Сўнгги бир-икки ҳафта ичида футбол оламида катта воқеалар содир бўлди. Шулардан бири, шубҳасиз, Роналдунинг "катта портлаш"ни вужудга келтирган интервюси эди. Португалия терма жамоаси аъзоси Пирс Морган билан бўлган суҳбатда, ўзининг таъбири билан айтганда, кўплаб ҳақиқатларни очиб ташлади. Жумладан, Роналду 90 дақиқалик интервью давомида "Манчестер Юнайтед"даги барчани, тен Хагдан тортиб, Глейзерларга қадар аччиқ танқид остига олди. Ушбу воқеа Жаҳон чемпионати бошланишига бир ҳафта қолганида рўй берди. Контентнинг тизери чиққан пайтданоқ, кенг жамоатчилик буни муҳокама қила бошлади. Айрим мутахассислар, хусусан, собиқ "МЮ" футболчилари Роналдуни клубдан хайдаш кераклигини билдиришди. Албатта, айтишга осон. Аммо бу иш силлиқ кечмайди. Яқинда "Daily Mail" нашрида эълон қилинган материалда "МЮ"нинг Роналду борасида қандай йўл тутиши баён этилди. Унда, "МЮ"нинг Роналдунинг агенти Мендеш билан яқин муносабатлари, 37 ёшли ҳужумчини "Олд Траффорд"дан кеткизишга ёрдам бериши мумкинлиги айтилади. Хабарда, жумладан, шундай дейилади:
"Улар (клуб раҳбарияти) Роналдунинг ушбу интервьюси учун футболчининг агентини айблаётгани йўқ. Аксинча, Мендешга янги илтимос билан чиқишмоқчи. "МЮ" Роналду билан тузилган битимни муддатидан олдин бекор қилмоқчи ва бунда Мендешнинг ёрдамига муҳтож. Айни дамдаги ҳолатдан на "МЮ", на Роналду ва на Мендеш манфаатдор. Шундай экан, масалани тезроқ ҳал қилиш лозим".
Бу вазият ҳақида собиқ инглиз футболчиси Тим Шервуд ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди. У шундай дейди: "Роналдунинг айтган гапларини таъсирли ва ҳақли деб ўйламайман. У нима дегани муҳим эмас, аслида. Унинг буни қай йўсинда ва қаерда айтгани муҳимроқ. У бу гапларни намойишкорона, омма олдида баён қилди. Менимча, Роналду бу қилмиши билан ўзининг "Манчестер Юнайтед"даги шонли тарихига катта доғ туширди. Нафақат, "МЮ"даги, балки АПЛдаги фаолиятига ҳам. Бу гап сўзларни эшитган ва кўрган Лионель Месси ўз жойида ўтириб, кулиб қўйгандир. Кимдандир тарихдаги энг яхши футболчи ҳақида сўрасангиз, Месси ёки Роналду дейди. Менимча, эндиликда, Роналду дегувчилар анча камаяди. Ҳаттоки, менинг ҳам ичимда, Криштианунинг бу қилмишидан кейин Мессига мойиллик кучайди".
ИСМАТОВ Ж.