Супелигада юзага келган танаффусда "Нефтчи" навбатдаги ўртоқлик учрашувини "Истиқлол" марказий ўйингоҳида ташкил этди. Жамоанинг кечаги рақиби қўшни Қирғиз Республикаси Олий дивизиони чемпионатида карвонбошилик қилиб келаётган Ўш шаҳрининг "Алай" клуби бўлди.
Биринчи бўлимга тўхталадиган бўлсак, ҳар икки жамоа вакиллари бир қанча ҳужумларни ташкил этишган бўлсада, деярли хавфли вазият яратилмади ва танаффусга жамоалар нурсиз дуранг 0:0 ҳисобида чиқиб кетишди.
Асосий воқеалар ривожи иккинчи бўлимда содир этилди. Бачана Арабули ўрнига алмаштирилган Билолхон Тошмирзаев ўйинга жозиба киритди ва айнан унинг ажойиб узатмасидан сўнг меҳмонлар дарвозасини Гиорги Никабадзе чиройли тарзда ишғол этишга муваффақ бўлди 1:0. Бир неча дақиқа ўтгач навбатдаги комбинацион ҳужумда фарғоналикларнинг грузиялик легионери ҳисобни оширишга яқин эди. Аммо, унинг йўллаган зарбаси дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Бу вазиятда Гиоргига бироз омад етишмай қолди. Учрашув "йўлбарслар" устунлигида ўтаётган бир пайтда меҳмонларнинг кам сонли қарши ҳужумларидан бири гол билан якун топди. Бу вазиятда ўнг қанотдан жарима майдончаси ичига катта тезликда кириб келган Шоҳруҳ Муратов дарвозани аниқ нишонга олиб, ҳисобни тенглаштиришга эришди 1:1. Бу ҳисоб учрашув охирига қадар ўзгармади.
ХАЛҚАРО ЎРТОҚЛИК ЎЙИНИ
Фарғона ш. "Истиқлол" стадиони
"Нефтчи" (Фарғона) 1-1 "Алай" (Ош, Қирғиз Республикаси)
Голлар: Георгий Никабадзе 54 1:0, Шохрух Муратов 75 1:1.
Ҳакамлар: Олим Тўйчибоев,ШоҳруҳАъзамов, Азизбек Исоқов.