Суперлига 23-туридан ўрин олган «Турон» – «Сўғдиёна» (1:0) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Ёрқин Назаров ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Бу ҳал қилувчи баҳс эди. Йигитларга «Сўғдиёна»дан 3 очко олмасак, қийин бўлишини таъкидлаган эдим. Йигитлар 90-95 фоиз кўрсатмаларимни бажаришди. Жиззахликлар сафида ҳар бир позицияда ёш, тажрибали, легионер футболчилар бор. «Қизилқум» – «Олимпик» баҳсида дуранг қайд этилди ва жадвалнинг қуйи қисмига интрига қайтди.
«Сўғдиёна»нинг ўйин услуби ўзгарган, аммо футболчиларнинг даражасини яхши биламан. 3-4 позицияда бошланғич таркибга қайси футболчини қўйиш борасида бош қотирган эдик, тўғри танлабмиз.
Таркибда йўқотишлар мавжуд. Ҳумоюн эртадан машғулотларга қўшилади. Шоҳмалик эса тикланмоқда. Ёш футболчиларимиз тажриба орттириб, ишончлироқ ҳаракат қилишмоқда. Жароҳатланганларнинг ўрнини У21 ва У19 жамоалари таркибидан тўлдиряпмиз. Масалан, бугун яйпанлик ёш иқтидор Миразизга имконият бердик. Улар бизни уялтириб қўйишмаяпти.
Навбатдаги турда ОКМК билан куч синашамиз. Олмалиқликларнинг ОЧЛдаги иштирокларини кузатиб келмоқдамиз. Аммо, улардан қўрқадиган жиҳатимиз йўқ, бўлмаса, Суперлигада иштирок этишнинг нима кераги бор. Рақиб ким бўлишидан қатъий назар ғалаба учун ўйнаймиз.
«Сўғдиёна» биз прессинг қилганимизда, бирор марта тўпни шунчаки тепиб юбормади. Балки, фақатгина узатмалар орқали вазиятдан чиқишга интилишди. Биз эса бундан фойдаланишга интилдик ва буни футболчиларга таъкидлаган эдим. Раҳимжон учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлишга лойиқ, аммо барча футболчилар бугун яхши ҳаракат қилишди”, – деди Назаров.