Аслида фақатгина халқаро майдонда тўп сурадиган клублар билангина чекланиш мумкин. Бироқ 2020 йилга келиб миллий лицензиялаш талаблари ОФК лицензиялаш талабларига мослаб чиқилди. Шу йўл орқали ЎзПФЛ футбол клублар инфратузилмаси ва ташкилий шаклини босқичма-босқич ОФК талабларига мослаштирди.
Бу ўз навбатида Суперлига ва Про лиганинг етакчи клубларига лицензиялаш жараёнидан осон ўтиш имкониятини тақдим этди. Чунки Лига йил давомида футбол клубларини мазкур жараёнга тайёрлаб келади. Ўз вақтида "Насаф" каби етакчи клубларимиз ҳам кетма-кет икки йил ОФК лисензиялаш талабларини бажара олмаган бўлса, бугунга келиб бу борада муаммо йўқ. Лига ва профессионал футбол клублари бир ёқадан бош чиқариб, муаммоларни енгиб ўтяпти.
Бунда Лига фақатгина катта клублар билангина чекланиб қола олмайди. Суперлига ва Про лига вакиллари сонини босқичма-босқич ошириб бориш учун бизга лицензиялаш талабларига жавоб бера оладиган қатор клублар керак бўлади. Шундан келиб чиқиб, даъвогарлар сонининг ва албатта лицензиялаш жараёнидан ўтаётган клублар сонининг ошиб бориши, улар бир неча йиллар давомида барқарор фаолият олиб бориши ички чемпионатда рақобат муҳитини янада оширади.
Маълумот учун, 2020 йилдан бошлаб лицензия учун даъвогарлар сони мос кетма-кетликда ошиб борди: 14 та, 22 та, 25 та. Лицензияга эга чиққан клубларда ҳам шундай: 7 та, 12 та, 17 та.
Япония ва Жанубий Кореяда кўрсаткич нима учун камроқ бўлди?
Аслида бу икки мамлакат футбол клублари лицензиялаш жараёнида Осиё етакчилари ҳисобланади. Бир йил аввал Япониянинг 54 та клуби, Жанубий Кореянинг эса 18 та клуби лисензияга эга чиққанди. Ўзбекистон эса 12 та кўрсаткич билан улардан кейинги ўринни эгаллади.
Бир қарашда жорий мавсум ҳам улар буни такрорлаши мумкин эди. Бироқ Япония ҳам, Жанубий Корея ҳам лисензиялашга асосан Чемпионлар лигасида иштирок этадиган клубларинигина жалб қилди. Япония ва Жанубий Кореяда мавсум Ўзбекистондаги каби баҳор-куз тизимида ўтказилади. ОФК мавсумий тақвимини айнан шу йилдан ўзгартираётганидан келиб чиқиб, қитъанинг икки етакчи мамлакати шундай йўл тутди. Аслини олганда эса улар ўз клубларига қўядиган талаб ОФК талабларидан кучлироқ ҳам ҳисобланади.