Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ноа Окафор: «Мағлубиятни жиним суймайди сира...»

Баҳо:
+ | -

Янги мавсум арафасида «Милан» таркиби кескин янгиланди.

Ҳарқалай, ортда қолган 2 ой мобайнида жамоа сафига нақ 8 нафар жаҳон даражасидаги футболчи қўшилди. Янги «россонерлар»дан бири - Швейцария терма жамоасининг 23 ёшли умидли ҳужумчиси Ноа Окафор. Охирги 3 мавсум Австриянинг «РБ Зальцбург» клубида муваффақиятли тўп сурган универсал ҳужумчи трансферига 14 миллион евро тўланди. Табиийки, Окафор «А» сериядаги дебют мавсумига катта ишонч билан қарамоқда. У La Gazzetta dello Sport нашрига берган интервьюсида буни алоҳида тилга олди.

- Ноа, мана, «Милан» сафига қўшилганингизга 2 ҳафтадан ошди. Умидлар оқланяптими?

- Ҳа, клубда ички муҳит фантастик даражада зўр. Умуман, жамоа ҳам ажойиб, мураббий билан дарҳол тил топишдик. Қисқаси, бағоят хурсандман ва келажакка кучли ишонч билан қараяпман.

- Скудетто ютишга тайёрмисиз?

- Албатта. Биласизми, ғалабани кўзламайдиган футболчи... Бу футболчи эмас. Бизда қудратли таркиб бор, шундай экан, дарҳол «А» серия ғолиби бўлишдан умидворман. Ҳозирги энергиямизни бутун мавсум давомида сақлаб қолсак, бас. Тўғри, футболда мағлубиятдан қочишнинг иложи йўқ, лекин улардан ҳам тегишли сабоқ олиш шарт. Айтишим керак, табиатим мағлубиятни кўтармайди, жиним ютқазишни суймайди асло.

- Кўплаб катта клублар эътиборига тушгандингиз. Жумладан, «Милан»нинг олдинги раҳбарлари - Мальдини ва Массара сизга жиддий қизиқишди. Якунда айнан шу вариантни танладингиз. 

- Чунки «Милан» охиригача ҳаракат қилди. Ўтган йили кузда ЧЛ доирасида «Милан»га қарши ўйнаганимиздан буён алоқада эдик. Ҳа, бошқа клублардан ҳам аниқ таклифлар олганим рост, лекин бунга қадар якуний тўхтамга келиб улгургандим. Нима учун «Милан»? Мухлислар, «Сан Сиро», ҳаммаси... Ўйлайманки, бу мен учун катта қадам.

- Онангиз швейцариялик, отангиз эса Нигериядан...

- Тўғриси, Нигерияга атиги 2 марта борганман. Боз устига, анча олдин. Отам 17 ёшида Германияга кўчиб келган, ке­йин Швейцарияга ўтган. Ундан кўп нарса ўргандим. Отам ҳамиша бахтиёр кўриниш, табассум улашиш, атрофга нур сочиш ва мақсад сари қаттиқ курашиш кераклигини уқтириб келади.

- Баданингизда «Ўз қаҳрамонинг бўл» ёзувли татуи­ровка бор. Бунинг маъноси нима?

- Ўйлайманки, ҳаётда мустақил инсонман, ҳар куни нима қилишни ўзим ҳал этаман. Оддий айтганда, ҳаёт йўлимни мустақил равишда аниқлашга одатланганман. Албатта, футболда ҳам максимал даражага чиқмоқчиман. Ке­йинги қадамни ташлаш ва янада яхши ўйнаш учун эса қаттиқ шуғулланишим зарурлигини теран тушунаман.

- Интернетда 15-16 ёшдаёқ мураббийга хос характерга эга бўлганингиз ҳақида ёзилган. Бу ҳали ҳам борми?

- Ҳа. Ёш футболчи учун муҳим жиҳат. Ахир майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам босим остида бўламиз. Бунда одамлар билан мулоқотга киришиш хислати зарар қилмайди.

- Бошқа татуировкалар ҳақида ҳам гапирсангиз - кимнингдир сурати, шер тасвири.

- Булар укаларим шарафига чизилган. Ҳар иккиси футболчи: бири Германия, иккинчиси Швейцарияда ўйнайди. Шунингдек, синглим ҳам бор. Укаларим учун намуна бўлишим керак, улар айнан менга ўхшашни хоҳлашади. Муҳими, ўртамиздаги ўзаро муносабатлар жуда яхши.

- Рафаэль Леау яна бир биродарингиз, шундайми?

- Ҳа, иккимиз эгизакларга ўхшаймиз - ажойиб дриблингга эгамиз, ёш ва қувноқмиз. Рафа билан илк марта Швейцария ва Португалия термалари ўртасидаги ўйиндан кейин гаплашгандим, кейин ЧЛда йўлларимиз кесишди, ЖЧда ҳам ўзаро рақиб бўлдик. Энди Леау билан катта ўйинларда елкама-елка тўп суриш онларини интиқ ҳолда кутяпман.

- Интервьюларингиздан бирида рақиблар ва томошабинлар ирқчилик кайфия­тида ҳақоратлашганидан нолигандингиз. Италияга кўчиб ўтишдан олдин бу ердаги ирқчилик масаласини баҳоладингизми?

- Йўқ.

- Музокара тафсилоти ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

- «Милан» 9 ой олдин алоқага чиққанди, охирги ҳафталар эса клуб вакиллари билан деярли ҳар куни гаплашдик. Улар яхши ҳолатда эканлигимни кўришди ва ҳаммаси тезда ҳал этилди. 

- «Милан»да 17-рақамни олдингиз, бунда қандайдир алоҳида жиҳати ҳам борми?

- Аслида «7»ни ёқтираман, дейлик, «Зальцбург»да 77-рақам остида ўйнадим. Бу ерда эса «7» Адлига тегишли экан, шунинг учун Рафанинг олдинги рақами - «17»ни олдим. Асосийси, бу ўзимга ёқди.

- Барча янги футболчилар «Милан» тарихи ҳақида гапиришади. Жамоа ҳақида сўз очилса, аввало, қайси футболчини эслайсиз?

- «Милан» - катта тарихга эга клуб, таркибида кўплаб юлдузлар ўйнашган. Клуб ҳозир ҳам кучли, ёш ва ғалабаларга ташна. Саволингизга келсак, биринчи навбатда Ронал­диньо, Кака ва Гуллитни эътироф этишим мумкин. Ҳали ёшман ва жамоага янги тарих битишда ёрдам беришни хоҳлайман.

- Ҳужумчи сифатидами ёки вингер?

- Моҳиятан чап ва ўнгда ҳам, марказда ҳам ўйнай оламан, нисбатан мослашувчанман. Аввало, янги мамлакат, янги тактика, янги жамоага мослашишим керак, бу жараённи «Зальцбург»да бошдан ўтказганман аллақачон. Шундай экан, муаммо йўқ, янги клубдошлар ва мураббийлар билан очиқ бўлишга ҳаракат қиламан.

- Меньян ва Калулу билан «Милан» дарвозасига урган голингиз ҳақида гаплашдингизми?

- Майк ўша вазиятда менга омад кулиб боққанини айтди. Лекин ҳақиқат шуки, Калулуни дриблинг эвазига ортда қолдирган ва хоҳлаганимни қилгандим. Муҳокамага ўрин йўқ. Қолаверса, гол ўз номи билан гол!

- Майк ўша вазиятда менга омад кулиб боққанини айтди. Лекин ҳақиқат шуки, Калулуни дриблинг эвазига ортда қолдирган ва хоҳлаганимни қилгандим. Муҳокамага ўрин йўқ. Қолаверса, гол ўз номи билан гол!

 М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 11:07, 21.08.2023.
Ўқилди: 1188 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.