"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи сэр Алекс Фергюсон мухлисларга мурожаат қилиб, ўзининг нафақага чиқишидан қўрқмасликка чақирди ва усиз ҳам клуб муваффақиятларга эриша олишини билдирди.
Ўтган мавсумда 70 ёшли Фергюсоннинг шогирдлари мавсумни совринларсиз якунлашди, барча совринларга эса ўйинчилар учун пулни аямайдиган "Челси" ва "Манчестер Сити" эгалик қилишди.
Шу ҳолда ҳам, Фергюсон ўзи жамоа бошқарувидан кетганидан сўнг ҳам "Юнайтед" бир неча марта бош шоҳсупага кўтарилишига шубҳа қилмаяпти.
"Албатта, мендан кейин ҳам ҳаёт давом этади. Буниси мутлақо аниқ. "Манчестер Юнайтед" — бу шундай муассасаки, унда клубнинг тарихи ҳаракатлантирувчи куч бўлиб хизмат қилади. Бизни бутун Ер шарида қўллаб-қувватлашади, бу эса келажакка ишонч уйғотади".
"Клуб эгалик қилаётган структура нуқтаи назаридан қаралса, мени ўрнимни босиш албатта мумкин бўлмаган иш бўлмайди. Тажрибалироқ мураббий талаб этилади — чунки клуб бу лавозимдаги талаб нуқтаи назаридан ёшлардан бирортасини танлоайди деб ўйламайман. Бироқ вазият қандай кўриниш олмасин — ҳеч ким бундай ишни рад эта олмайди".
"Клуб мустаҳкам пойдеворга эга. Ажойиб стадион, ажойиб машғулотлар базаси ва кўплаб ёш ўйинчиларга эгамиз. Агар эътибор берган бўлсангиз, мен ўйинларга энди 22-23 га кирган футболчилардан иборат таркибни ҳам чиқарганман: Де Хеа, Рафаэль, Смоллинг, Жонс, Эванс, Клеверли, Пауэлл, Чичарито, Лингард, Уэлбек ва Кагава. Бу футболчилар "Юнайтед" сафида ҳали кўп йил тўп суришади, бинобарин, менинг ишимни давом эттириш у қадар мураккаб бўлмайди. Янги мураббий албатта ўз услубини жорий этади, бироқ унда таяниш мумкин бўлган мустаҳкам пойдевор бўлади", - деди Фергюсон "Daily Mirror"га берган интервьюсида.