Кириш Регистрация
05/11 00:45 Лацио 2-1 Кальяри
05/11 01:00 Сельта 1-0 Хетафе
05/11 01:00 Фулхэм 2-1 Брентфорд
05/11 13:00 Сентрэл Кост 2-2 Шангхай Шенхуа
05/11 15:00 Кавасаки Фронтале 3-1 Шангхай Порт
05/11 15:00 Виссел Кобе 2-0 Квангжу
05/11 17:00 Жоҳор Дорул Таъзим 3-0 Ульсан Хёндэ
05/11 19:00 Пахтакор 0-1 Ар-Райян
05/11 23:00 Ан-Наср (СА) - Ал-Айн

Ўзгаларга ўхшамайдиган ўзбилармон «Сосьедад»

Баҳо:
+1 | -

Охирги 10 йил ичида «Реал Сосьедад» илк бор ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритди.

Нуфузли турнирда тўп сурадиган жамоалар мухлислари одатда, клуб раҳбариятидан таркибни кучайтириш учун улкан сармоялар сарфлашларини кутадилар. Деярли барча жамоалар айнан шу йўлни танлашади, лекин бир жамоа бу тизимга қарши. У - «Реал Сосьедад».

Сўнгги мавсумда басклар клуби 2013/14 йиллар мавсумидан бери ЕЧЛда тўп суриш ҳуқуқига эга бўлдилар. Иманоль Алгуасиль шогирдлари «Атлетико»га нисбатан 2та камроқ ғалабага эришиб, мавсумни 4-ўринда якунладилар. Шундай ижобий финишдан кейин кўпчилик жамоаларда савияли ўйинчиларни харид қилиш истаги пайдо бўлади. Бироқ «оқ-ҳаворанглилар» ҳанузгача ўтган мавсумда олинган даромадлардан ҳеч бўлмаганда битта трансфер учун маблағ сарфламадилар. Янги мавсум тобора яқинлашмоқда, Сан-Себастьян тепаликларида сокинлик ҳукмрон.

Ортда қолган мавсумларнинг январь-март ойлари оралиғида басклар жамоаси ўйинларига путур етар, бунга футболчиларнинг жароҳат олишлари сабаб бўлар ва жамоа нуфузли турнирдан четда қоларди. Биринчи рақамли клуб турниридаги иштирок мавсум тиғизлигини янада кучайтириши жамоалардан таркибга янги кучларни жалб этиш вазифасини юклайди. Бироқ «оқ-ҳаворанглилар»да ўзгариш йўқ: сармоялар академияга сарфланмоқда, ёшлар жамоасидан бир нечта иқтидорлар жалб этилмоқда ва арзон баҳодаги ўйинчилар қидирилмоқда. Клубнинг стандарт иш услуби шу.

«Сосьедад» ярим ҳимоячилари Бенат Туррьентес ва Хон Андер Оласагасти асосий жамоага ўтишди. Янги мавсумда уларга кўпроқ ўйин амалиёти берилиши тахмин қилинмоқда. Ҳимоя марказида тўп сурадиган Хон Пачеко ҳам академия тарбияланувчиси. Энди у ҳам янги мавсумни фаолроқ ўтказса керак.

Сан-Себастьянликлар ёзда атиги битта трансферни амалга оширишди - Амари Траоре «Ренн»дан эркин агент мақомида ўтди. Тажрибали ҳимоячи ўнг қанотда академия тарбияланувчиси Андони Горосабель ва ўзи Сан-Себастьянда туғилганган, лекин «Реал» футболчиси Альваро Одриосола билан рақобат қилади.

Басклар «РБ Лейпциг»дан ижарага олинган ва муваффақиятга сезиларли ҳисса қўшган Александр Серлотни харид қилишни истамадилар. Ваҳоланки, норвегиялик ҳужумчи 32та ўйинда 12та гол урганди. Энди у «Вильярреал»га ўтиб кетди. Лекин бошқа томондан, Серлот 2 йил ичида қанча вазиятлардан фойдаланган бўлса, шунча хавфли вазиятларни йўққа чиқарди. Шу боис, басклар у учун 15 млн. евро сарфлашни истамадилар, лекин бошқа ҳужумчини ҳам харид қилишмади. Мавсум стартига эса саноқли кунлар қолди - 12, августда «Сосьедад» «Жирона»га қарши майдонга тушади.

Норвегиялик ҳужумчи ўрнини ким тўлдиради? Бу саволга «Сосьедад»да ҳар доимгидек, жавоб тайёр. Таркибда Умар Содиқ борлигини кўпчилик мухлислар унутишга ҳам улгуришди. Чунки нигериялик ҳужумчи аввалги мавсум бошида жароҳат олиб, майдонга тушмаётганди. Клуб уни ўтган йилнинг ёзида «Альмерия»дан харид қилган ва ҳозир ҳам унга катта умид боғламоқда. Содиқнинг сафга қайтиши таркибни анча кучайтириши аниқ.

«Сосьедад» «Барселона», «Бетис» ёки «Севилья»дан фарқли равишда, молиявий фейр-плей муаммоларидан йироқ. Ўтган йилнинг ёзида швециялик ҳужумчи Александер Исак «Ньюкасл» сафига ўтиш билан баскларга 70 млн. евро даромад келтирганди. Клуб бу маблағнинг 20 миллионини Содиқ учун сарфлади. Маблағнинг яна бир қисми Браис Мендес, Такефуси Кубо ва Муҳаммад-Али Чонинг трансферларида қўл келди ва бу футболчилар Альгуасиль жамоасида ўз ўринларини топиб олдилар. Қолгани ҳар доимгидек, академия равнақи харажатларига ажратилди. Уддабуро клублар фақат футбол билан чекланиб қолишмайди. Улар худди «Сосьедад» каби, ўз ўйинчилари учун қўшимча имкониятлар ҳам яратадилар. Масалан, басклар Микель Оярсабалнинг билим олишига кўмак беришди. Ҳозир уларнинг тарбияланувчиси олий маълумотли футболчи.

Чексиз глобаллашув жараёнида регионлар вакиллари ҳам ўз тараққиёт йўлларини топа олишаётгани ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Молиявий қудрати билан мақтана олмайдиган лигада ақл билан иш тутиш, оз имкониятдан имкон қадар самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Кўпчилик эътиборини ўзига жалб этмайдиган ва улкан харажатларни талаб этмайдиган камтарона скаутинг ва академиянинг ютуқларидан ўринли фойдаланиш - «Сосьедад» муваффақиятининг асосий манбаи. Клуб тўғри йўлдан бораётганлигини вақт кўрсатиб турибди.

Трансфер бозоридаги улкан харажатлар муваффақиятни кафолатлай олмайди. Бозордаги ўринли сарф-харажатлар ва асосий эътиборни соғлом модель равнақига, жумладан, академияга қаратиш молиявий барқарорликни таъминлашига «Сосьедад» тажрибаси мисол бўла олади. Энг муҳими, бундай муносабат футболни янада илҳомбахш спортга айлантиради.

 МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 12:01, 21.08.2023.
Ўқилди: 1555 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.