Кеча (яна) ўз дарвозасига гол урган Ҳарри Магуайр ҳақида терма жамоа бош мураббийи Гарет Саутгэйт фикр билдирди ва бундай ҳолатлар футболчига бўлган ҳаддан ортиқ танқидлар ва ҳақоратлар сабаб бўлаётгани ҳақида айтди. Нафақат рақиб, балким ўз жамоаси мухлислари томонидан қилинаётган босим Магуайрнинг янги хатоларига сабаб бўлмоқда экан.
Қисман мураббий ҳақ бўлиши мумкин. Марказий ҳимоячи ёки дарвозабонларнинг иши оғирроқ. Пасайиш рўй берган ҳужумчи аста секин захирадан майдонга тушиб, фойдали ҳаракатлар қилади, голлар уради ва яна мухлисларнинг, мураббийнинг ишончини қозона олади. Ҳимоячида бундай имконият йўқ, у ўша унга берилган оз вақт ичида ўзини кўрсатиши эмас, муҳими, хато қилмаслиги керак. Хато қилмаслик учун ўйнаш ўзини кўрсатишга ҳам ҳалақит беради – бу ерда ҳимоячи доимий мағлуб – хато қилмасанг, хўп, хато қилсанг, яна эски чуқурга тушасан.
Аммо бу ҳолатнинг ечими Ҳарри Магуайрда бор эди-ку? Масалан, “Вест Ҳэм” унга шартнома таклиф қилди, “Юнайтед” билан келишди. Ўз фаолиятни тиклаш, қайтадан ишончга эга бўлиш учун ажойиб шароит – асосан қуйи блокда, яъни Магуайр балиқдек яйраган “Лестер” ва Сульшерга ўхшаб ҳимояда ўйнайдиган жамоа, мос Мойес, стандартлар, муҳими, Магуайр у ерда ўз тажрибаси билан ҳимоянинг етакчиси бўлиши мумкин эди. Нафрат ҳам пасаяди, кулги ҳам тинади, бир йил давомида Магуайр яна кўзга кўринган ҳимоячи ва терма жамоа ишончига айланиши мумкин.
“Манчестер Юнайтед”да тен Хаг учун Магуайр бешинчи ва балким олтинчи танлов. Мартинес, Варан, Линделоф, ҳатто Шоудан кейин. Бирданига тўртталаси жароҳат олиши бир марта бўлди, бошқа такрорланмаса керак, ким билади, Амрабатнинг трансферидан кейин бунақа форс-мажор учун мураббий ҳимояга Каземирони ҳам синаб кўрса ажаб эмас. Магуайр мабодо Лига кубогида қуйи лига вакили рақиб бўлиб қолмаса, қачон ўзини кўрсата олади? Кечаги воқеадан кейин, икки йил захира ўриндиғи учун Саутгейт уни терма жамоага яна чақирадими? Чақирса, яна ўша танқидлар авж олиб, босим ошиб кетмайдими?
Мана сизга футболчи учун икки хил шароит. Футбол нуқтаи назаридан ер билан осмон. Хўш, Магуайр қайси бирини танлади? Нима деб ўйлайсиз? “Юнайтед”да қолишни. Нега? Унинг “МЮ”да олаётган маоши билан “Вест Ҳэм” таклиф қилаётган маош ўртасида умумий 7 миллион фунт фарқ бор экан. Футболчи мана шу пулни “МЮ”дан талаб қилди. Албатта, “МЮ” ҳам қандайдир сумма, камроғини таклиф қилгандир ҳам. Бошқача сўз билан айтганда, Магуайр ўз футбол келажагини 7 миллиондан камроқ пулга сотди. Тасаввур қиляпсизми? Унинг жамоада қолиб машғулотларда ўзини кўрсатиб, асосий таркиб учун кураши ҳақидаги фикрлари бироз кулгили ва ишонарсиз. Тен Хагни яхши таниймиз-ку?
Саудияга кетгани яхшироқ эди бундан...
Қаҳрамон Асланов