Кириш Регистрация
19/05 00:00 Арсенал 1-0 Бёрнли
19/05 23:30 Борнмут 1-1 Манчестер Сити
20/05 00:15 Челси - Тоттенхэм

«Скуадра Адзурра»нинг улкан умиди

Баҳо:
+ | -

Италия терма жамоаси футбол оламининг етакчи жамоаларидан бири эканлигини яхши биламиз.

Бироқ йирик муваффақиятларга эришиш учун кўпинча бу жамоага нимадир етишмай қолиши, баъзан омад ундан юз ўгиришидан ҳам хабардормиз. Узоққа бормайлик, ЖЧларининг гултожи сифатида эътироф этилган Қатар-2022 турнири ҳам 4 карра тождор бўлмиш «Скуадра Адзурра»нинг иштирокисиз ўтди. Бош мураббий Роберто Манчини учун жаммоани рақобатбардош ўйинчилар билан шакллантириш сурункали муаммо бўлиб қолди. Вазият шунчалик оғирки, мутасаддилар айрим бразилиялик футболчиларга Италия фуқаролигини таклиф қилмоқдалар. Буни қарангки, шундай паллада «Мовий гвардия» яқин келажакда ўта ноёб иқтидор соҳибини ўз сафига жалб этиш имкониятига эга бўлди. Ҳа, мундиални томошабин мақомида кузатишга мажбур бўлган амалдаги қитьа чемпионидан бўлажак топ-ҳужумчи кўмагида ЖЧ-2026 турнирида муваффақиятли иштирокни умид қилиш мумкин.

ГАП КИМ ҲАҚИДА,  ЎЗИ?

Мақоламиз қаҳрамонимиз номи Франческо Камарда, ёши 14да, аммо кўпчиликка танилишга арзийдиган ўйинчи. У чинакам марказий ҳужумчи позициясида тўп суради, жуда ёш бўлишига қарамай, юксак чўққини забт этишга улгурди. Яъни, 13 ёшли пайтида Италия чемпионатининг 15 ёшлилар тоифасида «Милан» билан чемпионликка эришди. Миланликлар 2010 йилдан бери чемпионликка эриша олмаётган эдилар. Икки йил катталар учун арзимасдек кўринсада, ўсмирлар учун улкан жарлик, лекин Камардани каттароқ ёшдагилар жамоасига шунчаки, синов учун ўтказишмаган, қаҳрамонимиз акалари жамоасида муҳим ўйинчиларнинг бири, чемпионликни туҳфа этган олтин голни ҳам айнан Франческо урганди.

Айни паллада иқтидорли ҳужумчи 16 ёшлилар жамоасида тўп сурмоқда, 9 учрашувда 11та гол урган ҳолда чемпионат тўпурарлари орасида етакчилик қилмоқда. Камардани баъзан янада каттароқ ёшдаги жамоаларга ҳам чақириб турадилар. Қизиғи шундаки, уларда ҳам Франческо сермаҳсул ўйин кўрсатмоқда. Масалан, «Милан»нинг19 ёшлилар жамоаси таркибида дублга эришиб, жамоани 4:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.

Аслида, Камарданинг нисбатан катта ёшдаги рақибларига қарши ўйинлардаги сермаҳсуллиги ажабланарли ҳол эмас. Чунки у ўз тенгдошлари билан куч синашганида ишониш қийин бўлган натижаларни қайд этган:

2017|18 йиллар мавсумида: 40та учрашувда 247та гол;

2018|19 йиллар мавсумида: 31та учрашувда 172та гол;

2019|20 йиллар мавсумида: 16та учрашувда 64та гол.

Тўғри, ўсмирлар футболида голлар кўп бўлади, буни тушуниш мумкин. Лекин 87та ўйинда 483 марта (ўртача 5,5дан кўпроқ) дарвозани забт этган 14 ёшли снайпер тез-тез учрайдиган ўйинчи эмас.

Ёш иқтидор соҳибининг хал­қаро майдонлардаги кўрсаткичлари ҳам талаб даражасида. 15 ёшлилар терма жамоа­си таркибидаги 5та учрашувда у 5та гол ва 2та самарали узатмани ўз ҳисобига расмийлаштирган эди, ҳозир 16 ёшлилар жамоасида адаптация даврини ўтказмоқда.

Франческонинг сермаҳсул фаолиятида унинг барча тенг­дошлари ҳавас қиладиган дараждаги жисмоний жиҳатлари ҳам муҳим роль ўйнайди. 14 ёшли ҳужумчининг бўйи 182 см., вазни 60 кг. Ўйин услубига кўра, Камарда Эрлинг Холанд ва Карим Бенземани эслатади. Дарвоқе, Бензема унинг «кумир»и.

ДАҲОМИ ЁКИ  ХОМСЕМИЗ ИҚТИДОР?

Бу саволга фақат вақт аниқ жавоб бериши мумкин. Футбол тарихида ўсмирлар ва ёшлар даражасида ҳайратомуз ўйинларни намойиш этган, лекин профессионал футболга мослаша олмаган йигитлар жуда кўп. Бунга ўз вақтида «сайёрамизнинг ўта келажаги порлоқ футболчиси» мақомига сазовор бўлган Ҳаким Мас­турни мисол сифатида кўрсатиш мумкин. «Милан»нинг марокашлик ўйинчиси худди Камарда каби ёшлар тоифаларида тенгдошларини назар-писанд қилмаган, тўпни олиб юриши, дриблинг ва финтлари билан мухлисларни мафтун этган бўлсада, тез орада оний чақмоқдек сўнди. У ҳатто «россонерлар»нинг асосий таркибига кўтарилди, аммо мустаҳкам ўрнаша олмади. Европадаги уринишларидан самара чиқмагач, Марокашнинг 2-дивизионидан бошпана топди. Ваҳоланки, у эндигина 24га чиққанди.

Хуллас, бу ёғига Камарда камарини маҳкамроқ тортиши, сусткашликка йўл қўймаслиги, «Милан» эса ўз тарбияланувчисини «А» серияси ва ЕЧЛ талабларига жавоб бера оладиган даражага олиб чиқиш учун ўз вақтида, тўғри тарбия бериши лозим. Акс ҳолда, Италиянинг кейинги 15-20 йил ичидаги энг зўр ҳужумчиси сифатида эътироф этган қаҳрамонимиз умидларни пучга чиқариб, Ҳаким Мас­турдек ғойиб бўлади.

Манба: Sovsport.ru, Содиқ СОБИР тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 08:19, 24.01.2023.
Ўқилди: 1438 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

«Арсенал» бугун АПЛ чемпионига айланиши мумкин — Бунинг учун битта шарт бажарилиши керак [4231]

Моуриньо "Реал"га "Манчестер Юнайтед" футболчисини олиб келмоқчи [2605]

Хосеп Гвардиола «Манчестер Сити»дан кетиши ҳақидаги саволга чуқур хўрсиниш билан жавоб берди [2559]

Симоне Индзаги "Ал-Ҳилол"дан кетмоқда: Истеъфонинг иккита асосий сабаби маълум бўлди [2430]

«Барселона» юлдузи оғир руҳий ҳолатда [2407]

Анчелотти: «Ишонинг, мен Жоао Педро учун афсусдаман» [2382]

Гвардиоланинг «Манчестер Сити»дан кетадиган расмий санаси ва хайрлашув паради маълум бўлди [2275]

Фабрицио Романо: "Реал" Эндрик борасида якуний қарорга келди [2201]

Карло Анчелотти Неймарнинг ЖЧ-2026 учун Бразилия терма жамоасига чақирилиши сабабини тушунтирди [2082]

Жозе Моуриньо «Реал»даги келажаги сўроқ остида турган 9 нафар футболчини аниқлаб олди [1980]

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик