Жордан Хендерсон тез орада Ўрта Шарқда кўпайиб бораётган фахрий футболчилар сафини тўлдиради. "Ал-Иттифоқ"қа Стивен Жеррард келганидан кейин, у ўзига керакли бўлган футболчиларни Европадаги жамоаларидан тортиб олмоқда. Хендерсон масаласи ҳал қилингач, Жеррард "эски фирқа" вакиллари бўлган Садио Мане ва Филиппе Коутиньоларни ҳам олиб келишни режа қилган.
Кетишдан олдин, "Ливерпуль" Хендерсонга ўйлаб олиш учун вақт берди. Юрген Клопп ундан жамоада қолишини сўраган. Аммо бир ҳафтада 700 минг фунт ишлаш кимга ҳам ёқмайди дейсиз. Агарда Хендерсоннинг кетиши амалга ошса, у ҳолда мерсисайдликлар олдида 2015 йилдан бери илк бор сардор ўзгариши юз беради. Қуйида 33 ёшли футболчининг ўрнига "Ливерпуль" кимни сардор қилиши мумкин эканини кўриб чиқамиз.
Алиссон Бекер
Дарвозабонлар тез-тез сардорликка тайинланишади. Негаки, уларда бошқа футболчиларда йўқ бўлган, майдонни бутунлигича кўриш имконияти мавжуд. Алиссон беш мавсумдан бери Клопп жамоасида ва аллақачон ўта муҳим фигирага айланиб улгурган. Шундай экан, бразилияликнинг сардорлик қилишга тўла ҳаққи бор.
Эндрю Робертсон
АПЛдаги энг меҳнаткаш футболчи ким деган саволга, ҳеч иккиланмасдан Робертсон дея жавоб бериш мумкин. Исталган футболчидаги энг қадрланадиган нарсалардан бири бу меҳнаткашликдир. Шунингдек, жамоа сардорлари ҳам шундай бўлиши керак. Робертсонда Хендерсондан кейин, клуб миқёсида ҳам шундай имконият пайдо бўлиши мумкин. Шотландия терма жамоаси аъзоси 2018 йилдан бери ўз миллати учун сардор сифатида жамоасини майдонга олиб тушади. Шундай экан, Робертсон бу ишни бемалол эплайди.
Трент Александер-Арнольд
Академиядан чиқиб туриб, жамоа сардори бўлиш ўзгача саналади. Александер-Арнольдда айнан шундай имконият пайдо бўлади. Эндигина 24 ёш бўлган футболчи, АПЛдаги энг ёш сардорлардан бирига айланиши мумкин. Ҳам қанот ҳимоячиси, ҳам ярим ҳимоячиликни эплай оладиган Трентга бу мақом ярашган бўларди. Негаки, у 5 йилдан бери жамоасида муҳим ўрин тутиб келмоқда. Агарда унга сардорлик берилса, Александер-Арнольд, Жеррарддан кўра эртароқ бу ишни бошлайди.
Муҳаммад Салоҳ
Салоҳ қачон бўлишидан қатъий назар, "Ливерпул"ни афсона сифатида тарк этади. Бунга Миср терма жамоаси аъзосининг 2017 йилдан бери Мерсисайд клубида сафида қилган барча ишлари имкон беради. Салоҳ 2019 йилдан бери ўз миллий терма жамоасига сардор саналади. Ҳужумчи АПЛга келганидан бери бир мавсумда 19 тадан кам гол урган эмас. Шундай экан, у сардорликни ўз бўйнига олишга қодир.
Виржил ван Дейк
Хендерсон майдонда бўлмаган пайтида сардорлик боғичи кимда бўлади? Албатта, ван Дейкда! Ҳимоячи "Ливерпул"га келган 2018-19 йилги мавсумдан бери ўринбосар сардор сифатида ҳаракат қилиб келмоқда. Нидерландия терма жамоаси ҳам 2018 йилдан бери Виржил ган Дейк сардорлиги остида. Шу сабабли уни энг лойиқ номзод дейиш мумкин.
ИСМАТОВ Ж.