"Милан"да Чемпионлар лигасини ўтказиб юборган тақдирда кадрлар ўзгариши мумкин.
La Gazzetta dello Sport нашрининг ёзишича, кейинги 4-5 учрашув Стефано Пиоли ва Паоло Мальдинининг "Милан"даги келажаги учун ҳал қилувчи бўлиши мумкин. Агар клуб Чемпионлар лигасининг ярим финалида (биринчи ўйин – 0:2) "Интер"дан мағлуб бўлса ва мавсум якунига кўра А Серияда кучли тўртталикка кира олмаса, улар истеъфога чиқарилиши мумкин.
2022 йил июнь ойи охирида Мальдини ва Пиоли билан шартномалар узайтирилиб, уларга жамоа қурилиши ишониб топширилди. Бироқ "Милан"га эгалик қилувчи RedBird сармоявий компанияси ўтган ёзда жамоага келиб қўшилган футболчиларнинг ҳеч бири муваффақиятга эриша олмаганидан афсусда.
Милан хўжайинлари Пиоли ва Мальдини ҳақида шубҳаланишмоқда. Улар, айниқса, А Сериянинг 35-тури доирасидаги ўйинда "Специя"га (0:2) мағлуб бўлганидан сўнг шубҳа кучайди. Уларда жамоа орқага қадам ташлаганини ҳис қилишди ва бу RedBird компаниясининг клубга сармоя киритган пулларини йўқотишига олиб келди.
"Милан" сўнгги 5 учрашувда 1 та ғалабага эришди. А Серияда жамоа 4-ўриндаги “Лацио”дан 4 очко ортда қолган ҳолда 5-ўринда бормоқда. “Россонерлар” навбатдаги ўйинини эртага, 16 май куни Чемпионлар лигаси 1/2 финалида “Интер”га қарши ўтказади.