Кеча «Арсенал» АПЛнинг 20-тури марказий учрашувида «Тоттенхэм»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Микель Артета жамоаси Премьер-лигада пешқадамлик қилмоқда ва «Манчестер Сити»дан 8 очко олдинда. Лондон дербиси якунига етгач, ғолиб жамоа дарвозабонига рақиб мухлислари ҳужум қилди.
Рэмсдейл анча ҳиссиётли дарвозабон. Баъзан «Арсенал»нинг ғалабалари ва мағлубиятларини ўз эмоциялари орқали бўрттириб нишонлаб юборади: у жамоасининг муваффақиятсизликларидан ғазабланади ва ғалабаларда ўзини тийиб тура олмайди. Кечаги баҳсда бўлган муваффақият ҳам бундан мустасно эмас эди: финал ҳуштагидан сўнг Аарон дербида қўлга киритилган уч очкодан хурсанд бўлди ва «Тоттенхэм» мухлисларига турли ишоралар қилди. Бироқ ундан аввал Аарон Ришарлисон билан жанжаллашди. Бразилиялик футболчи қизғин паллада дарвозабонни итариб юборди, кейин қолганлар можарога қўшилди. Аммо ўша пайтда, футболчилар ҳали Рэмсдейлни ўраб олишга улгурмаганларида бир мухлис киперга ҳужум қилди: томошабин реклама тахтасига сакраб чиқди ва у ердан дарвозабонни оёқлари билан тепди.
Футболчи бунга чидай олмади ва муштлашувга қўшилди, бироқ стюардлар тезда ишқибозни четга олишди. Рэмсдейлни ҳам судраб олиб кетишга тўғри келди. Инглизнинг узоқ вақт жаҳли чиқди. «Тоттенхэм» эса бу ҳақда расмий баёнот билан чиққан. «Биз ўйин охирида «Арсенал» дарвозабони Аарон Рэмсдейлга ҳужум қилишга уринган мухлиснинг хатти-ҳаракатидан ҳайратда қолдик. Футболда зўравонликка ўрин йўқ. Полиция Аарон Рэмсдейл билан кечган воқеани кўриб чиқмоқда, шу жумладан мухлиснинг «Тоттенхэм» стадионига кириши дарҳол тақиқланади, дейилади клуб баёнотида.