Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Тижани Рейндерс: «Асосийси – ўзликни сақлаб қолиш»

Баҳо:
+ | -

«Милан» 19 июль куни Нидерландия Эредизиони вакили АЗ клубидан  ярим ҳимоячи Тижани Рейндерсни 20 миллион евро (бонус тўловларидан ташқари)га сотиб олганди.

24 ёшли футболчи билан тузилган шартнома 2028 йилнинг 30 июнигача мўлжалланди. Зволледа туғилган Тижани 2015 йилгача «Твенте» ёшлар академиясида таҳсил олган, мавсум-2016/2017 арафасида эса жонажон шаҳрига қайтиб, «ПЕК Зволле» сафига қўшилди. Кейинги йили АЗ (Алкмаар) билан шартнома тузган Рейндерс асосий жамоада кўриниш беришига қадар тўлиқ икки мавсум ўринбосарлар таркибида тажриба тўплади. Бу давр самарасиз кетмади, ҳар ҳолда, Тижани бош жамоа ихтиёрига ўтиши билан ўзини кўрсатишга тушди. Шу тариқа охирги 3 мавсум барча турнирлар ҳисобидан АЗ либосида 128 марта майдонга тушган иқтидор 13та гол ва 15та ассист расмийлаштирди. Мана, Рейндерс энди яна бир янги босқичга қадам қўйиш арафасида турибди. «Милан»да 14-рақамни танлаган иқтидор соҳиби La Gazzetta dello Sport нашрига берган интервьюсида умидларни оқлашга шайлигини таъкидлади. Бинобарин, «Сан Сиро»да унга Сандро Тонали ўриндоши сифатида қарашмоқда.

- Аввало, «Милан»дан олган илк таассуротларинг билан ўртоқлашсанг...

- Тўғриси, биринчи кунданоқ нақадар катта клубга келганимни теран англадим. Ҳайратим чексиз. Ҳа, АЗ клубига анча ўрганиб қолгандим, лекин тан олиш керак, «Милан» даражаси бошқа, барибир.

- Хўш, айнан нимаси ўта таъсирли?

- Мухлислар армияси. Ҳаттоки, машғулот ўйинларига ҳам эътибор катта ва буни кўриш жуда ёқимли. Болалигимда «Милан» ўйинларини мунтазам равишда ўзим ёки отам билан бирга телевизор орқали томоша қилардим. Демоқчиманки, бу клубнинг юксак мақомга эгалигини билардим, лекин ҳаммаси шу даражада эканлигини тасаввур қилмаганман, рости.

- «Россонерлар»га нисбатан бундай муҳаббат асоси борми? Дейлик, ҳаммасига бирор футболчи сабабчидир...

- Худди шундай. Клубга Нидерландия футболи тарихидаги энг яхшилардан бири Марко ван Бастен туфайли меҳрим тушган, шубҳасиз. Қисқаси, «Милан»да из қолдирган нидерландияликлар ҳақида сўрасангиз, биринчи навбатда, айнан шу футболчини тилга оламан.

- Мухлисларни Рейндерс бош мураббий Пиолининг янги чизмаси - 4-3-3 схемасида майдоннинг қайси нуқтасидан жой олиши масаласи қизиқтирмоқда. Кимдир сенга «режиста» ролини тахмин қилмоқда, бошқа биров «меццала»ни. Хўш, ким ҳақ?

- Ўзимга қолса, «8-рақам» позициясида ўйнашни маъқул кўраман, яъни «меццала» ролига мойилман. Чунончи, «бокс-ту-бокс» тоифасига мансуб ярим ҳимоячиман. Оддий айтганда, эффектли ҳимояланишни ҳам, ҳужумга фаол қўшилишни ҳам биламан. Моҳиятан майдонда ўйин қуриш ва ишга ижодий ёндашиш бошқача ҳузур бағишлайди.

- Демак, «меццала». Қизиқ, қайси томон қулайроқ: ўнгми ёки чап?

- Ўйлашимча, мен учун энг яхши вариант - чап тараф.

- Шундай қилиб, «Милан»да «режиста» роли Круничга қоляпти...

- Ҳа, менимча, бугунги кунда айнан Раде марказий ўйинчимиз ҳисобланади. Тўғри, бу қандай иш беришини мавсум старти кўрсатади, албатта.

- Нидерландиялик футболчи либосининг ортидаги 14-рақам аслида ҳужумкор ижрочини эслатади.

- Ҳа, Кройфф ҳурмати учун шу рақамни танладим. Аслида кўнглимга энг яқини - «6». Лекин «Милан»да бу рақам афсонавий Франко Барези номига «музлатилган». Шунинг учун бошқа рақам олишимга тўғри келди ва табиий равишда Кройфф ҳақида ўйлаб, «14»ни танладим.

- Итальян тили бўйича билиминг қандай?

- Бу ҳақда гапиришга ҳали эрта. Ҳа, аллақачон кундалик ибораларни ўрганиб олдим, масалан, саломлашиш, ҳол-аҳвол сўрашни... Кейинги қадам - Миланда уй топиш, чунки ҳали қаерда яшашни ҳал қилганим йўқ. Менимча, мавсум стартига қадар бу ишга ҳам улгураман ва чемпионатга хотиржам киришаман.

- Тижани Рейндерс 25 ёшида нималарни орзу қилмоқда?

- Биринчи навбатда, «Милан» билан ЧЛда ғалаба қозонишни! Албатта, скудетто ютишни ҳам.

- Хави қўнғироқ қилиб, сени «Барселона»га чорлагани ростми?

- Ҳа, лекин ўша паллада якуний қарор чиқаришга улгургандим. Монкада ва Пиоли билан илк учрашувдан ке­йиноқ оила даврасида барчасини ҳал қилдик: «Тамом, янги мавсумни «Милан»да бошлайман!» Хуллас, Хавининг алоқага чиққани ҳеч нарсага таъсир кўрсатгани йўқ.

- «Милан»да зиммангга Тонали ўрнини тўлдиришдек катта масъулият тушади. Гап жамоанинг кўплаб мухлислари ёқимтойига айланган ярим ҳимоячи ҳақида кетмоқда. Бу борада босим ҳис қилмаяпсанми?

- Мутлақо йўқ. Очиғи, ҳеч қачон босим остига тушмайман, чунки майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам ҳамиша ўзлигимни сақлаб қолишга уринаман.

- Фикрингча, янги мавсум скудетто учун курашда қайси клуб асосий фаворит?

- Италияда ҳар доим ажо­йиб клублар топилади. «Ювентус» ҳамон хавфли, яна юксалишдаги «Наполи» бор, «Интер»ни ҳам унутмаслик керак, албатта.

- Хўш, улардан қай бирини энг хавфли рақиб сифатида кўряпсан?

- «Наполи»ни.

- Тижани майдондан ташқарида қандай йигит?

- Вазмин, жуда хотиржам. Яна бироз дангасароқ ҳам. Машғулотлардан кейин жимгина ётишни хуш кўраман...

БЛИЦ

САВОЛ-ЖАВОБЛАР

- Бош кумиринг?

- Умуман олганда, Месси. Агар ўз позициям бў­йича сўралса, унда Иньеста.

- Биринчи рақамли спортчи?

- Болт.

- Энг севимли спорт тури, албатта, футболдан ташқари?

- Падель-теннис. 2-3 йилдан буён ўйнаяпман ва бу борада ҳам чакки эмасман.

- ЧЛнинг янги мавсумида сен ўйнашни истаган стадион?

- О, «Сантьяго Бернабеу»!

- Имконият бўлганида, тарихнинг қайси лаҳзасида бўлишни хоҳлардинг?

- 1988 йилги Нидерландия терма жамоаси Европа чемпионатида ғалаба қозонган вақтга тушиб қолишдан қайтмасдим, албатта.

- Ҳаётдаги бош мақсадинг?

- Оилам ортиқча ташвишларсиз, соғлом ва яхши яшашини таъминлаш!

 М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 15:01, 14.08.2023.
Ўқилди: 1085 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.