Ральф Рангник "МЮ"ни тарк этишидан олдин таркибда тозалаш ишлари ўтказиш кераклигини айтганди. Унинг ўрнига келган Эрик тен Хаг шу ишни амалга оширди. Аммо биз уни сотиб олган футболчиларини биламиз холос. Каземиро, Эриксен, Мартинес ва Антонилар ўтган мавсумнинг яхши якунланишида катта ўринга эга бўлди. Бироқ, кетганларнинг тақдири не кечди? Ўзи улар кимлар? Қуйида шу каби саволларга жавоб топасиз.
Эдинсон Кавани
Кавани "МЮ"ни эркин агент сифатида тарк этади. Унинг янги жамоаси "Валенсия" эди. Ҳужумчи ўз даражасига қайта чиқа олмайди. Мавсум Кавани учун 5 та гол билан якунланди. "Кўршапалаклар" эса Ла-лигада зўрға жон сақлаб қолди. Натижада "Валенсия" ҳужумчи билан хайрлашиш бўсағасида турибди. 36 ёшли футболчига "Бока Хуниорс" қизиқиш билдирмоқда.
Жесси Лингард
Лингард ҳам эркин агент бўлиб, ўз жонажон клубидан кетади. Уни "Ноттингем" ўз бағрига чорлайди. Лондон клубида, ярим ҳимоячи энг кўп маош оладиган футболчига айланади. Лингард ўзига билдирилган ишончни оқлай олмади. Инглиз футболчиси лига кубогида 2 та гол ва 2 та ассист қайд этди. АПЛда эса кўриниш бермади. Бир йиллик битим якунига етди ва Лингард ҳозир яна эркин агентга айланган. У ўзига янги клуб қидирмоқда.
Хуан Мата
Мата "МЮ" билан шартномаси тугаши билан Туркияга йўл олди. У "Галатасарай" билан бир йиллик битим тузганди. Испаниялик ярим ҳимоячи мавсум давомида 3 марта асосий таркибда майдонга туширилди. Унинг жамоаси эса Туркия чемпионига айланди. 35 ёшли футболчи ҳозир яна эркин агент ва Манчестер шаҳрига қайтган. Янги жамоа топилавермаса, Мата ҳам футбол билан хайрлашиб юбориши мумкин.
Неманья Матич
Матич ўтган мавсумда "Рома" футболчисига айланганди. У эски устози Моуриньо билан яна бирлашди ва римликларга кўплаб ўйинларда ёрдам берди. Клуб мавсумни А серияда олтинчи, Европа лигасида эса иккинчи ўринда якунлади.
Поль Погба
Погба ҳам Матич каби Италияга йўл олди. У эски жамоаси "Ювентус"га келди. Ўтган ёзда жароҳат олгани сабабли, мавсумнинг катта қисми Погба учун шифохонада ўтди. 29 ёшли ярим ҳимоячи февраль ойида майдонга қайтди. Аммо ўйинларда жуда кам кўриниш берди. Погба 2022-23 йилги мавсумда жами 200 дақиқа майдонда ҳаракат қилган холос.
Андреас Перейра
Перейра бошқа шерикларидан фарқли равишда, Англияда қолди. У "Фулхэм" сафида янги даврини бошлади. Ўтган мавсумда ярим ҳимоячи АПЛнинг ўзида 4 та гол ва 6 та ассистга муаллифлик қилди. Бразилиялик футболчи узоқ вақтлик ижаралардан кейин яна АПЛда порламоқда ва буни кўриш ёқимли.
Тахит Чонг
2021-22 йилги мавсум Чонг учун "Бирмингем" клубида, ижара асосида кечди. Шундан кейин, ярим ҳимоячи ўтган ёзда бирмингемликларга сотилади. Бир мавсум давомида у 38 та баҳсда 4 та гол ва 5 та ассист қайд этди. Яқиндагина "МЮ" тарбияланувчисини АПЛ дебютанти бўлган "Лутон Таун" харид қилди.
Жеймс Гарнер
"МЮ" мухлислари Гарнерни "Эвертон"га сотилганидан хафа бўлишди. Талантли футболчи 9 миллион эвазига ливерпулликлар сафига йўл олганди. 22 ёшли ҳужумчи Шон Дайч жамоасига мослашиб олишга қийналди. Аммо мавсум охирроғида нималарга қодир эканини кўрсата бошлади. Унинг ривожланишини томоша қилишда давом этамиз.
ИСМАТОВ Ж.