"Челси" кейинги мавсумда янги мураббийга эга бўлади. Агарда жамоа Рубен Аморимни олиб келадиган бўлса, асосий таркиб ҳозиргисидан мутлақо бошқача кўриниш олиши мумкин. АПЛда ўта омадсиз қатнашаётган жамоа, "Спортинг" устозини ҳаммасини ўнглашига ишонч билдириши мумкин. Айни дамда "Челси" Грэм Поттерга ўринбосар топишга жуда ҳам қийналмоқда. Аморим эса ҳамма масалага ечим бўлиши мумкин. Негаки, у аллақачон Португалияда ўзини кўрсатиб улгурган. 38 ёшли мутахассис "Спортинг"ни 2021 йилда чемпионга айлантирган эди. Бундан ташқари у ўзи ишлаган жамоаларда лига кубогини уч марта қўлга киритган. Агарда Аморим "Челси"га келса, жамоа таркибида ва услубида катта ўзгаришлар ясалиши тахмин қилинган.
Рубен Аморимнинг "Челси"га келгач қиладиган биринчи иши, бу ярим ҳимояга собиқ "Спортинг" футболчиси Жоау Пальиньяни олиб келиш бўлади. 27 ёшли футболчи ҳозирда "Фулхэм" сафида ҳаракат қилмоқда. У кўплаб клублар қизиқишига сабаб бўлмоқда. Агарда у "Челси"га келса, у ҳолда Энцо Фернандес билан майдон марказини қўлга олиши мумкин бўлади. Яна бир ярим ҳимояга олиб келинадиган футболчи бу "Вулверхэмптон" юлдузи Матеус Нунесдир. У "Челси"га қарши ўтган турда фантастик голи билан жамоасига ғалаба олиб келганди. 24 ёшли ҳужумкор футболчи ҳам Аморим қўл-остида ҳаракат қилган. Агарда Нунес шундай темптда давом этса, шубҳасиз унинг кейинги фаолияти катта клублардан бирида давом этади.
Нунеснинг ўша, "Челси" дарвозасига урган голи ҳақида "Вулвз" афсонаси Стив Булл шундай деганди: "Бу ғалаба голи ҳаётимда кўрган энг чиройлиларидан бири. У менга Марко ван Бастеннинг 1988 йилги Европа чемпионатида урган голини эсимга солди. Голдан кейин Матеус Нунеснинг юзига эътибор бердим. У хурсанд эди. Футболчилар голдан кейин қувониши шарт. Акс ҳолда, улар қайта гол уришга қийналади".
Дарҳақиқат, голлар уриш "Челси"нинг жорий мавсумдаги энг оғриқли нуқталаридан бири бўлиб турибди. Клуб 30 та лига ўйинида жами 29 тагина голга муаллифлик қилган. Бу эса ўта камдир. Шу сабабдан янги мавсумда раҳбарият ёзда ҳужумга яна бир юлдузни жалб этиши мумкин. Албатта, бу харид Аморим тавсияси билан бўлади. Франция терма жамоаси аъзоси Кристофер Нкунку ўша футболчидир. "Лейпциг" юлдузи 53 миллион фунт атрофида баҳоланаётгани айтилади. Кўрамиз, бу масала қандай якун топаркин. Шунингдек, хабарларда "Челси" "Наполи" ҳужумчиси Виктор Осимхенни ҳам сотиб олиши ҳақида маълумотлар келтирилди. Тодд Боэли бу ишни ЕЧЛ футболисиз ҳам эплаши мумкин экан. Агарда шундай бўлса, "Челси" Рубен Аморимнинг 4-3-3 ҳужумкор тактик схемасига мосланади. "Спортинг" айни дамда шундай ҳужумкор схемани амалда қўллаб келмоқда.
Исматов Ж.