Хабарингиз бор, Ўзбекистон футбол ассоциацияси футбол мутахассислари, мураббийлар ҳамда техник директорларни ўқитиш, малакасини ошириш ва уларга халқаро тажрибаларни ўзлаштиришга кўмаклашиш борасида тизимли ишларни йўлга қўйган. Бу борада ўзаро тажриба алмашиш бўйича бир нечта халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келинмоқда.
Мана шу ҳамкорлик доирасида кеча хорватиялик таниқли мутахассис, Жаҳон чемпионати иштирокчиси, фаолиятида давомида кўплаб номдор жамоалар, хусусан, «Монпелье», «Хайдук», «Валядолид», «Наполи» ва «Дерби Каунти» каби жамоаларда тўп сурган собиқ футболчи — Алёша Асанович юртимизга ташриф буюрди.
Ташриф давомида Алёша Асанович Ўзбекистондаги ҳудудий футбол ассоциацияларининг ҳар бир йўналиш бўйича олиб бораётган фаолиятини атрофлича ўрганиш, юртимиздаги мураббийлар иш фаолияти ва тажрибасини таҳлил қилиш ҳамда тажриба алмашиш, техник директорларга қўйиладиган талаб ва тавсиялар бўйича маълумот бериш каби вазифаларни мақсад қилган.
Дастлаб Алёша Асанович Ўзбекистон футбол ассоциациясида бўлди. ЎФА раҳбарияти билан учрашувда Ўзбекистон билан ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар дастури муҳокама қилинди.
Хорватиялик мутахассис Ўзбекистонда 1 ҳафта давомида мамлакатимизнинг бир неча ҳудудларида бўлиб, жойлардаги футбол билан боғлиқ вазиятни ўрганиб чиқиш ҳамда ўз хулоса ва таклифларини тақдим этишни режа қилган.