Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Даврон Файзиев: “Йигитларим бугун ҳар қандай жамоага қарши ўйнаш мумкинлигини кўрсатишди”

Баҳо:
+ | -

Суперлиганинг 18-туридан ўрин олган “Қўқон-1912” – АГМК (0:0) учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Даврон Файзиев иштирок этди.

– Нима дейишим мумкин? Ҳозир бирор фикр билдиришим қийин, чунки асабий ҳолатдаман. Ўйин шиддатли, жуда қизиқарли бўлди. Ўйинни голлар безаб бермади. Тан олиш керак, учрашувнинг охирги 10 дақиқасида АГМК жамоаси захира ўйинчиларининг ҳисобига темпни ушлаб туришди. Бизда захира ўриндиғимиз торлиги учун қийинчиликка дуч келдик. Ҳозирги кунда ҳар бир очко бизга олтинга тенг бўляпти. Яратилган вазиятлардан фойдаланиш керак. Мураббий сифатида бор тажрибамни ишга солиб футболчиларга кўрсатма беряпман. Майдонда нимадир етишмаяпти. Бу бизнинг қаторасига еттинчи дуранггимиз бўлди. 7 та дуранг ўйнагандан кўра 4 та ғалаба қозониб, 3 та ютқазиш ёки буни акси бўлса ҳам майли эди, шунда очколаримиз кўпроқ бўлиши мумкин эди. Бу – футбол, унда ҳар хил ҳолатларга тайёр туриш керак. Бугун Йосович билан Тошмирзаев сариқ карточкалари 4 та етгани учун ўйинни ўтказиб юборишди. Таркиб тузишда ёки захирадан футболчиларни чиқаришга қийналдик. Бугун йигитлар ҳар бир жамоа билан футбол ўйнаш мумкинлигини яна исботлашди. Мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатяпмиз. Балки ёмон ўйнаб туриб натижага эришиш керакмикин, билмай қолдим. Бугун голли имкониятларимиз АГМКга нисбатан кўпроқ бўлди. Гол бўлмаганлиги учун бугунги ўйинда дуранг адолатли натижа бўлди деб ҳисоблайман.

Йосович, Мерзяков, Ҳожимирзаев ва Тошмирзаевлар сафга қайтса, жамоа ҳозирги қийин вазиятдан чиқиб кетиши мумкинми?

– Мерзляков машғулотларга қўшилганига энди ўн кун бўлди, у ўзини ҳали тўлиқ тайёр эмасман деб ҳисоблади, шунинг учун асосий таркибга киритилмади. Билол билан Йосович кейинги учрашувда майдонга тушишади. Норматов билан Хожимирзаев жароҳатда. Улар яқин икки турда бизга ёрдам бера олмайдилар. Мурод Комилов эса ёшлар терма жамоасидан бугун қайтиб келди. Ёшлар мана шундай ўйинлар орқали ўсишга эришади. Ёшлар бу берилган имкониятдан  фойдаланишлари керак.

– Жамоа хавфли “зона”га тушиб қолди. Очко олиш керак бўлган ўйинда Андрей Сидоровни сал эртароқ майдонга туширсангиз  бўлмасмиди?

– АГМКга қарши ҳимоячини ўйиндан олиб таваккалчиликка қўл уриш оғир бўларди. АГМК 4-3-3 тактикасида ўйнаётганди. Шунинг учун таваккал қилиб бўлмасди. Биринчи ўринда ўз дарвозамизни қуруқ сақлаб қолдик. Хавфли “зона”га келсак, тўғри жамоамиз шу ерда турибди. Олдимизда ўйинларимиз бор. Умид қиламанки, барчамиз биргаликда бу вазиятдан чиқиб кетамиз. Ҳар турда клублар ўринлари алмашиб турибди. Кимдир очко йўқотяпти, кимдир тўплаяпти. Барибир чемпионат ўзига яраша қизиқ ўтяпти. “Бўридан қўрққан ўрмонга бормайди” деган гап бор. Бизда энг асосийси, аҳил оиламиз бор.

– Азизхон Эркинов бугун Суперлигада дебют қилди. У кўрсатган ўйин ҳақида фикрингиз?

– Жавоҳир Сидиқов энди жароҳатидан қутулиб чиқди. Ўзини бироз ноқулай ҳис қилаётгани учун таваккалчиликка қўл урдим. Азиз ёмон бола эмас. Машғулотларда яхши ҳаракат қиляпти. Барибир биринчи ўйинида ҳаяжон ва босим бўлди. Сардор Етовқўзиевда ҳам шундай бўлди. У ҳам анчадан буён энди майдонга тушди. Бизда иқтидорли ёшлар бор. Бундан кейин ҳам ёшларга эътибор беришга ҳаракат қиламиз. Умид қиламанки улар берилган имкониятдан унумли фойдаланадилар.

– Футболчиларингиз кўп холатларда ўйиндан ташқари холатларда қолиб кетишди…

– Бу нарса аввало гол уришга бўлган катта иштиёқ туфайли. Мени талабим ҳужумчилар олдинги чизиқда тўп сўрашлари керак. Бунда футболчи вазиятни ҳам баҳолаши керак бўлади. Ўйиндан ташқари холатда эмасми, ёки тўпни ололмай қолса қарши ҳужум хавфи юзага келиб қолмайдими, мана шуларга эътибор қаратиши лозим. Лекин бугунги рақибимиз сафида тажрибали футболчилар бор эди, бунақа ўйинлар осон бўлмайди.

Манба: "Қўқон-1912" клуби матбуот хизмати
Киритилди: 00:03, 10.09.2022.
Ўқилди: 1194 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.