Эрлинг Холанд «Манчестер Сити»га ўтганидан бери Буюк Британиядаги ўзининг илк катта интервьюсини The Telegraph нашрига берди.
Унда «махлуқ» голни ҳис қилиш қобилияти, Пеп Гвардиола билан ишлаш, Англиядаги босим, отасининг таъсири ва бошқа кўплаб мавзуларда гапирди. Биз эса ушбу суҳбатнинг қизиқарли қисмларини эътиборингизга ҳавола қиламиз
- Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонганингиздан кейинги ҳис-туйғуларингиз ҳақида гапириб берсангиз.
- Ҳаётдаги энг катта орзуларимдан бири амалга ошди. Мен буни болалигимдан орзу қилардим ва энди бунга эришдим - ажойиб туйғу бор эди ўша лаҳзаларда. Мен жуда хурсанд бўлдим. Бош ҳакамнинг охирги ҳуштагидан 30 сония ўтганидаги энг яхши лаҳза. Умид қиламанки, ҳаётда худди шундай туйғуни яна бошдан кечираман.
- Холанд ҳар куни эрталаб ЕЧЛ мадҳияси остида уйғонишини ҳамма билади. Ҳозирчи?
- Мана, бугун эрталаб соат 8:15да ҳам янгради. Бу куй ҳали ҳам мени тўлқинлантиради.
- Энг машаққатли вазифа - требл ҳам забт этилди. Энди нима бўлади?
- Мен учун ҳамма нарса жуда аниқ. Эндиги энг катта орзу - бу треблни такрорлаш. Тасаввур қилиб кўринг-а! Бу жуда оддий. Мен гол урганимда ҳам шундай дейман: «Ҳа! Мен бу туйғуни яхши кўраман ва буни яна қилишни хоҳлайман». ЕЧЛ борасида ҳам худди шундай. Мен уни ютдим ва яна кубокни бошим узра кўтаришни жуда-жуда хоҳлардим. Ўз-ўзидан бу ғалаба қозонишга ундайди. Мен ҳар қачонгидан ҳам очман.
- Хет-триклардан кейин олган тўпларингиз ҳам кўпайиб қолди. Уларни нима қиласиз?
- Менимча, улар аллақачон 19тага етиб қолди. Уларни Норвегия, Англия ва Испаниядаги уйларимда сақлайман. Менда ажойиб бир тизим бор - битта йигит шиша стендлар ясайди. Хет-трикдан кейин ҳар бир тўпни олиб, эслаб қолиш учун унга сана ва шунга ўхшаш деталларни ёзаман.
- «Олтин тўп» ҳақида нима дейиш мумкин?
- Отам ҳар доим айтади: «Қандай кубок ёки шахсий соврин олишингдан қатъий назар, сен ҳар доим қилаётган ишингни қадрлайдиганларни ҳурмат қилишинг керак». Бу менинг бошимга тушди. Мукофотлар аллақачон мавжуд, демак, мен тўғри иш қиляпман. Менга ҳам костюм кийиб, саҳнада интервью бериш ёқади... «Олтин тўп» борасида ҳам шундай. Ёлғон гапирмайман, уни қўлга киритсам, жуда яхши бўларди. Аммо бу асосий мақсад эмас, муҳими - жамоанинг тараққиёти, совринлар қўлга киритиши, кейин эса бошқа нарсалар ҳақида ўйласак бўлаверади.
- Сиз гол урган ўйинлардан кўра, майдонни голсиз тарк этган учрашувларни кўпроқ гапиришади...
- Ҳа, одамлар мен гол урмаганимда, гол урганимдан кўра кўпроқ ҳайрон бўлишади! Норвегия оммавий ахборот воситалари, мен гол урмаганимда, «Гол урмади!» сарлавҳали мақолалар ёзишади. Бу яхши. Бундан умуман шикоят қилмайман, ахир гол уриш учун «Сити»га ўтдим!
- Босимга қандай муносабатда бўласиз?
- Босим жуда катта эди. Янги мамлакатга келдим, ҳамманинг кўзи менда эди, одамлар: «У биринчи йилда ўзини кўрсата оладими? Унга вақт керак» ва шунга ўхшаш нарсаларни гапирарди. Мен ҳам келиб, натижага эришиш мумкинлигини кўрсатдим - ҳа, айнан шундай қилдим. Босим жиддий эди, лекин бундай вазиятлар менга ёқади.
- Ундай бўлса, қачон ҳаммаси осонлашди?
- Премьер-лигада зафар қучганимизда. Чунки бутун мавсум давомида бизга «Арсенал» томонидан жиддий босим ўтказилди. «Сити» бундан олдин кетма-кет икки марта чемпион бўлган эди ва агар мен клубга келганимда жамоа унвонсиз қолса, у қуйидагича кўринарди: «Шуми ҳаммаси? Сен келгунингча биз ғалаба қозондик - энди эса сен билан чемпион бўлолмаяпмиз!» Шундай экан, АПЛда ғалаба қозониш жонимга оро бўлди.
- Гвардиола билан ишлаш қандай?
- Пеп билан ишлаш осон эмас - у жуда талабчан. Бу ерга кўчиб ўтгунимча у билан гаплашганимда, шундай деди: «Менга фарқи йўқ, хоҳлаган нарсангни қил. Аммо менинг машғулотларимда диққатли бўлишинг керак. Бундай бўлмаса, ураман!» У «Сити»га ўхшайди - жамоа ва клуб сифатида, шунинг учун улар жуда муваффақиятли. Сен ҳар куни бир соатлик машғулотларга жиддий эътибор қаратишинг керак, кейин дам олиш мумкин, футбол ҳақида ўйламаса ҳам бўлаверади. Сен ўйлаб, майдонда ривожланасан, қачонки унга эътибор қаратсанг, албатта. Пеп айнан шу нарсани талаб қилади.
- Гвардиола қўл остида ўсдим, деб ўйлайсизми?
- Ҳа, жуда кўп. Ўзимни янада тажрибали ҳис қиляпман. Ўтган мавсумда 53та ўйинда майдонга тушдим. Бу мавсумда қайси жиҳатларда яхшиланганимни кўрасиз. Ёки, эҳтимол, аллақачон кўргандирсиз.
- Отангиз Альфи АПЛда узоқ вақт ўйнаган. Сиз ҳам Лидсда туғилгансиз, аммо Англия терма жамоасида ўйнашни истамадингиз...
- Мен норвегияликман. Бу ҳақда ҳеч қачон ўйламаганман. Болалигимда унга қараб: «Оҳ, у АПЛда, мен у ерда ўйнашим керак. Бу ҳар доим хаёлимда эди. Норвегияда ҳар куни футбол ўйнардик, шунда ҳам мен «отамдан яхшироқ бўлишни хоҳлайман», деб ўйлардим. Ва ўз устимда ишлашни давом эттирдим. Бундай мотивацияни топиш яхши. Ота-ўғил ҳар куни гаплашамиз. У менинг отам, лекин қайсидир маънода акамдек. Биз мулоқот қиламиз, биз ҳақиқатан ҳам яхши муносабатдамиз. Биз яхши дўстмиз ва бу жуда муҳим. Агар футболдан воз кечмоқчи бўлсам, у қаршилик қилмасди. У гольф ўйнашни яхши кўради, шунинг учун балки гольфчи бўлардим!
- Гольфчими?
- Ёшлигимда гандбол, футбол, гольфни бирдек ўйнардим. Кейин онам билан енгил атлетикага бордим. Ва ҳаммасида яхши эдим. Акам билан узоқ вақт давомида турли хил спорт турлари билан шуғулландик ва тезда муваффақиятга ҳам эришдик. Иккаламиз ҳам узун бўйли, жисмоний ҳолатимиз спортнинг барча тури талабига жавоб беради. Гольф чиндан ҳам ўзимга ёқади, лекин отам босим ўтказмади ва мажбурламади.
МУҲАММАДХОН тайёрлади