Европа бўйлаб бир қанча футболчилар ўз шартномалари якунига етаётгани сабабли эртага эркин агентга айланишади. Масалан, Вильфрид Заа, Давид Де Хеа ва Серхио Рамосларни сиз текинга ўз клубингизга олиб келишингиз мумкин. Хусусан, 30 ёшли Заага кўплаб жамоалардан қизиқишлар мавжуд. Ҳужумчи "Кристал Пэлас"нинг ҳафтасига 200 минг фунтлик шартномасини рад этганди. Вингер ЕЧЛда ҳаракат қилишни орзу қилади. Шу сабабли "Лацио" ёки "ПСЖ"га ўтиш эҳтимоли мавжуд. Албатта, унда вариантлар анчагина. Ана шундай, олдида ҳар хил йўллар бўлган юлдузлардан яна бири Серхио Рамосдир.
"ПСЖ" билан шартномасини узайтиришдан бош тортганидан сўнг, Рамос яна Испанияга қайтиши кутилмоқда. У ҳаммасини қаердан бошлаган бўлса, ўша ерга – "Севилья"га ўтиши мумкин. Фахрий футболчи Европада қолиш ниятида. Шу сабабдан араблар ёки америка клубларидан келадиган таклифларни кўриб чиқмаслигини билдирган. Унинг собиқ "Реал"даги жамоадоши Анхель Ди Мария ҳам ўхшаш вазиятга эга.
Бир мавсумлик "Ювентус"даги фаолиятидан кейин, ҳужумчи Италияни тарк этадиган бўлди. У ҳам ЕЧЛ футболини хоҳлайди. Шу сабабдан ўзининг эски жамоаси бўлмиш "Бенфика"га қайтиши мумкин. Португалиянинг бошқа бир жамоаси, "Спортинг"да ижара асосида ҳаракат қилган Эктор Бельерин ўзи тарбия топган "Реал Бетис"га қайтадиган бўлди.
Давид Де Хеага "МЮ" томонидан янги битим таклиф этилганди. Аммо охирги дамда "қизил иблислар" фикридан қайтиб қолган. Шу сабабли 32 ёшли дарвозабон ўзига янги жамоа қидиравериши керак.
"Ливерпул"нинг собиқ жуфтлиги Роберто Фирмино ва Алекс Окслейд-Чеймбрленлар "Энфилд"дан кетганди. Уларга кўплаб таклифлар бор. Масалан, Фирмино Саудия Арабистонига йўл олишга яқин тургани айтилмоқда. Ярим ҳимоячига эса "Астон Вилла", "Брайтон" ва "Ньюкасл" қизиқиш билдирган.
Собиқ "МЮ" ҳимоячиси Дэйли Блинд ўтган мавсумни "Бавария" билан якунлади. Унинг шартномаси тугагани сабабли, нидерландиялик футболчи эркин агентга айланди ва ўзи учун яхши таклиф кутмоқда. Яна бир юлдуз футболчи Стефан Де Врейнинг ҳам тақдири номаълумлигича қолмоқда. У "Интер" таклиф қилган янги битимни ҳали ҳам қабул қилмаган. Шу сабаб тез фурсатларда эркин агент мақомига эга бўлади. "Кёльн" ярим ҳимоячиси Элье Скири яна бир текин футболчилардан биридир. Унга "Милан" қизиқиш билдирмоқда. Тез орада Сандро Тонали ўрни Скири билан тўлдирилиши мумкин. "Айнтрахт" клуби юлдузи Дайичи Камада ҳам 1 июлдан эркин агентга айланади. Шундай экан, Япония терма жамоаси аъзосига ҳам янги клуб керак.
ИСМАТОВ Ж.