Журналист Жанлука ди Марционинг хабар беришича, "Милан" ярим ҳимоячиси Тьемуэ Бакайоко шу ёзда клубини ўзгартириши мумкин.
Манба берган хабарга кўра, 28 ёшли франциялик футболчига "Лион" ва "Монца" клублари қизиқиш билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Тьемуэ Бакайоко "Челси"га тегишли бўлиб, у 2017 йилнинг ёзида "Монако"дан кўчиб ўтганди. Бироқ футболчи сўнгги тўрт йилни бошқа клублар таркибида ижара асосида ўтказди. Бу вақт ичида у "Милан"дан ташқари "Монако" ва "Наполи"да ҳам ўйнашга муваффақ бўлди.
Футболчи ўтган мавсумда “россонерилар” сафида 18 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та голли узатмани амалга оширган.
Transfermarkt портали франциялик футболчини 10 миллион еврога баҳоламоқда.