Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Француз футболи можаролари

Баҳо:
+ | -

2022 йилнинг декабри ўрталарида «Вегас» хоккей клубининг соҳиби Билл Фоули «Борнмут» футбол клубини Максим Дёминдан сотиб олганди. Лекин шу билан кифояланиб қолмади - АПЛ вакилидан кейин Лига1 клубига ҳам қизиқиб қолди. Энди ўша жамоа мухлислари ундан норозилар.

Фоули «Лорьян» акцияларининг 1/3 қисмини харид қилди, ўз тармоғини ташкил этмоқчи

«Борнмут» билан имзоланган шарноманинг сиёҳи қуришга улгурмасдан, америкалик бизнесмен француз клубини нишонга олди ва бир ойдан кейин «Лорьян» акцияларининг 33 фоизини сотиб олди.

«Лорьян» - Лига1нинг энг қувноқ жамоаларидан бири. Жорий мавсумда турнир жадвалининг юқори ўнталигида бормоқда, еврокубоклар йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда. Эътиборлиси, унинг иштирокидаги аксарият (20танинг 18тасида) ўйинларда мухлислар албатта гол кўришади. Daily Mailнинг хабарига кўра, Фоули Бельгия ва Жанубий Америка клубларини харид қилишни мўлжалламоқда. Бизнесмен шу аснода бутун бир клублар тармоғини шакллантирмоқчи. Режанинг ярми амалга оширилди.

«Лорьян» тез орада муҳим ўйинчисини «Борнмут»га сотиб юборди

Орадан бир ҳафта ўтгач, «Лорьян»нинг 20 ёшли вингери Данго Уаттара «Борнмут»га йўл олди. У жорий мавсумда 11 балл (6+5) билан жамоанинг энг сермаҳсул ўйинчиси бўлиб турганди. Данго сентябрь ойидаги барча учрашувларда, яқинда «Монако» дарвозасига ҳам гол урганди.

Трансфермаркт келишувни 27 млн. еврога баҳолади. Уаттара ўзининг Англиядаги «Ноттингем Форест»га қарши дастлабки беллашувида битта ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Инглиз клуби шунингдек, «Лорьян»нинг 22 ёшли ярим ҳимоячиси Энцо Ле Фени ҳам харид қилмоқчи бўлганди. Бироқ ҳужумкор хавбек (3}4) «Борнмут»га ўтишни истамади.

Ғазабланган «Лорьян» фанатлари президентга мактуб йўлладилар

Фаоллашган Merlis Ultras гуруҳи аъзолари «Лорьян» президенти Лоик Ферига мактуб орқали ўз эътирозларини изҳор этдилар. Мухлислар нимадан норозилар:

  •  Лўнда савол: «Лорьян» шу пайтгача ўзига хос жиҳатлари ва ўйин фалсафаси билан бошқа жамоалардан ажралиб турарди. Унинг тарихи ва анъаналаридан бутунлай бехабар бўлган америкаликнинг нима кераги бор?»
  •  Мухлислар «Лорьян» Фоулининг иккинчи даражали танлови эканлигини ҳам таъкидлаб ўтдилар - ўз вақтида бизнесмен «Лион»да ҳеч нарсага эриша олмаганди.
  •  Улар шунингдек, америкаликлар сармоялари Франциянинг айрим клубларига фақат зарар келтирганини эслатиб ўтишди. Масалан, «Бордо», «Гавр» ва «Труа»га.
  •  Мухлислар фикрича, «Лорьян» шу кетишда англияликлар учун йўлдош жамоа, машғулот маркази бўлиб қолади.

Америкаликларнинг Франциядаги фаолиятлари таъсири: «Бордо» Лига2га тушиб кетди, «Ред Стар»нинг 2та учрашуви ниҳоясига етмай қолди, «Лион» соҳиби эса мухлислардан норози

Муваффақиятлар жуда кам.

  •  «Марсель» 2016 йилдан бери америкалик бизнесмен Фрэнк Маккортнинг тасарруфида. Шу пайтгача бирорта совринни қўлга кирита олмади, бир марта ЕЛ финалига етиб борди. Шу сабабли клуб раҳбарияти мухлислардан фирибгарлар тўдаси лақабини олганди.
  •  «Бордо» 2018 йилда Американинг General American Capital Partners инвестиция компаниясига сотиб юборилганди. Бу қарорга қарши бир неча марта норозиликлар билдирилди. Шундан бери клуб Лига 1нинг етакчи ўнлигига кўтарила олмади, ўтган мавсумда умуман, Лига 2га тушиб кетди. 
  •  «Гавр»ни 2010, йилларда Dresser раҳбари Винсент Вольп ўз тасарруфига олганди. Лига 2даги жамоа ҳанузгача ижобий силжишга эриша олмай келмоқда. Тўғри, фақат жорий мавсумда у яққол пешқадам бўлиб турибди, элитага кўтарилиш учун яхши имкониятга эга.
  •  Американинг RedBird Capital Partners «Тулуза»нинг акциялар пакетини 2020 йилда харид қилган бўлсада, жамоа Лига 1га қайтиб, ўз ўрнини сақлаб қолишни уддаламоқда.
  • Хитой-Америка консорциуми 2021 йилдан бошқармоқда. Жамоа ўша мавсумда Лига 2дан тушиб кетиб, энди қайтишга яқин ҳам кела олмаяпти.
  •  АҚШнинг 777 Partners инвестиция компанияси ўтган йил баҳорида Франциянинг «Ред Стар» клубини харид қилганида, учрашувларнинг бирида фанатлар янги соҳибга қарши баннерларни кўтариб чиқишди, кейин майдонга тутун чиқарувчи портлатгичларни улоқтиришди - ўйиннинг 1-бўлимини тугатишнинг иложи бўлмади. Ҳозир «Ред Стар» Лига 2дан кўтарилишга уринмоқда.
  •  «Лион»нинг америкалик соҳиблари фаолиятига баҳо бериш учун асослар етарли эмас - Жон Текстор клубни атиги бир ой аввал ўз тасарруфига олди. Жамоа аввалги «Лион»га ўхшамай қолди - етакчи ўнталикда юришни зўрға уддаламоқда. Мухлислар эса ўйинчилардан норозилар, уларнинг портретларини кўтариб олган ҳолда шаҳар кезиб, жамоадан четлатишни талаб қилмоқдалар. «Босс» эса фанатлардан норози, уларни футболчиларга босим ўтказганликда айбламоқда. Хуллас, Лионда зерикишга вақт йўқ.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 07:30, 06.02.2023.
Ўқилди: 986 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.