Халқаро бокс ассоциациясининг (IBA) этика бўйича мустақил бўлинмаси (BIIU) баъзи мамлакатларнинг спорт мутасаддилари томонидан IBA низоми ҳамда интизом ахлоқ кодексини бузганлиги ҳақидаги шикоятни кўриб чиқишни бошлади, дея хабар беради ассоциация расмий сайти.
Гап бокс бўйича Жаҳон Чемпионатларини бойкот қилишга чақириқлар ва айрим мамлакат спортчиларининг тўғридан-тўғри иштирокини тақиқлашлар ҳақида кетмоқда. Қайд этиб ўтиш жоиз, аёллар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати 15—31 март кунлари Ҳиндистонда, эркаклар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати 1—14 май кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтади.
Қуйидаги миллий федерациялар раҳбарларига нисбатан интизомий иш очилган: Майк Макейти (АҚШ), Райан Ўши (Канада), Марк Шимак (Чехия), Пьер-Аксел Сёхолм (Швеция) ва Стив Ҳартли (Янги Зеландия). Шунингдек, BIIU бошқа федерациялар раҳбарларининг ҳам мусобақаларни бойкот қилишдаги ролини текширади.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ, Швеция, Ирландия, Чехия ва Канада бокс федерациялари Ҳиндистон (аёллар ўртасида) ва Ўзбекистонда (эркаклар ўртасида) бўлиб ўтадиган бокс бўйича Жаҳон Чемпионатига бойкот эълон қилгани хабар қилинганди. Кейинчалик Украина ва Норвегия ҳам уларга қўшилган.
Халқаро бокс ассоциацияси жорий йил Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтадиган аёллар ўртасидаги ва Тошкентда ўтказиладиган эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионати Олимпиада лицензияларини тақдим этишини маълум қилганди.
BIIU барча ахлоқий ва интизом масалалар (шу жумладан, манфаатлар тўқнашуви) билан шуғулланиш, сайловга номзодлар ҳақида маълумотларни текшириш, ўқитиш ва ривожлантириш хизматларини кўрсатиш учун 2022 йилда ташкил этилганди.