Виктор Осимхен ниҳоят ойнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди ва А серияда ўзининг кетма-кет олтинчи ўйинида гол урди. “Наполи”нинг бундай серияли сўнгги футболчиси ўша мавсумни 36 гол билан якунлаган Гонсало Игуаин бўлган. Осимхен ҳозир 17 та гол урди, Пипитадан ўтиш қийин бўлади. Бироқ “Наполи”га орзиқиб кутилган скудеттони Виктор олиб беришга яқин, Игуаин эмас.
Осимхеннинг ҳикояси оғир. Африкалик юлдузлар каби. Жуда камбағал оиладан, қоп-қора болалик... Нигерияликнинг энг яхшилардан бири бўлиш йўли жуда кўп қийинчиликларни энгиб ўтишдан иборат.
2018 йилнинг ёзида Осимхен таътилини Нигерияда ўтказди ва безгак билан касал бўлиб қолди. "Волфсбург" уни рад этди, "Брюгге" ва "Зулте-Варегем" тиббий кўрикдан сўнг уни қабул қилишмади. Шунингдек, тизза ва орқа жароҳатлар, 2021 йилнинг кузида ёноқ суягининг даҳшатли синиши... "Наполи"даги дастлабки икки мавсумида Осимхен Сериядаги ўйинларнинг атиги 51 фоизида майдонга тушиши…
"Юз жароҳати - ўлимга яқин тажриба, -дейди Виктор. - Кўп суяклар синган, ниқоб остида 18 та тикув бор. Мен ухлай олмадим, оғриқсиз овқатлана олмадим. Лекин мен кучлиман. Мен фақат қандай қилиб майдонга қайтиш ҳақида ўйлардим».
Лагосдаги Олусосун полигонига ҳар куни уч мингдан ўн минг тоннагача маиший чиқинди келиб тушади. Йигирма йил олдин шаҳар ташқарисида эди, аммо ўша пайтдан бери Лагос аҳолиси уч баравар кўпайди, чегаралар кенгайди ва ахлатхона шаҳар марказида жойлашган. Турар-жой бинолари ахлат тоғлари орасида жойлашган. Минглаб одамлар омад тилаб, чиқиндини қазишади.
“Дўстларим билан ахлатхонадан кружкалар қидираётган эдик, - дейди Виктор Осимхен. - Чапдаги Нике, ўнгдаги Адидас, баъзида жуфтликни йиғиш мумкин эди. Мен жуда камбағал маҳаллада яшардим ва бизнинг оила қўшнилар орасида энг камбағали эди."
Осимхеннинг онаси олти ёшида вафот этган. Отаси ўша пайт милициядаги ишидан бўшатилган, ҳамма пул топиши керак эди, айниқса Виктор. Ахир, у етти фарзанднинг энг кичиги…
“Йўл ўртасида сув сотиб, машиналар ортидан югуриб, йўлда пул ишлардик. Ёки ахлатхонада сотардик. Биз жуда камбағал эканлигимизни ҳамма биларди. Бир куни бошқа жамоадан бир бола ўйин пайтида менинг уйда пулим йўқлигини ва дадам онасидан овқат сўрашини айтди. Мен йиғлаб юбордим, - деб эслайди Осимхен. - Мен тез-тез йиғлардим. Ижарачи отамнинг олдига қандай қилиб пул сўраб келганини, ғазабланганини эслайман ва бир бурчакка яшириниб, Худодан бизга ёрдам беришини сўрардим”.
Ҳозир Осимхен "Наполи"да энг юқори маошга эга. Чунки ҳар йили ҳужумчи гол борасида ўсмоқда:
2020/21 30 ўйин, 10 гол
2021/22 32 ўйин, 18 гол
2022/23 Ҳозирча 17 гол…
“Яқинларимнинг аҳволи ҳозир яхши. Бу энг муҳим нарса. Улар хоҳлаган нарсани сотиб олишлари мумкин. Мен уларга муносиб ҳаётни бердим”, - дейди ҳужумчи.
Осимхен, Хвича, ва уларга монанд “Наполи” йўли ҳақида икки-уч соатдан сўнг видео жойлайман. Ҳозирча африкалик ҳужумчидан мотивация олиб туринг.
Хайрулла Ҳамидов.