Артетанинг бир неча йил олдин айтган "юксалишга ишонинг" деган ибораси устидан кўп кулинди. Ҳозир ўша гап амалда ҳам юз берганига гувоҳ бўляпмиз. Чунки унинг жамоаси мавсум бошидан бери АПЛ пешқадамлигини ҳеч кимга бергани йўқ. Қуйида "Арсенал" афсонасига айланган айрим шахсларнинг Артета ва унинг жамоаси ҳақида айтган гаплари тақдим этилади.
Арсен Венгер
"Ўйлайманки, бу жамоага келган ҳар бир инсон, аввало, клубнинг ўзлиги қаерда эканини аниқлаб олиши керак. Микель Артета эса бу ишни бажарди. У "Арсенал"да таълим олган ва менинг жамоамга сардорлик қилган. Микель "Арсенал"нинг қадрини қайтадан тиклади. Умуман олганда, сарфланган уч йил бекорга кетмади. Тикланган даражани ушлаб қолиш учун сизга тегишлилик ҳисси керак бўлади. Қачонки, буни англаганингизда, юксалишга юз тутасиз. Микель клубнинг услубини сақлаб қолган ҳолда, уни ҳужум менталитети ва ҳимоя баланси билан омухталаштирди. Ҳозир "Арсенал" мутлақо тўғри йўлдан кетмоқда".
Тьерри Анри
Ҳа, ҳаммаси яхши. Лекин ҳали ҳам сабр қилиш керак деб ҳисоблайман. Ҳозир бизда ажойиб жамоа мавжуд. Клуб мухлислари анчадан бери нимадир ютиш учун курашадиган жамоа хоҳлаётганди. Бугун орзулар рўёбга чиқди дейиш мумкин. Микель Артета ҳамма нарсага тўғри ёндошмоқда. Унинг ўйинчиларга ўтказадиган таъсири кучли. Биз бу жамоанинг қаергача боришини ҳали билмаймиз. Аммо мен "Арсенал"ни мавсум охирида чемпион ҳолда кўришни истайман".
Патрик Виейра
"Мен шахсан "Арсенал"нинг бу қадар ўсганидан ҳайратга тушмадим. Чунки жамоада яхши футболчилар ва яхши мураббий бор. Энг асосийси, футболчилар ҳозир нима қилишни истаётганини яхши билади. Уларнинг кўзларида олов ва ишонч бор. Бу футболда жуда ҳам муҳим. Сабр билан эришилган натижанинг роҳати ҳам ширин бўлади".
Рэй Парлор
"Мен "Арсенал" машғулотларини томоша қилдим. Микель Артетанинг футболчилар билан ишлашига қойил қолмасдан илож йўқ. У шогирдларини керакли маънавий ва руҳий қувват билан таъминламоқда. Микель буни ўтмишда бирга ишлаган Венгер ва Гвардиоладан ўрганган. Мураббийга ҳам ўрганиш жуда зарур. У футболчилардан юз фоиз кучини беришни талаб қилади. Тартиб-интизом ва кучли хоҳиш билан "Арсенал" каби муваффақиятга эришиш мумкин".
Роберт Пирес
"Албатта, мен ҳали ҳам "Арсенал"ни кузатиб бораман. Жамоанинг барча ўйинлари эътиборимда бўлади. Ҳозир ҳам спорт директори Эду Гаспар ва Микель Артета билан суҳбатлашиб турамиз. Ўйлайманки, Микель у ерда ақлбовар қилмас ишларни амалга оширди. У жамоанинг ДНКсидаги ҳужум сифатларини қайтадан кашф қилди. Бу жуда муҳим эди. Мен унга қойил қоламан ва меҳнатларини қадрлайман".
ИСМАТОВ Ж.