Кириш Регистрация
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 00:00 Бетис 1-1 Севилья
29/04 23:45 Женоа 3-0 Кальяри
30/04 00:00 Барселона 4-2 Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

Кувайт ва Жанубий Корея Тошкентда тайёргарлик кўрмоқда

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон терма жамоасига рақиблик қиладиган Кувайт ҳамда Жанубий Корея терма жамоалари Тошкентда ўйинолди машғулотларини, худди Ўзбекистон миллий терма жамоаси каби, 5 сентябрдан бошлади.

Кувайт

5 сентябрь куни, куннинг иккинчи ярмида Тошкентга етиб келган Кувайт терма жамоаси шу куннинг ўзида, 21:00да ЎФФ сунъий қопламали майдонида дастлабки машғулотларни ўтказди. Терма жамоанинг сербиялик бош мураббийи Горан Туфегжич ўз ватанида фавқулодда вазият сабаб жароҳат олганидан сўнг, вақтинча терма жамоага мураббийлик қила олмаслиги маълум бўлганди. Шу сабаб Кувайт терма жамоасига Тошкентда ёрдамчи мураббий Абдулазиз Ҳамада устозлик қилади.

Кувайт терма жамоасининг Тошкентдаги дастурига кўра, терма жамоа 6 сентябрь куни «Пахтакор» марказий стадионида расмий ўйинолди машғулотларини ўтказади. Кувайтликлар 7 сентябрь куни эса Ўзбекистон терма жамоасига қарши майдонга тушишади. «Пахтакор» марказий стадионида бўлиб ўтадиган баҳс 18:00да бошланади.

Жанубий Корея

Миржалол Қосимов қўл остидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси 11 сентябрь куни ЖЧ-2014 саралаш 4-босқич 4-тур ўйинлари доирасида Жанубий Корея терма жамоасини қабул қилади. ЎФФ Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов 4 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилганидек, Жанубий Корея делегациясининг дастлабки вакиллари 5 сентябрдан Тошкентга етиб келишни бошлашди. Терма жамоа бош мураббийи Чой Канг Хи Ўзбекистонга қарши ўйинга чақирган барча футболчилар, Европа миллий чемпионатларида тўп сурадиган барча футболчиларнинг етиб келиши билан, 9 сентябрь куни Тошкентда жам бўлишади. ЎФФ расмий сайти Жанубий Корея терма жамоасининг Тошкентга етиб келиш тартиби ҳақида аввалроқ ҳам хабар берганди.

Жанубий Корея терма жамоасининг Тошкентдаги дастурига кўра, терма жамоа 6 сентябрь куни ҳам, худди 5 сентябрда бўлгани каби, Тошкент вилоятидаги «Дўстлик» стадионида машғулотлар ўтказади. 7 сентябрдан эса барча машғулотлар Тошкент шаҳрида, кунига икки маҳалдан олиб борилади. Жумладан, 7-8 сентябрь кунидаги эрталабки машғулотлар 10:00дан ЎФФ сунъий майдонида бошланса, кечки машғулотлар 17:00да «Жар» стадионида ўтказилади. 9 сентябрь куни кечки вақт «Жар» стадионида битта машғулот ўтказилса, 10 сентябрь куни сўнгги, расмий ўйинолди машғулотлари «Пахтакор» марказий стадионида ўтказилади. Машғулотлар соат 17:00да бошланиши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида, Жанубий Корея терма жамоаси бош мураббийи Чой Канг Хи 28 август куни эълон қилган 23 кишилик таркибдан қуйидаги футболчилар ўрин олган эди: дарвозабонлар – Жунг Сунг Рёнг («Сувон»), Ким Йонг Кванг («Ульсан»), Ким Жин Хён («Серезо Осака», Япония); ҳимоячилар – Квок Тай Хви («Ульсан»), Юн Сук Йонг («Чуннам»), Ли Чун Су («Ас-Садд», Қатар), Парк Чу Хо («Базель», Швейцария), О Бом Сок («Сувон»), Жун Ин Ван («Инчхон»), Ко Йо Хан («Сеул»), Хван Сок Хо («Хиросима», Япония); ярим ҳимоячилар – Ли Чун Йонг («Болтон», Англия), Ку Жа Чхол («Аугсбург», Германия), Ки Сунг Енг («Суонси», Уэльс), Парк Чу Йонг («Арсенал», Англия), Ли Кун Хо («Ульсан»), Ха Дай Сунг («Сеул»), Ким Бо Кёнг («Кардифф», Уэльс), Парк Чонг Ву («Пусан»), Юн Бит Гарам («Сёнгнам»), Ли Сёнг Ки («Квангчжу»); ҳужумчилар – Ли Донг Гук («Чонбук»), Ким Шин Вук («Ульсан»).

Бошқа рақиблар

ЖЧ-2014 саралаш 4-босқичидаги Ўзбекистоннинг бошқа рақиблари – Эрон, Қатар ҳамда Ливан терма жамоалари ҳам бўлажак муҳим баҳсларга тайёргарликни давом эттиришмоқда. Жумладан, 11 сентябрь куни саралаш кампанияси доирасида Ливан терма жамоаси меҳмони бўладиган Эрон 5 сентябрь куни Иордания терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. ОФК расмий сайти хабарига кўра, Иордания пойтахти Амман шаҳрида бўлиб ўтган ўйин 0:0 ҳисобида якунига етган.

Ливан терма жамоаси 6 сентябрь куни Австралия билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушса, Қатар терма жамоаси ўз майдонида Тожикистон терма жамоасини қабул қилади. Маълумот ўрнида, Қатар терма жамоаси саралашнинг 4-турида дам олади.

Манба: the-uff.com
Киритилди: 13:11, 06.09.2012.
Ўқилди: 5506 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.