Ўзбекистон Coca Cola кубоги “F” гуруҳининг 1-туридан ўрин олган баҳсда “Навбаҳор” сафарда “Олимпия” меҳмони бўлади.
Мазкур жамоа янги ташкил этилганлиги боис, “лочинлар”нинг бўлажак рақиби тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтамиз.
“Олимпия” “Odil Ahmedov football academy” ҳамда Республика Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилди.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) эса ўз Устави асосида мазкур жамоани Биринчи лига мусобақаси учун рўйхатдан ўтказди.
ЎзПФЛнинг бу ҳақдаги баёнотида жумладан, шундай сатрлар келтирилган:
- Лига Уставининг 4.3-бандида у ўз ташаббуси билан болалар-ўсмирлар футболини ривожлантираётган, футбол соҳасига хусусий инвестицияларни киритаётган ҳамда хусусий сектор томонидан ташкил этилган футбол клубларини кириш бадалини тўлаш шарти билан қатнашчилар сафига қабул қилиши мумкин эканлиги белгиланган. Одил Аҳмедов футбол академиясида айни вақтда 9 ёш тоифасидаги жамоалар мавжуд бўлиб, улар сўнгги йилларда мунтазам равишда республика мусобақаларида иштирок этиб келмоқда. 5 йил давомида мазкур мактаб болалар-ўсмирлар футболида ўз ўрнига эга бўлиб улгурганлигини унинг тарбияланувчилари турли ёшдаги Ўзбекистон терма жамоаларига жалб қилинаётгани, бир нечта тарбияланувчи эса аллақачон профессионал шартнома имзолашга улгурганлиги билан изоҳлаш мумкин.
Республика Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази билан ўзаро меморандум асосида академиянинг бир қатор футболчилари мазкур марказда таҳсил олади. Шунингдек, академия марказ спорт базасидан фойдаланиш шартида унинг инфраструктурасига инвестиция киритиб келади. Эндиликда ҳамкорлик натижасида ёш футболчилар Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган мусобақаларга қадам қўяди. “Олимпия” Биринчи лигадан ташқари, Ўзбекистон кубоги мусобақасида ҳам иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
Профессионал футбол лигаси “Олимпия” футбол жамоасининг келгуси фаолиятига омад тилайди.
Эслатиб ўтамиз, “Олимпия” – “Навбаҳор” ўйини 19 апрель куни Тошкентдаги РОЗК стадионида соат 16:45 да старт олади.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.