Европа клублари олдида таркибни янада кучайтириш учун яна етти кун бор. Барчамиз биламизки, АПЛ ўзининг қоқ ўртасига етиб келди. Шундай бир пайтда "Арсенал" ва "Манчестер Сити" чемпионлик учун курашаётган бўлса, Учинчи ўриндаги "Ньюкасл" "Челси" ва "Ливерпул"дан 10 очко олдинда бормоқда. Жадвалнинг қуйи қисмида ҳам ҳаёт-мамот жанглари бўлиб ўтади. Шундай пайтда қишки трансферлар ойнасидаги фаол ҳаракатлар жамоаларнинг мавсум сўнгидаги тақдирини белгилаб бериши мумкин. Қуйида 1 февралга қадар амалга ошиши кутилаётган етти кўчишни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Энсо Фернандес "Челси"га
Балки, қишнинг энг йирик хариди бўлиши мумкин бўлган трансфер ҳали ҳам ўз навбатини кутмоқда. "Бенфика" ярим ҳимоячиси Энсо Фернандес Лондонга йўл олиши мумкин. У Жаҳон чемпионатида бутун дунёни лол қолдирганди. Аргентина терма жамоаси аъзоси 105 миллион фунтлик товон пулига эга. Бу эса ҳатто "Челси" учун ҳам катта маблағ саналади.
Николас Заньоло "Тоттенхэм" ёки "Ньюкасл"га
"Тоттенхэм" мавсумни қолган қисмида жуда қаттиқ ҳаракат қилишига тўғри келади. Олдинда жамоани кучли тўртлик учун аёвсиз кураш кутмоқда. Бош мураббий Антонио Конте ўзининг фикрини айтар экан, клубга янги футболчилар кераклигини таъкидлайди. Энг ашаддий нишон эса "Рома" ярим ҳимоячиси Заньоло бўлиб турибди. Бошқа томондан бу трансферга "Ньюкасл" аралашиб, 23 ёшли футболчига 31 миллион фунт таклиф қилганди. Аммо бу таклиф "Рома"ни қониқтирмади.
Мало Гюсто "Челси"га
"Челси" ушбу трансфер борасида аллақачон бир бор рад жавобини олишга улгурди. 19 ёшли ўнг қанот ҳимоячисига "аристократлар" раҳбарияти 18 миллион фунт таклиф этганди. Бироқ, ҳозир "Челси" раҳбарияти тушундики, Гюстога эришиш осон эмас ва бу учун жамоа ўз таклифини катталаштиришига тўғри келади.
Иван Фреснеда "Арсенал"га
Агарда "Арсенал" ўзининг чемпионликка бўлган даъвосини сақлаб қолмоқчи бўса, у ҳолда ёзни кутмаслиги керак. Улар қишнинг ўзида таркибни чуқурлаштириши лозим. Микель Артета бу йўлда "Реал Вальядолид"дан Фреснедани олиб келишни ўйламоқда. Сўнгги хабарларда жамоалар 13 миллион фунтга келишиб олгани айтилади.
Арнаут Данжума "Тоттенхэм"га
"Вильярреал" вингери "Эвертон"да тиббий кўриклардан ўтганди. Аммо вазият бирданига ўзгариб кетди. "Тоттенхэм" Данжума борасида устунликка эришди. 25 ёшли сенегаллик эндиликда "шпорлар" таркибида ижара асосида ҳаракат қилиши кутилмоқда. Унинг битимига сотиб олиш ҳуқуқи ҳам қўшилган.
Энтони Гордон "Ньюкасл" ёки "Челси"га
"Эвертон" тарбияланувчиси 2021-22 йилги мавсумни фантастик якунлагани сабабли "Челси" эътиборига тушганди. Шу сабаб "Челси" ёш ҳужумчини олиб қолиши мумкин. Аммо 21 ёшли Гордонни "Ньюкасл" ҳам кўз остига олиб қўйган. Шу сабаб унинг трансфери осон кечмайди.
Мойсес Кайседо "Арсенал"га ёки "Челси"га
"Брайтон"ни бир яхши анъанаси бор. Бу клуб вакиллари дунёнинг ҳар хил нуқтасидан истеъдодларни топиб, уларни тарбиялаш билан шуғулланади. Орадан бир муддат ўриб эса, улар АПЛнинг катта клублари эътиборини тортади. "Чағалайлар"нинг шундай футболчиларидан бири 21 ёшли Мойсес Кайседодир. У "Арсенал" томонидан кузатилмоқда. "Челси" эса доимгидек ўз ҳамшаҳарининг ўлжасини олиб қўювчи ролини бажариши мумкин. Кўрамиз, воқеалар ривожи қандай кечаркин.
ИСМАТОВ Ж.