"МЮ" ўзининг Эрик тен Хаг қўл-остидаги иккинчи мавсумолди даврини бошдан ўтказди. Бир йил давомида қилинган харидлар жамоани анча ўзгартирган эди. "Қизил иблислар" дарвоза соҳасида 12 йил ичида илк бор ўзгариш қилиб, Де Хеага жавоб берди ва унинг ўрнига Андре Онанани олиб келди. Жамоа ёз аввалида "Челси"дан Мейсон Маунти ҳам сотиб олганди. Ҳали ойна ёпилгунига қадар анча вақт бор. "МЮ" эса харидларни давом эттиради. Қуйида ҳозиргача қилинган трансферлар ўзини қанчалик оқлагани ҳақида сўз юритамиз.
Мейсон Маунт
Бонуслардан ташқари 55 миллион фунтга сотиб олинган футболчига дарров 7 рақам тақдим этилди. У жамоа билан АҚШдаги турда иштирок этганди. Осло шаҳридаги "Лидс Юнайтед"га қарши ўйинда Маунт яхши кўринди. Аммо Америкадаги "Реал" ва "Боруссия Дортмунд"га қарши баҳслар ҳақида бундай деб бўлмайди. Англия терма жамоаси аъзоси ўтган бир ой давомида тен Хаг томонидан ҳар-хил позицияларда фойдаланилди. Маунтнинг ўйинида пасайиш Кобби Мейнунинг жароҳати билан бирга содир бўлди ва бу ярим ҳимояда муаммолар келтириб чиқарди. Шунга қарамай, ҳали ҳаммаси олдинда. Умуман олганда, Маунт учун мавсумолди даври ёмон ўтмади. Эрик тен Хаг олдида ўзини кўрсатиш учун унда ҳали кўп имкониятлар бўлади.
Андре Онана
"МЮ" дарвозабон борасида тез ҳаракат қилиши керак эди ва шундай қилди. Жамоа "Интер"дан Андре Онанани олиб келди. Камерунлик футболчининг илк ўйинларидан сезилдики, у жамоага замонавий руҳ олиб кира олди. Де Хеа ва Онана ўртасидаги фарқ оёқ билан ўйнашда яққол сезилади. 27 ёшли дарвозабон майдонни яхши кўра олади ва жамоадошларини биринчи зарбаданоқ пас билан таъминлашни билади. У ҳужумни бошланиш фазасига ижобий таъсир ўтказа олиши билан ажралиб туради. Ҳали бирор нима дейишга жуда эрта. Аммо ҳозирдан маълумки, Онана "МЮ"га катта фойда олиб келишга қодир.
Жонни Эванс
Клуб мухлислари Эвансни олиб келинишидан ҳайратда қолди. Ҳимоячи "Лестер Сити"ни эркин агент сифатида тарк этган эди. Футболчи билан тузилган шартнома ўта қисқа ва фақатгина мавсумолди даврини ўз ичига оларди. 35 ёшли ҳимоячи янги жамоа қидириш асносида, эски клубида ўз спорт формасини сақлаб турди. Эванс 2015 йилда "Лестер"га сотилган эди. Ҳозирга қадар у "Лион", "Рексем" ва "Боруссия Дортмунд" билан ўйинларда иштирок этди. Айрим хабарларга кўра "МЮ" Эвансга бир йиллик бирим таклиф этиши мумкин. Негаки, Харри Магуайр келажаги номаълум бўлиб турибди. Орадан саккиз йил ўтиб, Жонни Эвансга сўнгги сўзини айтиш имконияти берилиши нақадар яхши...
ИСМАТОВ Ж.