Тошкентда ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг ярим финал беллашувлари давом эттирилмоқда. Ҳозиргина 75 кг вазндаги вакилимиз Аълохон Абдуллаев финал йўлланмаси учун бразилиялик Вандерлей Перейрага қарши жанг қилди.
Дастлабки икки раунд бир хил кўринишда бўлди: Аълохон бўлимлар бошида юқори иштиёқ эвазига бир нечта кучли зарбалар берган бўлса, раундларнинг иккинчи ярмида рақиб кўпроқ очко берувчи зарбаларга аҳамият қаратди. Натижада сўнгги раунд олдидан ҳисоб тенг бўлиб турди.
Учинчи бўлимда эса Абдуллаевда бироз чарчоқ сезилган бўлса, Перейра концентрацияни йўқотмаган ҳолда Аълохонга нисбатан кўпроқ зарба бера олди. Якуний баҳолар — 1:4 (30:27, 28:29, 28:29, 28:29, 28:29).
Шу тариқа, Аълохон Абдуллаев ўзи учун дебют ҳисобланган жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритди.