Харри Кейн АПЛдаги энг яхши ҳақ тўланадиган футболчилардан бирига айланади. Бу нарса амалга ошиши учун ҳужумчи "шпорлар" таклиф қиладиган шартномага рози бўлиши керак. У янги тайинланган мураббий Ангелос Постекоглу билан кўришиб, келажагини муҳокама қилиб олади. Агарда Даниэль Леви қайсарлигини қўймай, Кейнни жамоада олиб қоладиган бўлса, бир йилдан кейин уни йўқотиши мумкин. Аммо бу вазиятда футболчи янги шартномага кўнмаслиги керак. Ҳозир айнан мана шу масала кун тартибида турибди. "Тоттенхэм" раҳбарияти қандай бўлмасин, Кейнни янги битим тузишга кўндирмоқчи.
Англия терма жамоаси сардори янги клубга ўтишга қаттиқ тиришган. Аммо Даниэль Леви бу ҳаракатларни пул билан тўхтатиш мумкин деб ҳисоблайди. У Харри Кейнга ҳафталик 400 минг фунт маош таклиф этади. Афсуски, бу ҳаракатлар бесамар кетиши аниқ. Негаки, Кейннинг кетиш ҳақида ўйлай бошлаши ортида иқтисодий мотивлар мавжуд эмас. Ҳужумчи совринлар ютишни истайди.
Аввалроқ "Тоттенхэм" устози Ангелос Постекоглу Кейн келажаги борасида аниқ маълумотга эга эмаслигини таъкидлаган эди. Бу эса кетиш нияти жиддий эканидан далолат беради.
"Бавария" Кейн учун асосий даъвогар саналади. Икки ўртада шахсий шартлар борасида муаммо йўқлиги айтилади. Ҳаттоки, мюнхенликлар бош мураббийи Томас Тухель Лондонда Кейн билан учрашган ҳам эди. Бу нарса Даниэль Левининг ғазабини қўзғаган. Шу сабабли у "Бавария"дан келадиган ҳар қандай таклифни рад этишга ҳаракат қилмоқда. Масалан, 60 миллион ва 70 миллион фунтга тенг икки таклиф қабул қилинмади. Бу бежиз эмас, албатта.
Агарда "Тоттенхэм" ўз мақсадига эришиб, Кейнни олиб қолса, футболчи энг кўп маош оладиган АПЛдаги иккинчи юлдузга айланади. Айни дамда маош борасидаги етакчилик Эрлинг Холандга тегишлидир. У ҳафтасига 865 минг фунт олади. Кейн ушбу янги битими орқали Муҳаммад Салоҳ ва Кевин Де Брюйнени ортда қолдириши мумкин (385 минг фунт).
ИСМАТОВ Ж.