Жек Грилиш ўзининг "Манчестер Сити"даги дастлабки мавсумида барча мусобақаларда 31 ўйинда асосий таркибда тушди. 58 ўйиндан 31 та. 50 фоиздан сал ортиқроқ. Ҳа, Гвардиола ротацияни яхши кўради, лекин гап фақат унда эмас, 100 миллион еврога сотиб олинган футболчи ҳар қандай ҳолатда кўпроқ ўйнаши керак ва учтадан кўпроқ гол уриш керак, тўғрими?
Аммо бу ерда муҳим жиҳат шундаки, бу статистика на Грилишга, на Пепга, на жамоага босим юклади, “Сити” совринлар учун курашни, Грилиш янги шерикларига, янги талабларга мослашишда давом этаверди. Иккинчи мавсумда кўпроқ ўйнади, жамоага кўпроқ таъсир қила бошлади, ҳозир эса, учинчи йилга келиб, Пепнинг ишонган ижрочиларидан бири. Ҳозир Нуньез яхши пулга олиб келинди, аммо АПЛ да фақат бир ўйинда асосийда тушди холос. Ҳеч ким савол ҳам бермайди, то “Манчестер Сити” қаторасига ютқазишни бошламагунча. Филипс каби умуман йиллаб майдонга тушмаслиги мумкин, зарари йўқ, жамоа совринлар ютиб турса етарли.
Яхши трансферлар жамоани кучайтиради, бу ҳақиқат, аммо акси ҳам тўғри, жамоа қанчалик муваффақиятли бўлса, трансферларга бўлган муносабат, янги футболчиларнинг муҳитга мослашиши шунчалик осон кечади ҳам. Ҳеч ким бир футболчи учун қанча пул сарфлаганини ўйлаб ўтирмайди, ҳар бир янги трансфердан қутқарувчилик, қаҳрамонлик кутилмайди.
Айтайлик, Мейсон Маунт келганига 3 ой бўлди ва бунинг ярмини жароҳатда ўтказди. Аммо нафақат мухлислар, таниқли мутахассислар ҳам бу трансфернинг омадсиз чиққани, тушунарсиз экани ҳақида бонг урмоқдалар, аммо қизиқ, “Юнайтед”нинг қайси футболчиси яхши ўйнаяптики, Маунт бир ойдаёқ ўзининг фойдали эканини исботласин. Ҳатто ўтган йилнинг етакчи футболчилари Каземиро, Рэшфорд ёки Бруно, тасаввур қилинг, шу ёзда олиб келиниб, ҳозир кўрсатаётган ўйинини намойиш қилганида, трансфернинг хато бўлганини айтиб ўтирмасмидик? Кай Хаверц ҳақидаям саволлар кўп янгради, аммо “Арсенал” сал ўзига келиб, ўтган йилги ўйинига яқинлашди ҳамки, бу ҳақида камроқ гапирилмоқда.
Мэддисончи? Келиши билан зўр ўйнаб кетди-ку? Масала ҳам шунда, “Тоттенҳэм”нинг ўзи ҳам, бутун жамоа яхши ўйнаяпти. Агар Мэддисон ўз ўйини билан жамоани шундай ўйнашга асосий сабаб деб ҳисобласак ҳам, ҳар бир трансфердан шундай таъсир кута олмаймиз-ку, масалан.
Ечим шу. Бирор трансфер муваффақиятли чиқиш учун маълум футболчини танлаш, топиш, музокаралар ўтказиш ва харидни амалга ошириш етарли бўлмайди. Баъзида, келаётган футболчи кучайтириш мумкин бўлган таянч – шакллантирилган ўйин, муваффақиятли натижалар, ушбу футболчисиз ҳам яхши ишлаб турадиган тизим ҳам бўлиши керакки, янги футболчи энг мақбул паллада жамоага қўшилиб кета олсин.
Қаҳрамон Асланов.