Газетамизнинг аввалги сешанба сонларида Европа миллий чемпионатлари янги мавсуми старти баҳона АПЛ, Ла Лига ва «А» серия клублари бош мураббийлари ҳақида яхлит маълумот тақдим этгандик sports.ru сайтининг қулай тасвирлари ёрдамида. Бугун шу мавзу давоми ўлароқ, Лига 1 мураббийлари гуруҳига назар соламиз. Хўш, Франция чемпионати қайси бош мураббийлар билан эътиборга молик?
ЛИГА 1 (Франция)
Юлдузлар гуруҳи қандай?
«ПСЖ»да ҳамон бутунлай тартибсизлик ҳукмрон. Лионель Месси ва Серхио Рамос кетди, Неймар ҳам кетди, Килиан Мбаппе кетолмай, армонда. Кристоф Галтье эса ирқчилик масаласида муаммоларга ғарқ бўлди. Бунга Парижда кузатилган намойишларни қўшсак, «ПСЖ»нинг мавсум-2023/2024га тўлиқ тайёр эмаслиги ойдинлашади. Лекин ижобий янгиликлар ҳам бор - Луис Энрике бош мураббий ролида. Испаниялик мутахассис Франция чемпионатига нисбатан қизиқишни озми-кўп оширади, барибир. Қолаверса, Лоран Блан ва Пауло Фонсека бор, яна Патрик Виейра ҳам.
Янги шартномалар. Лига 1 янги мавсумга нақ 6 нафар янги мутахассис билан киришди. Бу жуда кўп, албатта. Луис Энрике «ПСЖ»да, Патрик Виейра «Страсбур»да, Марселино «Марсел»да. Марселино ва «Марсель - қаранг, қандай гўзал. Фақат битта савол бор - қанча вақтга? «Ницца» раҳбарияти эса Туркия қирғоқларидан келган 34 ёшли Франческо Фариолига ишонч билдирди. «Тулуза» Филипп Монтаньенинг собиқ ассистенти Карлес Мартинезни бош мураббий ролига муносиб кўрган бўлса, «Монако»да ўтган мавсум Менхенгладбах «Боруссия»сини бошқарган Ади Хюттер иш бошлади.
Кимларни алоҳида кузатиш керак? Пауло Фонсеканинг «Лилль» ва Лоран Бланнинг «Лион»даги фаолиятини кўриш қизиқарли, албатта. Ҳар иккиси «ПСЖ»нинг кучсизланганидан фойдаланиб, чемпионликка даъво очиши мумкин. Яна ёш Франческо Фариоли «Ницца»да нима қилишини алоҳида кўриш керак. Эҳтимол, яна бир сеҳрли лойиҳа юзага қалқиб чиқар... Луис Энрике эса янгиланаётган «ПСЖ»да мувозанатни топиш учун анча бош қотириши зарур. Умуман олганда, Лига 1 кенгликларида жорий мавсум кўришга арзийдиган ишлар етарли.
Ким биринчи бўлиб истеъфога чиқиши мумкин? Юм-шоқ айтганда, Патрик Виейра мураббийлик фаолияти учун яна бир марта мураккаб вариантни танлади. Ҳар ҳолда, «Страсбур»ни билиб бўлмайди ва бу клуб франциялик мутахассиснинг соҳадаги юришини батамом чеклаб қўйиши ҳеч гап эмас. Шунингдек, Карлес Матринезнинг «Тулуза»да оғир синов кутаётгани аниқ. Бу клуб еврокубокларда ҳам ўйнашини унутмаслик керак. Қисқаси, ички ва ташқи юриш ёш мураббийга ҳам, клубнинг ўзига ҳам қийинчилик туғдириши мумкин.
Яна нима? «Реймс» мураббийи Уилл Стилл атиги 30 ёшда. «Мец» аксинча, 70 ёшли Ласло Болони бошқарувида. Қаранг, иккисининг ёши ўртасида 40 йиллик фарқ бор. Шу маънода «Реймс» ва «Мец» қарама-қаршилигини томоша қилиш қизиқ. Умуман, Францияда нафақат кўчалар беқарор, балки мураббийлар курсиси ҳам мустаҳкам эмас. Дейлик, Лига 1да мураббийларга боғлиқ ишлаш давомийлиги бўйича ўртача кўрсаткич 1 йилдан ҳам паст.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади