Италия футболи деганда биз жангчилар жамоасини биламиз. Қачонки скуадро адзурра жаҳон ё Европа чемпиони бўлса, финалга чиқса, ҳатто плей-оффнинг қай бир босқичида қолиб кетса ҳам қий-чув қилиб, кипери марказда югуриб юрган, ҳимоячилар ҳужумга отилган, гол уриш учун миллат жангига чиққандек жон беришаётганини кўрганмиз. Ҳамиша.
Мундиалдан қолиб кетганида ҳам Буффоннинг йиғиси, дунё аҳлининг карахт ҳолати – бу бизни ўзига ўргатиб қўйган Италия термасининг асл юзи.
Скуадро адзурранинг асосий жиҳати – етакчилар ҳимоя қўрғони вакиллари бўлиши. Ҳисобни ушлаш санъати, эрталабгача 1:0ни сақлаш кайфи – бу биз таниган Италиянинг фишкаси ҳисобланади. Жаҳон чемпиони бўлганида финалда ҳамма ишни ҳимоячи қилади: гол уради, Зиданни чиқариб юборади ва “Олтин тўп”ни яна бири қўлга киритади. 2014да Суаресни тишлашга-да мажбур қилган ҳам ҳимоячи эди, эсингизда бор...
Ҳатто Манчини бошчилигида бошқачароқ футбол ўйнаган миллий жамоа ҳам ярим финал ва финалда барибир ҳимоя юлдузларига таянди: Испания билан пенальтилар серияси тепишдан олдин Альба орқали қизил фурияга ўтказилган таъсир ва охирги ҳал қилувчи паллада Сакани ушлаб қолиш, серияда бақириб дуолар ўқиш – Жоржо Кьеллини сиймосининг катта сурати!
Ҳа, бугун ана шу иқтидор 39га кирди. У термани тарк этган, айни пайтда “Лос Анжелес”да ўйнаяпти, яқинда Мессининг “Интер”ига қарши ўйнади, ютқазди. Мақтади Майамини. Хуллас, океанортидаги фаолияти биз учун муҳиммас бу ерда.
Айтмоқчи бўлганим – Кьеллини наздимда Италиянинг охирги магикани. Охирги динозаври. Скуадро адзуррани тахтга олиб чиққан чизиқ вакилларининг охиргиси. Балким яна туғилиб қолар шунақаси, лекин ҳозирги Италияда йўқ. Кўрмаяпман.
Италияни хоҳлаганча услубда ўйнатиб кўринг, замонавий футбол тенденциясига аралаштиринг, лекин бу юртни ғолиб қиладиганлар барибир жангчи ҳимоячилар бўлади. Уларнинг матонати эвазига ютади жамоа. Мураббий ва ҳужум чизиғи вакиллари бу катта фильмда эпизод ролида бўлишади.
Хуллас, Кьеллини орқали Италия термасининг суратини чизгандек бўлдим. Нақадар ҳашаматли ва қўрқинчли сурат. Ҳозиргисини эса, санъат асари демай турамиз. Келишдикми?!
Хайрулла Ҳамидов.