса кейинги бўлимда айтамиз.
Элдор қайси позицияни эгаллаши кутиляпти?
“Болонья”нинг ҳимояси ва ярим ҳимоясини кўриб чиқдик. У ерда энг катта ном Медел бўлиб турипти. Аммо ҳужум чизиғида “Болонья” Шомуродовга қараганда нисбатан машҳурроқ футболчиларга эга. Жамоанинг энг қиммат футболчиси Муса Барров ёлғиз ҳужумчи ортида ўйнайди. Унинг ўтган мавсумдаги шериги Роберто Сориано эди. Жамоа сардорининг марказга кўчиши Элдорга бўш позиция очиб бериши мумкин. Агарда футболчимиз рақобатда Рикардо Орсолинини енга олса, таҳминан шу икки позиция учун камида уч футболчи курашиши кутилмоқда. Элдор ҳам улар орасида бор. Синиша Миҳажлович юртдошимиздан соф ҳужумчи сифатида фойдаланмаслиги мумкин. Агар Элдор Орсолинини рақобатда енгса ҳам майдон бўйлаб кўп югуриши ва прессингларда фаол ўйнаши керак бўлади.
Таъкидлаш жоизки, Рикардо Орсолини тўп билан яхши ўйнайди ва унинг техникаси юқорироқ футболчи. Аммо прессингларда у қадар активлик намойиш этмайди. Барров эса нисбатан даражаси юқори футболчи. Унинг трансфер қиймати ҳам Элдорникидан икки бараварга қимматроқ. Жамоада марказий ҳужум позицияси деярли банд қилинган. Марко Арнаутович клубнинг асосий ҳужумчиси ҳисобланади. Унинг ёшини ҳисобга олганда, икки ортроқдаги футболчига катта юклама берилади. Элдорни “Болонья”да асосий таркибдаги жойи ҳали йўқ. Мураббий эса, рақобатни истамоқда. Агар биз Шомуродов “Болонья” таркибида доимо майдонга тушишини истасак, Элдор кўпроқ меҳнат қилиши керак. Италия А Сериясида бошқача бўлмайди. Демак, Элдор Шомуродов ўзини кўрсатиши керак, бўлмаса уни яна “Рома”даги тақдир кутаётган бўлади.
Миржалол Пардабоев тайёрлади.