Айни ватқда жамоасиз қолган футболчилар ҳам етарлича топилади. Биз эса, ёзги трансферлар ойнасида эркин агентга айланган машҳур футболчилар ҳақида таништириб чиқамиз.
Давид Де Хеа
Де Хеа яқиндагина "озод қуш"га айланди. Унинг "Манчестер Юнайтед" билан шартномаси 30 июнга қадар амалда эди. Томонлар шартномани узайтриш борасида келиша олмади, гарчи даврозабон миш-мишларга кўра маошини қисқартиришга ҳам тайёр эди. 32 ёшли футболчи клуб илтимосига кўра эркин фгентга айланди. Де Хеа "Манчестер Юнайтед"даги 12 йиллик фаолиятдан сўнг ўзига янги клуб излашга мажбур. Аммо профессионал даврозабон учун бу унчалик муаммо бўлмаслиги мумкин. Якунига етган мавсум АПЛнинг энг яхши дарвозабони узоқ вақт ишсиз юрмайди.
Иско
Иско анчадан бери эркин агент бўлиб келган. 2022 йил охирида футболчи "Севилья"ни тарк этди ва шундан бери клубсиз. Ажабланарлиси шундаки, унга бирор жамоадан таклиф келиб тушмаган. Бўлган тақдирда ҳам уни рад этган. Қишда унга Бундеслига клублари харидор эди. "Лейпциг" ва "Унион" жамоалари Искони сафига қўшиб олишга тайёр эди. Аммо у Германияга бормади. Охирги хабарларга кўра, 31 ёшли ярим ҳимоячи "Райо Вальекно" билан келишувга эришган, лекин ҳали расман эълон қилинганича йўқ. Балки Иско бошқа клублардан таклифларни кутаётгандир, лекин "Райо Вальекано" ҳам яхши вариант.
Жорди Альба
Альба якунига етган мавсум охирида "Барселона"ни тарк этганди. Кўпчилик 34 ёшли ҳимоячининг кейинги манзили "Интер Майами" деб билмоқда. Эслатиб ўтамиз, АҚШ клубига Жордининг эски жамоадошлари Месси ва Бускетс ўтган эди. Аммо Альба трансфери борасида расман эълон қилинганича йўқ. Ҳимоячига айни вақтда Европа клубларидан ҳам таклифлар бор. Футболчи ҳали бир қарорга келганича йўқ.
Жесси Лингард
Лингард 2022 йилнинг ёзида "Манчестер Юнайтед"ни тарк этгач, "Ноттингем Форест" билан 1 йиллик шартнома имзолаганди. "Ўрмончилар" АПЛда қолиш учун кураш олиб борди ва "қизил иблислар"дан келган футболчи "Ноттингем"га ҳеч қандай ёрдам бера олмади. 30 ёшли ярим ҳимоячи якунига етган мавсум АПЛда 17 та ўйнда майдонга тушиб гол ура олмади, аммо Лига Кубоги доирасида 2 та гол уришга муваффақ бўлди. Ўтган йили Лингардга даъвогарлар кўп эди. Бу ёзда футболчига харидорлар жуда кам.
Хамес Родригес
Сўнгги вақтларда Хамес тез-тез клубини ўзгартириб турибди. 2020 йилда "Эвертон"га, 2021 йилда "Ал Райян"га, 2022 йилда "Олимпиакос"га ўтди ва 2023 йилда эркин агентга айланди. Греция чемпионати доирасида 31 ёшли ярим ҳмиоячи 17 та ўйинда 5 та гол ва 5 та голли узатмани амалга оширди. Колмбиялик футболчи Европада фаолиятини давом эттирмоқчи. Кейинги вақтларда унга бирорта таклиф бўлмаган. Аммо Яқин Шарқда унга бир қанча харидорлар бор.
Эден Азар
2019 йилда "қаймоқранглилар" уни "Челси"дан 115 миллион еврога сотиб олганини ҳисобга олсак, Азарнинг трансфери "Реал" учун энг омадсиз харидлардан бири саналади. 4 йил давомида "Қироллик клуби" сафида жами бўлиб, бор-йўғи 76 та ўйин ўтказиб 7 та гол урди ва 12 та голли узатмани амалга оширди. Мадрид жамоаси бельгияликдан бутунлай бошқача ўйин кутишганди. Ҳамкорлик шу даражада муваффақиятсиз бўлдики, томонлар шартнома муддати тугамасдан хайрлашди. 32 ёшли футболчи фаолиятини якунлаши ҳақида миш-мишлар бор. Шу билан бирга, Азарнинг ўзи ҳам юқори савияда ўйнаш учун куч ва иштиёқ борлигини таъкидлади.
Серхио Рамос
Рамос сўнгги 2 мавсумни ПСЖда ўтказди. 37 ёшли ҳимоячи жамоасидаги ишончли футболчига айланди. Серхио "Севилья"га қайтиш нияти борлигини айтди, аммо "невионлар" уни сотиб олмоқчи эмас. Клуб ўз тарбияланувчисини ҳурмат қилади, лекин жамоага қайтаришни режалаштирмаяпти. Шунингдек, футболчига "Интер Майами" қизиқиш билдиргани ҳақида хабарлар бор. У яна Месси билан жамоадош бўлиши мумкин.
Алексис Санчес
Алексис якунига етган мавсумни "Марсель"да ўтказди ва жамаосининг Чемпионлар лигасига чиқишга катта ҳисса қўшди. 34 ёшли ҳужумчи якунига етган мавсум Лига1 да 35 та ўйинда майдонга тушиб, 14 та гол урди ва 3 та голга ассистентлик қилди. Қолаверса, у аввал Франция чемпионатида ўйнамаган. Айни вақтда "Марсель" ва Санчес ўртасида янги шартнома борасида музокаралар олиб борилмоқда. Агар шартнома янгиланмаса, у эркин агентга айланади.
Диего Коста
Коста фаолияти давомида кўплаб клубларда ўйнади. 2021 йилнинг августида Диего "Атлетико Минейро"га ўтди ва Европага қайтмайдигандек кўринди. Аммо 2022 йил сентябрида "Вулверхемптон"дан таклиф олди ҳамда бразилиялик у ерда эркин агент сифатида ўйнади. 34 ёшли ҳужумчи ўтган мавсумда АПЛда 23 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол урган. Албатта, Коста клуб умидларини оқлай олмади. шунинг учун у яна эркин агентга айланди. Алексисга ўхшаб, Диего истаса янги клуб топа олади, аммо испаниялик фаолиятини тугатиш ҳақида ҳам ўйламоқда.
Ёзги трансферлар ойнаси ҳали ёпилмади ва юқорида санаб ўтилган "озод қушлар" ўзига янги клуб топиш имкониятига эга. Буёғини вақт кўрсатади. Кўрамиз, кузатамиз...