«Тоттенхэм» раҳбарияти аввалги ҳафта клубнинг янги бош мураббийи шахсини расман эълон қилди - Анге Постекоглу. Австралиялик мутахассис бунга қадар Европада «Селтик» клубини бошқарган эди.
Лекин масаланинг нозик томони шуки, у Англия футболида фақат «Ливерпул»га мухлислик қилган...
Англиялик журналистлар «Тоттенхэм» танлови эълон қилингач, Анге Постекоглу тарихини титкилашга тушдилар ва унинг 2013 йили Channel 10 телеканали (Австралия)га берган интервьюсини топишди. Мураббий унда болалигидан «Ливерпул»га мухлислик қилишини айтган ва ҳаттоки, «қизиллар» ҳақида гапиришда «биз» иборасини ишлатган.
Табиийки, ўша интервьюдан иқтибослар ҳам келтирилди:
«Деярли бутун умрим давомида фақат «Ливерпул»га мухлислик қилганман. Тўғри, 1971 йили Англия кубоги финалида «Арсенал»га ютқазганимизни унча яхши эслолмайман, лекин шундан кейин чинакамига мухлислик қила бошлаганман. Аввалига Кевин Киган, кейинроқ Кенни Далглиш каби футболчилар ҳақиқий қаҳрамонларимга айланишди. Албатта, Билл Шенкли тарихини тўлиқ ўқиганман, клубимиз ифодалаган ўша маданият ва кўрсатган ўйинни жуда қадрлайман. Қисқаси, «Ливерпул»ни қўллаб-қувватлаб улғайдим, шунинг учун бугун мураббийман. Моҳиятан Билл Шенкли, Боб Пейсли ёнида, мураббийлар штаби кенгаши ўтган хонада, Ронни Моран, Жо Фэган, Рой Эванс каби йигитлар «давра»сида улғайдим. Ўша фалсафа ҳозир ҳам мен билан. Футбол бутун дунёда модага айланмасидан олдин жамоамиз тўп назоратига асосланган ўйинни юқори даражага олиб чиққанди. Шахсий нуқтаи назарим бўйича бу ҳаммани сеҳрлайдиган тажрибадир. Умид қиламанки, аввалига «Юнайтед» устидан ғалаба қозонаман ва бу орзудаги ҳафта бўлади».
Дунёнинг ишларига қаранг, «Ливерпул»га муҳаббат қон-қонига сингиб кетган мураббий энди севимли жамоасининг асосий рақибларидан бири «Тоттенхэм»да иш бошлади...