Европада трансфер ойнаси ёпилишига ҳам бир неча кунлар қолмоқда. Жамоалар ўзларининг сўнгги харидлари ва сотувларини амалга ошириш билан банд. Кечанинг энг муҳим трансфер янгиликлари дайжести билан танишинг.
"Манчестер Юнайтед" Онанага ўринбосар топди
Инсайдер Фабрицио Романонинг хабар беришича, “Фенербахче” дарвозабони Алтай Байиндир “Манчестер Юнайтед”га ўтишдан олдин тиббий кўрикдан ўтган. Дарвозабон Афинадан Истанбулга қайтди, энди у Англияга учиб кетади. "Фенербахче" Байиндир ўрнига хорватиялик Доминик Ливаковични таклиф қилмоқда. У ўз навбатида эртага, 23 август куни тиббий кўрикдан ўтади.
Роналду учун яна бир юлдузли шерик келди
"Ан-Наср" яна бир топ футболчи билан шартнома имзолаганини эълон қилди. Ярим ҳимоячи Отавио Саудия клубига "Порту"дан келган. Трансфер суммаси бонуслар билан бирга 60 миллион еврони ташкил этди. Томонлар 2026 йилнинг июнь ойи охиригача шартнома имзоладилар. Отавио “Порту”да етти йил ўйнади. Ўтган мавсумда у барча мусобақаларда 44 та ўйинда 7 та гол урди ва 9 та голли узатмани амалга оширди.
"Челси" яна бир футболчини қўйиб юборди
"Ньюкасл" расмий сайти хабарига кўра, Льюис Холл клуб сафига қўшилган. 18 ёшли футболчи 2024 йилнинг ёзига қадар ижарага олинган. "Ньюкасл" маълум шароитларда "Челси"дан Холлни тахминан 33 миллион евро + 8 миллион евро бонус + келажакдаги сотувнинг бир фоизи эвазига сотиб олиш ҳуқуқига эга. Льюис "Челси" тарбияланувчиси бўлиб, 2022 йилда жамоадаги дебютини ўтказган.
"Юве" афсонаси Бундеслигага кўчиб ўтиши мумкин
Фабрицио Романонинг сўзларига кўра, "Ювентус" ҳимоячиси Леонардо Бонуччи "Унион Берлин"га ўтиши мумкин. Томонлар ўртасида музокаралар олиб борилмоқда, 36 ёшли италиялик трансферга қарши эмас. Аввалроқ, "Ювентус" Бонуччини режаларига киритмагани ҳақида хабар берганди. Леонардо туринликлар сафида 502 та ўйин ўтказиб, ўз фаолиятининг 12 йилини клубга бағишлади. Эслатиб ўтамиз, “Унион” жорий мавсум Чемпионлар лигасида ўйнайди. Аввалроқ, берлинликлар А Сериядан "Интер"дан Робин Госенсни олиб, юқори даражадаги трансферни амалга оширган эди.
"Милан" Аргентинада янги ҳимоячи топди
Италия гиганти футболчиларни сотиб олишда давом этмоқда. Янги трансфер "Платенсе" ҳимоячиси Марко Пеллегрино бўлиб, унинг учун "Милан" 5,5 миллион евро тўлаган, Жанлука Ди Марцио. Аргентиналик футболчи клуб билан 2028 йилнинг ёзига қадар шартнома имзолаган ва 31-рақамни олган.
"Челси" Петровични қўлга киритди
Йўқ, бу кимнингдир отасининг исмига ҳазил эмас. Лондон клуби ҳақиқатан ҳам Петровични сотиб олади. Битта дарвозабон билан қолган "Челси" Американинг "Нью-Инглэнд Революшн" дарвозабони билан шартнома имзолади. Жорж Петровичнинг трансфери лондонликларга 16 миллион еврога тушади. Тиббий текширувлар бугун, 23 августга белгиланган. Қизиғи, ўтган мавсумда Петрович МЛСда йилнинг иккинчи дарвозабони сифатида тан олинганди. У Сербия терма жамоасида ҳам иккита ўйин ўтказган.
Моуриньо яна Лукаку билан ишлайдими?
"Рома" томонидан катта трансфер тайёрланмоқда. Tuttomercatoweb хабарига кўра, Рим клуби Ромелу Лукакуни ижарага олиш устида ишламоқда. Римликлар бош директори Лина Сулуку бугун, 22 август куни Лондонга етиб келди. У бельгиялик футболчи учун ижара бўйича музокаралар олиб боришни режалаштирмоқда. "Рома" тўлиқ харид қилишни хоҳламайди, чунки бюджет бунга йўл қўймайди. Бироқ, ижара римликларга жуда мос келади. Шу билан бирга, италияликлар форвардга маошнинг 100 фоизини тўлашга тайёр эмаслар.
“Бешиктош” афсонавий ҳимоячи билан келиша олмади
Серхио Рамоснинг Истанбулга сафари (ҳозирча) бекор қилинди. "Бешиктош" расмий сайти клуб испаниялик футболчи билан музокаралар олиб бораётгани, бироқ томонлар маош борасида келиша олмагани ҳақида хабар тарқатди. Олдинроқ “Бешиктош” вице-президенти Эмре Кожадаг 37 ёшли испаниялик футболчи йилига камида 10 миллион евро маош олмоқчи эканлигини таъкидлаган эди. Аммо Серхионинг Туркия чемпионатида бўлиш эҳтимоли ҳали ҳам мавжуд. "Галатасарой" ҳам Рамосга қизиқиш билдирмоқда.
“Мессининг тансоқчиси” Саудия Арабистонини рад этди...
Аргентина терма жамоаси ва “Атлетико” клуби ярим ҳимоячиси Родриго Де Пауль Мадридда қолмоқда. Фабрицио Романонинг сўзларига кўра, 29 ёшли футболчи Диего Симеоне билан суҳбатдан кейин "Ал-Аҳли"га ўтмасликка қарор қилган. Саудия клуби Де Пауль учун 32 миллион евро таклиф қилди. Лекин Мессининг энг яқин дўстларидан бири ҳеч қаерга кетмайди. Унинг мадридликлар билан шартномаси 2026 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.
... аммо Гринвуд у ерга кетиши мумкин
"Манчестер Юнайтед" Мэйсон Гринвуддан қутулишга қарор қилди. Клуб расмий баёнотида футболчи фаолиятини бошқа жойда давом эттириши маъқулроқ эканини таъкидлади. Сабаби зўрлашга уриниш гумонлари билан боғлиқ жанжал. The Sun нашрининг хабар беришича, эркин агент мақомига эга бўлган Гринвуд Саудия Арабистонига кўчиб ўтиши мумкин. “Ливерпуль” афсонаси Стивен Жеррард бош мураббийлигидаги “Ал-Иттифоқ” Мэйсонга йилига 10 миллион евро маош таклиф қилишга тайёр. Ҳужумчи Жеррард бошчилигида ва Жордан Хендерсон билан бирга ўйнашга рози бўладими?