Англия Премьер-лигасида мавсум ўзининг қизғин палласига кириб улгурган. Якун яқинлашгани сайин, жамоалар турнир жадвалида иложи борича тепароққа интилмоқда. Шундай бир пайтда, анъанага кўра, суперкомпютер жорий мавсум охири қандай бўлишини тахмин қилиб кўрди. Бунда, махсус дастур сўнгги ўйинлардаги натижаларни қайта ишлаб, хулосалар чиқарган. Халқаро танаффусдан қайтган жамоалар навбатдаги турга ҳар хил етиб келганди. Айрим клуб вакилларида чарчоқ ва жароҳатлар бўлса, қолганлари танаффусни ижобий равишда ўтказган.
Демак, суперкомпютер тахминларига эътибор қаратамиз. Доимгидек, "Арсенал" чемпион бўлиши айтилмоқда. Бу жамоа сўнгги турда "Лидс Юнайтед" билан тўқнаш келиб, ишончли тарзда ғалабага эришганди. Бироқ, Микель Артета жамоаси чемпионликка катта фарқ билан етиб бормайди. 38 турдан кейин "Манчестер Сити" тўпчиларга қарийб 3 очко фарқ билан яқинлашади. Негаки, Пеп Гвардиола жамоаси қийин бўлиши айтилган "Ливерпуль" билан баҳсда рақибни аутсайдер жамоа сингари мағлубиятга учрата олди. Айни дамда икки даъвогар ўртасидаги очколар фарқи саккизтага тенг. Мавсум якунланишида бу кўрсаткич учтагача қисқариши кутилмоқда.
Кучли тўртталик учун кураш ҳам аёвсиз кечиши тахминларда бор. Европа Чемпионлар лигасига йўлланма тақдим этувчи ўринларга айни дамда камида тўртта жамоа даъвогарлик қиляпти. Хусусан, "Ньюкасл" ўз майдонида "Манчестер Юнайтед"ни енгиб, учинчи поғонани тен Хаг жамоасидан олиб қўйди. Ушбу тартиб мавсум охиригача сақланиб қолиши кутилаётган бўлиб, "МЮ" ЕЧЛ учун сўнгги йўлланмага эга чиқиши айтилган. Бу шуни англатадики, "Тоттенхэм" ва "Ливерпуль" каби топ-клублар янги мавсумдан ЕЛ ёки Конференсиялар лигасида қатнашади. Бунда "шпорлар" 5 ўринни банд этган ҳолда, орадаги яна бир Европа лигаси поғонасига "Брайтон" жойлашади. Ундан кейингина Юрген Клоппнинг "Ливерпул"и келади.
"Челси" яқиндагина Грэм Поттерни бош мураббий сифатида истеъфога чиқарган эди. Айни дамда бу жамоа 11 ўринни эгаллаб турибди. Суперкомпютерга кўра, мавсум сўнггига қадар "Челси"нинг бу позицияси сақланиб қолади ва жамоа сўнгги йигирма йил ичида илк марта мавсумни шундай омадсиз, кучли тўртликдан 19 очко кам тўплаган ҳолда тугатади.
Жадвалнинг пастки қисмида жон сақлаб қолиш учун қаттиқ кураш кечмоқда. "Вест Хэм" билан ўйинда мағлубият аламини тотганидан кейин, "Саутгемптон" 20 ўринда қолиб кетиши кутилмоқда. Шунингдек, омадсизлар қаторида мавсум дебютанти "Ноттингем Форест" ҳамда "Эвертон" ҳам бор. Улар ҳам Чемпионшипга равона бўлишади.
ИСМАТОВ Ж.