Халқаро танаффус якунлангани билан ҳам "Ливерпуль"даги муаммолар тугамаяпти. Жамоа ФИФА кунларидан сўнг ҳам таркиб билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч келишда давом этмоқда. Жамоа бош мураббийи Юрген Клопп Англия Премьер-лигаси 17-туридан ўрин олган "Астон Вилла"га қарши ўйин олдидан жароҳатдаги футболчилари ҳақида батафсил маълумот берди.
Клопп Роберто Фирмино ва Жеймс Милнер "Ливерпуль"нинг кейинги икки ўйинини ўтказиб юборишини тасдиқлади. Футболчилар Премьер-лигада "Астон Вилла" ва "Лестер" билан баҳсларда иштирок этмайди, ўйинлар мос равишда 26 ва 30 декабрь кунлари бўлиб ўтади.
Фирмино машғулотларда жароҳат олгани туфайли Лига кубогида "Ман Сити"га қарши ўйнамади. Милнер асосий таркибда майдонга тушди, бироқ ўйин давомида унинг сон мушакларида муаммо пайдо бўлди ва 38-дақиқада алмаштирилди.
"Ливерпуль" бош мураббийи: "Ўшандан бери Милнер билан боғлиқ вазият яхшиланмади - у Фирмино каби бир нечта ўйинларни ўтказиб юборади", - деди.
Трент Александр-Арнолд касаллиги туфайли "Сити"га қарши баҳсни ўтказиб юборди.
“Окслейд-Чемберлен яхши, у Трент ва баъзи ходимлар каби касал эди. Ҳозирда биз эҳтиёт бўлишимиз керак. Бу осон вазият эмас, ўйинларни режалаштириш қийин – биз “Сити”га қарши қандай ўйнашни истаётганимизни 100 фоиз билардик, кейин эса сўнгги дақиқада режаларни ўзгартиришга мажбур бўлдик. "Астон Вилла" билан ўйин олдидан ҳам биз мослашувчан бўлишимиз керак", - деди бош мураббий.
“Виржил машғулот ўтказмоқда, ҳаммаси яхши, шунинг учун у ўйнайди. Умид қиламанки, Трент яхшироқ бўлади, у бутун машғулотни жамоа билан ўтказа олмади. Вазият қандай ривожланишини кўрамиз.
Ибраҳима Конате "Астон Вилла"га қарши ўйнамайди. Францияга жаҳон чемпионати финалига чиқишга ёрдам берганидан сўнг унга таътил берилди. Шунингдек, Луис Диас, Диогу Жота, Кёртис Жонс ва Артур Мело ҳам жароҳати туфайли навбатдаги баҳсларда майдонга туша олмайди.