Мавсумлар оралиғида “Рубин” клубига кўчиб ўтган ўзбекистонлик ҳимоячи Рустам Ашурматов янги жамоадаги дастлабки таассуротлари ҳақида клуб матбуот хизматига гапириб берди.
- “Рубин“га ўтишдаги биринчи ҳис-туйғулар шунчаки супер. Анчадан бери кучли лигада ўйнашни орзу қилардим. Шундай экан, “Рубин”га келганимдан жуда хурсандман. Ёзда улар менга мурожаат қилишганди, аммо ўша пайтда “Навбаҳор” билан шартномам борлиги сабабли Қозонга кела олмагандим.
- Янги жамоада Сизни қандай кутиб олишди? Йиғиннинг дастлабки кунларидан қандай таассуротлар қолди?
- Ҳаммаси ажойиб бўлди. Футболчи ва мураббийлардан бундай тарзда кутиб олишларини кутмагандим, жуда ёқимли бўлди. Ўзимни жамоада анчадан бери ўйнаётгандек ҳис қилдим.
- “Рубин”да ҳамюртингиз Умарали Раҳмоналиев ҳам бор. Мослашиш борасида бир-бирингизга ёрдам беряпсизларми? Жамоада яна ким билан яхшироқ танишиб олдингиз?
- Уни ҳам “Рубин”га ўтганига ҳали кўп вақт бўлмади. Албатта мослашиш борасида бир-биримизга ёрдам беряпмиз. Умуман олганда “Рубин”да ҳамма билан яхши муносабатдаман.
- Россияда ҳаво анча совуқ. Совуқда ўзингизни қандай тутасиз? Нолдан паст ҳароратларда ўйнашга тайёрмисиз?
— Ўзбекистонда ҳам қишда совуқ бўлгани учун кўникканмиз. Тўғри, Россияда совуқроқ, лекин бундай шароитда ўйнаш мумкин.
- Ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг. Қайси позицияда ўйнайсиз? Қандай кучли томонларингиз бор?
- Марказий ҳимоячиман. Ўйлайманки, мураббийлар хизматимдан шу позицияда фойдаланишади. Кучли томонларим ҳақида гапиришим қийин. Яхшиси, бунга мураббий ва мухлислар баҳо беришсин.
- Жорий мавсумдаги мақсадларингиз қандай?
- Албатта, Премьер-лигага чиқиш керак. Бу борада жамоага қўлимдан келганча ёрдам бермоқчиман.
- Қозон ҳақида нималарни биласиз?
- Гарчи шаҳар ҳақида кўп эшитган бўлсамда, Қозонда биринчи марта бўламан. Бу жуда гўзал шаҳар ва мен у ҳақда кўпроқ билишни хоҳлайман.