Ҳозир АПЛда топ-клублар шу қадар кўпайиб кетдики, ҳамманинг диққат-эътибори фақат уларга қаратилган.
Шу боис, «Брайтон»дек камтарин жамоанинг феноменал ўйинлари ўз мухлисларидан бошқа ҳеч кимни қизиқтирмаяпти. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг: таркибининг қиймати жиҳатидан АПЛ вакиллари орасида 16-ўринни банд этган жамоа тўпланган очколар бўйича 8-ўринда бормоқда, бой берилган очколар бўйича эса янада юқорироқ, 5-поғонага кўтарилиб олиш имкониятига эга. Ҳамма гап шундаки, «Брайтон» ўз концепциясига эга ва унга оғишмай амал қилади.
«Брайтон» трансфер бозорида қандай фаолият юритади?
Бу масалада барча қарорлар Тони Блумнинг ижозати билан қабул қилинади. У - «Брайтон» президенти. Қисқача маълумот берадиган бўлсак, Блум статистик таҳлиллар шайдоси, математикани Манчестер институтида ўзлаштирган. Кейин ўзининг ҳисоб-китоблари эвазига букмекерлик идораларида пул топа бошлаган ва тез орада уларнинг бирида иш бошлаган. Кейин юксак малакали Блум ўз компаниясига асос солди. Шунингдек, у покерга қизиқиши ва турнирларда ғолиб чиққани сабабли, иккита онлайн-покер сайтини очди.
Кейинчалик етарли маблағга эга бўлган Блум айнан «Брайтон»ни харид қилди. Тонининг бобоси 70-йилларда шу клубнинг вице-президенти бўлган, юрак хуружи туфайли стадионда вафот этганди. Бундан ташқари, унинг тоғаси клуб директори лавозимида ишлаган. Тони Блумнинг фаолияти ҳақида нафақат фильм, балки бутун бир сериал яратиш мумкин. Агар шундай қилишса, Блумнинг жамоа билан АПЛга чиққанини нишонлаётган сурати трейлер муқовасини безаган бўларди.
Фаҳмлаб улгурган бўлсангиз, «Брайтон» - математик ҳисоб-китоб асосида яшаётган жамоа. У ерда ҳамма нарсани таҳлил қилишади: жамоага келиши мумкин бўлган футболчилар, рақиблари ва ўз ўйинчилари...
Тўғри, АПЛнинг бошқа жамоалари ҳам шу каби юмушлар билан шуғулланадилар. Лекин «Брайтон»нинг йўриғи бошқа. 2018 йилда Тони Блум параллел равишда Бельгиянинг 2-дивизион вакили бўлмиш «Юнион» клубини ҳам сотиб олди. Бу жамоа 2022 йилда элитада 2-ўринни эгаллаб, ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритди. Ақл бовар қилмайдиган юксалиш!
Ана энди биз «Брайтон»нинг трансферларига ўтамиз. Охирги икки трансфер дарчасидаги асосий сотувлар: «Арсенал»га Троссардни 24 млн. еврога, «Тоттенхэм»га Биссумани 29 млн.га ва Кукурельяни «Челси»га 65 млн.га пулланди. Буларга Мопе, Эстигор ва Кларкнинг трансферларини қўшсак, умумий даромад 138 млн. еврони ташкил этади. Агар Кайседони «Челси» ёки «Арсенал»га сотишганида, қиймат 200 «лимон»дан ошиб кетарди. Ваҳоланки, «Брайтон» бу футболчини 2021 йилда «Индепендьенте»дан атиги 5 млн.га харид қилган, «Арсенал» у учун 70 млн. таклиф қилганди.
Таажжубки, етакчи футболчиларини йўқотган, қўшимчасига, мавсум давомида бош мураббийни алмаштирганига қарамасдан, «Брайтон» еврокубоклар ҳудудида бормоқда. Камтарин жамоа учун ажабтовур муваффақият.
Янги бош мураббий даврида жамоа қандай ўйин намойиш этмоқда?
Аввалги ўйини деярли ўзгармаган. «Брайтон» номдор жамоалар каби тўп суришга интилади. Тўп назорати бўйича АПЛнинг 4-жамоаси. Ўтган мавсумда у 54,3 фоиз кўрсаткич билан фақат «Челси» (62,2), «Ливерпуль» (63,1) ва «Манчестер Сити» (68,2)дан ортда қолди. Жорий мавсумда «Брайтон» 58, «Челси» 58,6, «Ливерпуль» 59,4, «Сити» 65,4 натижаларини қайд этмоқдалар.
Бу ҳолатдан ажабланмаслигингиз лозим. Чунки «Брайтон»нинг асосий «фишка»ларидан бири - ўз дарвозаси олдидан тўпни ерлатиб ва қисқа узатмалар орқали олдинга етказиб бериш. Дарвозабон тўпни рақиб ярим майдонига таваккалига йўллашдан кўра, яқин турган жамоадошига аниқ етказишни афзал кўради.
Де Зерби раҳбарлигида жамоа ўз ҳужумларини анча осонлик билан бошламоқда. Афтидан, мураббий бу масалага жиддий эътибор бераётгандек. Ҳозир унинг шогирдлари тўп учун курашда гавдадан қандай фойдаланиш, рақибни керакли томонга чалғитиш ва жамоадоши қайси ҳудудда бўшлиққа эга бўлишини олдиндан ҳис этишмоқда.
Бунга яқинда бўлиб ўтган «Ливерпуль»га қарши баҳс мисол бўла олади. Маълумки, «қизиллар»нинг асосий қуролларидан бири прессинг. Ўйиннинг дастлабки 5 дақиқасида «Брайтон»га қарши бу услуб наф бермаслиги аён бўлди.
Тўп дарвозабонда бўлган пайтда «Ливерпуль» босим уюштириш учун олдинга келди, аммо бир неча қисқа узатмалар эвазига 3 нафар рақиб ортда қолди ва «Брайтон» ҳужумга ўтиши учун ажойиб имконият юзага келди.
Ҳикоямиз аввалида «Брайтон» йўқотилган очколар бўйича 5-ўринда бораётганлиги зикр этилганди. Бу қандайдир тасодиф эмас, балки ўйинга яраша натижа. Сермаҳсуллик бобида «Брайтон» (ўртача 1,77 гол) фақат «МЮ» (1,84), «Арсенал» (2.17) ва «Сити» (2,56) дан ортда, холос.
Юқоридаги 2 кичик сарлавҳада қандай боғланиш бор?
Ўта жўн фикр: ҳужумкор футбол ўйинчилар маҳоратини тўлароқ юзага чиқариш имкониятини беради. Демак, трансферлардан кўпроқ даромад олиш мумкин. Агар жамоа ҳимоявий услубда ўйнаса, футболчиларнинг, айниқса, ҳужумчиларнинг маҳорати 100 фоиз кўзга чалинмайди.
Томошабоп футболнинг яна бир ижобий хусусияти - мухлислар аудиториясининг эътибори. «Брайтон» стадиони трибуналари жорий мавсумда мухлисларга тўлиб-тошмоқда, бандлик 99 фоиз. Яъни, бўш ўриндиқлар йўқ ҳисобида. Рақибнинг қайси жамоа эканлиги ҳам уларни қизиқтирмайди, улар суюкли жамоаларининг шиддаткор ўйинини кўриш учун келадилар. Бу эса футболчиларни янада дадилроқ бўлишга чорлайди.
Аввалги мавсумни ўзининг 121 йиллик тарихидаги энг юқори 9-ўринда якунлаган камтарин жамоа шу стратегия асосида тўп сурмоқда. Шу шиддат, шу қатъият давом этса, «Брайтон» бу рекордни янгилаши, еврокубок иштирокчисига айланиши ва албатта, даромад бобида ҳам рекорд ўрнатиши аниқ.
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади