"Арсенал" ўзи учун драматик якун топаётган мавсумдаги хатоларини қайта кўриб чиқиши керак. Жамоа ўз камчиликларини тўғирлашга кириша бошлади. Микель Артета янги мавсум учун янги режалар ва чемпионлик одимларини ўйлаяпти. Бунинг учун таркибни янада кучайтириш лозим. Шу мақсадда "Арсенал" яна иккита "Манчестер Сити" юлдузини харид қилади. Ундан ташқари Деклан Райс ҳам режада мавжуд.
Жамоа 2004 йилдан бери илк марта чемпион бўлиш имкониятларини "Брайтон" билан баҳсда бой берганди. Шок мағлубият "Манчестер Сити"нинг имкониятларини янада ошириб юборди. Эндиликда Гвардиола жамоаси шанба кунги "Челси" билан ўйинда чемпионликни расмийлаштириши мумкин.
Микель Артета ҳаммасини бошидан бошлайди. Кейинги мавсум учун жиддийроқ қайғуриш зарур. "Арсенал" қўлида аллақачон иккита собиқ "Etihad" юлдузлари бор. Сўнгги хабарларга кўра эса тўпчилар ёзда яна "Манчестер Сити"га юзланади. Улар манчестерликлардан яна иккита футболчи харид қилишни мақсад қилган. Шулардан биринчиси Жоау Канселудир. У айни пайтда "Бавария" сафида ижара асосида тўп сурмоқда. Гарчанд унинг "шаҳарликлар" учун фойдаси беқиёс бўлсада, Гвардиола уни ижарага бериб юборганди. 28 ёшли футболчига ёзда "Манчестер Сити" сафида жой топилиши қийиндек кўринмоқда. Бу эса "Арсенал" учун яхши имкон. Канселу учун курашиб кўрса арзийди.
Яна бир "Манчестер Сити" юлдузи "Арсенал" радарига тушган. У Илкай Гюндогандир. 32 ёшли ярим ҳимоячи Артета жамоаси учун ўта фойдали харид бўлган бўларди. Немис футболчиси буни майдондаги ҳаракатлари билан исботлаб келмоқда. Гюндоган ёзда эркин агентга айланади. У ўз жамоаси билан янги битим имзоламаслигини билдирган эди. Гарчанд Гюндоганга "Барселона" қизиқиш билан қараётган бўлсада, каталонияликларнинг унга тўлайдиган пули йўқ. Қолаверса, улар ҳозир ҳамма эътиборини Лионель Мессини қайтаришга қаратган. Бу эса "Арсенал" учун яхши имконият демакдир.
Ваниҳоят, "Арсенал" бу ёзда ўз тарихидаги энг катта трансферни амалга ошириши мумкин. Клуб "Вест Хэм" сардори ва Англия терма жамоаси аъзоси Деклан Райсни ўзиники қилмоқчи. Ҳозиргача "Арсенал" рекорд даражада 72 миллион фунтни, 2019 йилда Николя Пепега сарф этганди. Райс бу борада янги рекордга сабаб бўлади. "Арсенал" у учун 90 миллион фунтдан воз кечишга тайёр эканини билдирган. Гранит Жаканинг жамоадан кетиши, Томас Парти ва Жоржиньоларнинг тақдири номаълум эканлиги, "Арсенал" олдига ярим ҳимоя масаласини кўндаланг қўймоқда. Деклан Райс ЕЧЛда ўйнашни орзу қилади. "Арсенал" унга бу имкониятни тақдим эта олади.
ИСМАТОВ Ж.