Требл сўнгги, катта ютуқ бўлиши мумкин
Кетма-кет учталаб турнирда ғолиб бўлган "Манчестер Сити" янги мавсумни туб ўзгаришлар билан бошлаш арафасида. Якунига етган мавсумда "Сити" кутилмаганда азалий рақиби "Ливерпуль" билан эмас, Гвардиоланинг шогирди узтозлик қилаётган "Арсенал" билан жиддий рақобатга дуч келди. Чемпионлик пойгаси узоқ вақт давом этди. Маррага оз қолганда Артета шогирдлари хатога йўл қўйишди ва ўз қўллари билан "Манчестер Сити"га чемпионликни тортиқ этишди. ЕЧЛда эса, кетма-кет қийин рақиблар, аввалига "Бавария", кейин "Реал", финалда "Интер"ни мағлуб этиб Европада тенгсиз бўлди.
Англия Кубоги финалида ҳамшаҳарлари "Манчестер Юнайтед" билан дербида майдонга тушиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва Англия Кубогига эга чиқди.
Энг ажабланарлиси, Пеп Гвардиола ҳаро учала турнирда таркибдаги деярли барча футболчилардан фойдаланди, кутлмаган ротациялар амалга оширди. Учала тирнирга ҳам жиддий ёндашди. 23 ёшли Хулиан Альварес ўзи орзу қилган барча совринларни қўлга киритди. Эрлинг Холанд эса, "Олтин тўп" учун жуда катта қадам ташлади.
Кўп етакчи футболчилардан воз кечиш вақти келди
Янги мавсум бошланишидан олдин жамоани бир қанча футболчилар тарк этишади. Илкай Гюндоган анча вақтдан бери "Барселона" нишонида ва охири бу трансфер амалга ошди. Германиялик футболчи "кўк-анорранглилар" билан 2+1 шаклдаги шартномага имзо чекди.
Рияд Маҳрез билан Саудиянинг "Ал Аҳли" клуби қизиқмоқда, клуб президенти жазоирлик билан учрашиш учун Англияга ҳам келган. Вингер таклифни рад этмоқчи эмас, унга йилига 50 миллион евро маош таклиф қилинган. Рияд билан бирга Бернарду ҳам араб клублари нишонида. Португалияликнинг "Сити" билан шартномаси якуига етиб боряпти, унга ПСЖ ва "Бавария"дан ҳам қизиқишлар бор.
Улардан ташқари, Кайл Уокер, Аймерик Льяпорт ва Жоау Канселу ҳам "шаҳарликлари"ни тарк этиш арафасида. "Бавария" Кайлга асосий даъвогар, мюнхенликлар "Манчестер Сити"га 20-30 миллион евро тўлашга тайёр. Футболчи эса, айни дамдаги жамоаси билан шартномани узайтириш борасида музокара ўтказяпти.
Кетганларнинг ўрнини тўлдириш керак
Вазиятдан келиб чиқиб, "шаҳарликлар" бир қанча янги футболчилар билан шартнома масалаларини кўриб чиқмоқда. Мисол учун, "Челси" футболчиси Матео Ковачич билан келишувга эришилди. "Аристократлар" 25+5 миллион фунт-стерлинг миқдорида товон пули олади. Ярим ҳимоячи тез кунларда тиббий кўрикдан ҳам ўтади.
Параллел равишда "Вест Хем" футболчиси Деклан Райсга ҳам кўз тика бошлади. Бу борада "Арсенал" ҳам ярим ҳимоячи учун рақобатда. "Канонирлар" 80 миллион фунт-стерлинг таклиф этишди, аммо "болғачилар" 100 миллион хоҳламоқда. "Вест Хем" "Манчестер Сити"дан таклиф кутишини яширмаяпти. "Шаҳарликлар" ҳам яқин кунларда расмий таклиф юборади.
"Манчестер Сити" учун яна бир потенциял трансфер "Лейпциг" ҳимоячиси Йошко Гвардиол. Хорватиялик футболчи сўнгги йилларда муносиб равишда ўсишга эришди ва аллақачон у терма жамоасининг асосий ҳимоячисига айланган. Немис клуби Йошко учун 100 миллион евро ва бонуслар хоҳлашади. "Сити" эса, бу миқдорни 80-85 миллионгача камайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Тубдан ўзгариш вақти келди
"Мовий ранглилар" янги мавсумдан жамоа таркибида жиддий ўзгаришлар қилмоқчи. Клубни тпрк этишни хоҳлаганларга чиқиш эшикларини очиб беряпти. Уларнинг ўрнини эса, иложи борича тезроқ тўлдириш илинжида. Янгиларнинг келиши ва жамоага мослашиши ҳам анча вақт талаб қилади.
"Манчестер Сити" тезроқ бир қарорга келиши, сотадиганини сотиб, оладиганини олиш керак. Чунки, янги мавсумдан Премьер Лигада жанг авжида бўлади. Аввалги даврига қайтган "Арсенал", азалий рақиб "Ливерпуль" ва кутилмаган натижа қайд этадиган "Челси" кабилар ажойиб рақобат таклиф этади.
"Шаҳарликлар"нинг молиявий ҳолати исталган футболчини харид қилишга қодир. Янги мавсумдан жамоанинг таркибий кўриниши қандай бўлади, буни эса вақт кўрсатади. Кўрамиз, кузатамиз...